8.2.3. Ҳисобот давридан кейинги тузатишлар киритилишини талаб этмайдиган ҳодисалар.
Агар тузатишлар киритилишини талаб этмайдиган ҳисобот давридан кейинги ҳодисалар аҳамиятли бўлса, улар тўғрисида маълумотларни ошкор этмаслик фойдаланувчиларнинг молиявий ҳисоботлар асосида қабул қилинадиган иқтисодий қарорларига таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун ҳам, хўжалик субъекти тузатишлар киритилишини талаб этмайдиган ҳисобот давридан кейинги ҳодисаларнинг ҳар бир аҳамиятли тоифаси бўйича қуйидагиларни ошкор этиши керак:
- ҳодисанинг табиати;
- унинг молиявий таъсирини таҳминан баҳолаш , ёки бундай таҳминий баҳолашнинг имкони йўқлигини таъкидлаш.
Қуйида ошкор этилиши керак бўлган маълумотлар тақдим этилишига сабаб бўлувчи тузатишлар киритилиши талаб этилмайдиган ҳисобот давридан кейинги ҳодисаларга мисоллар келтирилган:
- Ҳисобот давридан кейин амалга ошган йирик бизнес бирлашуви (МҲХС 3 “Бизнес Бирлашувлари” бундай ҳолатларда муайян маълумотлар ошкор этилишини талаб этади) ёки йирик шўъба хўжалик субъектининг чиқиб кетиши;
- фаолиятни тўхтатиш режасини эълон қилиш;
- активларни катта суммада сотиб олиш, МҲХС 5 “Сотиш учун мўлжалланган узоқ муддатли активлар ва тўхтатилган фаолият” га мувофиқ сотиш учун мўлжалланган активларнинг таснифланиши, активларнинг бошқача йўллар билан чиқиб кетиши ёки давлат томонидан йирик активларнинг мусодара қилиниши;
- ҳисобот давридан кейин йирик ишлаб чиқариш заводининг ёнғин натижасида вайрон бўлиши;
- йирик реструктуризация режасини эълон қилиш ёки уни амалга оширишни бошлаш (БҲХС 37);
- Ҳисобот давридан кейин оддий ва потенциал оддий акциялар билан амалага оширилган йирик операциялар (БҲХС 33 «Битта акцияга тўғри келадиган фойда» хўжалик субъектидан бундай операцияларнинг тавсифини ошкор этишни талаб этади, лекин бундай операцияларга БҲХС 33 га мувофиқ тузатишлар киритилиши керак бўлган капитализация ёки акцияларни имтиёзли шартларда чиқариш, акциялар бўлиниши ёки акцияларни яхлитлашни ўз ичига оладиган операциялар киритилмайди);
- ҳисобот давридан кейин активлар нархлари ёки валюта айрибошлаш курсларидаги ғайриоддий даражада катта ўзгаришлар;
- жорий ва муддати кечиктирилган солиқ активлари ва мажбуриятларига катта таъсир қиладиган, ҳисобот давридан кейин солиқ ставкаси ёки амалдаги солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар (БҲХС 12 «Даромад солиқлари»);
- Катта мажбуриятлар ёки шартли мажбуриятларни олиш, масалан, катта суммадаги кафолат хатларини чиқариш орқали; ва
- Фақат ҳисобот давридан кейинги ҳодисалардан келиб чиққан йирик суд жараёнининг бошланиши.