Оммавий мулк давлатга тегишли мулкдан иборат бўлиб,
у икки хил кўринишда, яъни
Ўзбекистон Республикаси мулки ва муниципал мулкдан ташкил топади.
Тадбиркорлик фаолияти умумий мулк, яъни бир неча фуқаролар ва юридик шахсларга тегишли бўлган мол-мулк асосида ҳам амалга оширилиши мумкин. Умумий мулк биргаликдаги ва улушли мулкдан иборат бўлиши мумкин.
Мулкий ҳуқуқ объектлари - Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ер, ер ости бойликлари, ички сувлар, ҳаво ҳавзаси, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, иморатлар ва иншоотлар, маҳсулотлар, турар жой ва квартиралар, маҳсулот белгилари, саноат намуналари, ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, интеграл микросхемаларнинг топологияси, селекция ютуқлари, маҳсулот белгилари ва хизмат кўрсатиш белгилари, асбоб-ускуналар, моддий ва маънавий маданият буюмлари, пуллар, қимматли қоғозлар ва бошқа мол-мулклар; инсоннинг меҳнат қилиш қобилияти.
Мулк ҳуқуқи эгалари ҳар бирининг, уларга тегишли бўлган умумий мол-мулкдаги улушлари (ҳиссалари) аниқ белгилаб қўйилган бўлса, бундай мулк улушли мол-мулк дейилади. Улушли мол-мулкда қонунга асосан ёки иштирокчиларнинг келишуви билан уларнинг улушлари аниқ белгилаб қўйилмаган бўлса, улушлар тенг деб ҳисобланади.
Умумий қоидага асосан биргаликдаги мулкка унинг эгалари биргалашиб эгалик қиладилар ва фойдаланадилар. Лекин улар ўзаро келишиб, бошқача тартиб ўрнатган бўлишлари ҳам мумкин. Бундай мулкни тасарруф қилишда унинг эгаларининг розилиги талаб қилинади.
Тадбиркорлик фаолияти ривожланишининг таъсири остида биргаликдаги мулк ҳуқуқи иштирокчиларининг ҳар бирига уларнинг барчасининг розилиги билан ушбу мол-мулк юзасидан битимлар тузиш ҳуқуқи берилади.
Тадбиркорлик фаолияти турли шаклдаги мулк ҳуқуқи асосида ва иштирокида амалга оширилиши мумкин. Агар тадбиркорлик умумий мулк асосида амалга оширилса, ҳар бир тадбиркорнинг тегишли улуши белгилаб қўйилади, шунга мувофиқ, тадбиркорликни амалга ошириш натижасида қўлга киритилган даромадлар ҳам улушларнинг миқдорига қараб, аъзолар ўртасида тақсимланади. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, жамоалар, уларнинг бирлашмалари, жамоат ташкилотлари ва диний ташкилотлар, фуқароларнинг оилавий ва ўзга бирлашмалари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш идоралари, халқ депутатларининг барча бўғиндаги Кенгашлари ҳамда улар ваколат берган давлат бошқаруви идоралари, бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар, бошқа давлатларнинг юридик шахслари ва фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар мулкий ҳуқуқ субъектларидир.
Бир неча юридик шахслар ва фуқаролар айнан битта мулкнинг субъектлари бўлиши мумкин. Фуқаролик кодексининг 217-моддасига мувофиқ, агар улушли мулк иштирокчиларининг улушлари қонун асосида белгиланиши мумкин бўлмаса ҳамда унинг барча иштирокчиларининг келишуви билан белгилаб қўйилган бўлмаса, улушлар тенг деб ҳисобланади. Тадбиркорликни амалга ошириш жараёнида улушлар ҳақида низо келиб чиққан тақдирда бундай низо умумий мулк-эгалари ҳар қайсисининг даъвоси бўйича суд томонидан ҳал қилинади.
Агар мерос олиш, реквизиция ёки мусодара қилиш натижасида ёки бошқа асосларга кўра, давлат билан фуқаронинг, ёхуд кооператив ва бошқа жамоат ташкилоти билан фуқаронинг умумий мулки ташкил бўлиб қолса, у ҳолда бундай умумий мулк пайдо бўлган кундан бошлаб бир йил ичида қонунда кўзда тутилган усулларни қўллаш йўли билан бекор қилиниши лозим эди. Эндиликда мол-мулкларни умумлаштириш асосида биргаликда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун кенг имконият яратилди.
Тадбиркорлик ажнабий фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг мол-мулкларини турли шаклларда жалб этиш асосида ҳам амалга оширилади. Мол-мулкдан фойдаланиш, уни тасарруф этиш, унинг асосида тадбиркорлик юритиш ҳақидаги Ўзбекистон фуқароларига тегишли қоидалар ажнабий фуқароларга ҳам тааллуқлидир. Ушбу ҳуқуқдан фойдаланиб, зарур сармояга эга бўлган ажнабий давлат фуқаролари ўзаро манфаатдорлик асосида қўшма корхоналар ёки фақат ўзларига тегишли бўлган корхоналарни имтиёзли равишда ташкил этишларига имкон берилади. Бунда уларнинг мол-мулклари ва мулкий ҳуқуқлари, манфаатлари қонун билан қўриқланади ва дахлсизлиги тўла кафолатланади. Хорижий фуқаролар республика ҳудудида тадбиркорлик натижасида орттирган мол-мулкни ўз хоҳишлари билан мерос қилиб қолдиришлари, хайр-эҳсон қилишлари ёки ўзларига тегишли даромадларни Ўзбекистондан эркин олиб кетишлари қонун билан кафолатланади. Тадбиркорлик Ўзбекистон юридик шахслари ва ажнабий юридик шахслар иштирокида, уларнинг мол-мулки асосида қўшма корхоналар, хўжалик жамиятлари ва ширкатлари тузиш йўли билан амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |