Биринчидан, улар тижорат ташкилотлари, яъни ўз фаолиятининг асосий мақсади сифатида иштирокчилар ўртасида тақсимланиши мумкин бўлган фойдани олишни кўзловчи шахслар бўлади.
Иккинчидан, улар иштирокчиларининг улушларига ёки таъсисчиларнинг акцияларига бўлинган устав фондига ёки устав капиталига эга бўлади.
Умуман олганда, ширкат ва жамият иштирокчилари хўжалик соҳасида ўз олдиларига қўйган ягона мақсадга эришиш учун мол-мулкларини қўшиб, биргаликда ҳаракат қиладилар. Лекин улар бир-бирларидан қисман фарқ ҳам қиладилар. Масалан, шериклик фақат натижага эришиш учун эмас, балки иштирокчиларнинг бир-бирларига яқин шахсий муносабатларига асосланади. Бунда иштирокчиларнинг ким эканлигига аҳамият берилади.
Жамиятда эса унинг иштирокчилари кимлардан иборат бўлиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга эмас, у биринчи навбатда мақсадга эришиш нуқтаи назаридан ташкил этилади. Хўжалик ширкатлари ва жамиятларнинг муассислари (иштирокчилари) фуқаролардан ва юридик шахслардан иборат бўлиши мумкин. Тадбиркорлик субъекти сифатида хўжалик ширкатлари ва жамиятлари ташкил этилаётганда шакллантирилган устав фонди, капитали ёки унинг балансидаги ўзига тегишли бўлган мол-мулкларига нисбатан хусусий мулк ҳуқуқига эга. Хўжалик ширкатининг ёки жамиятининг мулкига қўшиладиган ҳисса ҳар хил мулкдан, жумладан мулкий ҳуқуқдан ва шунинг билан бирга пул билан баҳоланиши мумкин бўлган бошқа ҳуқуқлардан иборат бўлиши мумкин. Ҳиссанинг асосий белгиси унинг пул билан баҳоланиши мумкинлигидадир. Масалан, муаллифнинг мулкий ҳуқуқи, ихтирога бўлган ҳуқуқ, ноу-хау, саноат намуналари, товар белгиси ва шунга ўхшашлар ҳам ширкат ёки жамият мулкига қўшилган ҳисса бўлиши мумкин.
Кредиторнинг шахси билан боғлиқ бўлмаган, мажбурият бўйича талаб қилиш ҳуқуқи ҳам ҳисса сифатида тан олиниши мумкин. Муассислар (иштирокчилар) томонидан қўшиладиган ҳиссани пул билан баҳолашда вужудга келган низони экспертлар хулосасига кўра суд томонидан белгиланган тартибда ҳал қилинади. Хўжалик ширкатининг ёки жамиятининг ҳар бир иштирокчиси унинг фаолиятини бошқаришда қатнашиш ҳуқуқига эга. Ширкат ва жамиятнинг қайси турдан иборат бўлишига қараб, унинг иштирокчилари ширкат ёки жамият фаолиятини бошқаришга оид қарорларни қабул қилишда ёки бошқарув ва текширув органларини тузишда қатнашишлари мумкин.
Коммандит ширкатнинг иштирокчиси унинг фаолиятини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқига эга эмас (ФКнинг 61- моддаси). Хўжалик ширкати ва жамияти иштирокчиларининг мажбуриятлари таъсис ҳужжатларида назарда тутилган тартибда, миқдорда, усулларда ва муддатларда ҳисса қўшишдан, махфий ахборотни ошкор қилмасликдан, ширкат ва жамиятнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятлардан иборат бўлиши мумкин. Ушбу ҳуқуқ ва мажбуриятлар барча шаклдаги жамият ва ширкат қатнашчиларига тааллуқлидир. Шунинг билан бирга ҳар бир шаклдаги ширкат ва жамият иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ўзларига хос хусусиятлари билан ифодаланади. Масалан, “тўлиқ ширкат” иштирокчилари ўз ўрталарида тузилган шартномага мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадилар. Улар ўз ширкат мажбуриятлари бўйича ўзларига қарашли бутун мол-мулк билан жавоб берадилар. Шахс фақат битта тўлиқ ширкатнинг иштирокчиси бўлиши мумкин (ФКнинг 60-моддаси).
Do'stlaringiz bilan baham: |