Чиноз (асли чинас, чинос) – мўғуллар ҳукмронлиги даврида бўлган қабила.
Чин-мўғул тилида «бўри» демакдир; -«с» эса кўплик қўшимчаси бўлиб, бўри
чиносларнинг тотеми ҳисобланган. Ўзбекистонда, хусусан Бухоро воҳасида
Чандир деган қишлоқлар учрайди. Маҳаллий халқ қишлоқ номини «чодир»
(чайла), «чандир тери» деган сўз деб изоҳлайди. Аслида эса чандир туркман
уруғи бўлиб, ўзбеклар таркибида ҳам тилга олинган. Абу Ҳайён чандир сўзини
«дурагай, қурама» деб изоҳлаган.
Шу нарса диққатга сазоворки, кўпгина этнонимлар, чунончи, қалмоқ, арғин
«дурагай, қурама» деган маънони англатган. Аслини олганда бошқалар билан
аралашиб, чатишиб кетмаган биронта ҳам халқ ёки қабила йўқ - барча эллар,
уруғлар бир-бирлари билан аралашиб, қўшилиб кетган.
Ўтарчи – бир қанча рўйхатларда, чунончи Мулла Сайфиддин
Ахсикандийнинг «Мажмуат-таворих» асарида қайд қилинган уруғ. Ўтарчи
сўзи қадимий туркий тилда «вақтинча яшовчи» (кўчманчи) маъносини
англатган. Бу сўзнинг «Синчи», «От табиби» деган маънолари ҳам бор.
Қалмоқ – қалмоқлар кўчманчи ўзбеклардан олдин ҳам Моварауннаҳрда яшаган
ва туркийлашган мўғул қабилаларининг авлодлари бўлса керак. Муҳаммад
Солиҳнинг «Шайбонийнома»сида айтилишича, қалмоқлар Шайбонийхонга
қарши Бухоро ҳокими Боқитархон томонида туриб жанг қилганлар. Қалмоқ
сўзи туркий «қолмоқ» феълидан олинган, бу сўз ислом динини қабул қилмасдан
мажусийлар ҳолида қолган ўйротларни англатган, дейилган. В.П. Дарбакова
қалмоқ сўзи мўғулча «дурагай», «аралаш», «қурама» деган маънодаги халмиг
сўзидан келиб чиққанлигини аниқлади. Ҳақиқатан ҳам аслида ўйротлардан
ажралиб чиққан қалмоқ уруғи жуда кўп уруғ-қабилалар аралашмасидан иборат
бўлган.
Қарапчи уруғи баъзи бир рўйхатларда 92 бовли ўзбек уруғларидан бири
қаторида тилга олинган; Сурхондарё вилоятида қарапчи 16 уруққа бўлинади,
баъзан эса юз уруғининг катта бир бўлаги сифатида қайд қилинган. Баъзи
олимлар фикрича, қарапчи сўзи қаровчи нозир, назорат қилувчи деганидир,
чунки қарапчилардан бийлар, беклар, қўмондонлар кўп чиққан экан. Қадимий
тилшунос олим Абу Ҳайён ал-Андалусий қарапчи сўзи «қашшоқ», «камбағал»
деган маънони билдиради.
Қиёт Абулғози Баҳодирхон фикрича, мўғулча «тоғдан оққан сел» маъносидаги
қиён сўзининг кўплигидир. Бу фикрни В.В. Радлов ҳам исботлайди. Бундан
чиқадики, қиённи (қиёнли) уруғининг этимологияси ҳам ўша мўғулча қиён сўзи
билан маънодошдир.
Қовчин – ўзбек уруғларидан бири; баъзи бир фикрларга кўра қовчин, қутчи ёки
қушчи бир уруғдир. Академик В.В. Бартольд фикрича, қовчин сўзи дастлаб
уруғ ёки қабила номи бўлган эмас, балки «қўшин қўмондони» ёки «қўшин»
маъносини англатган. Қовчин сўзининг «хўжайин», «меҳмон» деган маънолари
ҳам бор. Қовчин жой номлари шаклида учрайди. Чунончи, Янгийўл шаҳрининг
олдинги номи Қовунчи ҳам аслида қовчин бўлган бўлса керак. Шунингдек,
Самарқанд туманида Қовчинон (Қовчинлар) номли қишлоқ ҳам бор.
Do'stlaringiz bilan baham: |