4.1.4. Захираларни харакатини ҳисобга олиш
Товар-моддий захиралар сотилганида, ушбу захираларнинг баланс қиймати харажат сифатида, улар билан боғлиқ бўлган даромад тан олинадиган даврда, тан олиниши лозим. Ҳар қандай товар-моддий захирани соф сотиш қийматигача камайтириш суммаси ва захиралар бўйича йўқотишлар ушбу камайтириш ёки йўқотиш рўй берган даврда харажат сифатида тан олиниши лозим. Соф сотиш қийматининг ошиши натижасида келиб чиқадиган товар-моддий захираларини камайтиришнинг ҳар қандай қайта тикланиши суммаси, харажат бўлиб тан олинган ТМЗлар суммасининг камайиши сифатида бундай қайта тиклаш рўй берган даврда тан олиниши лозим.
Баъзи товар-моддий захираларнинг қиймати бошқа активлар ҳисобварақларига олиб борилиши мумкин, масалан, ўз кучи билан қурилган асосий воситанинг таркибий қисми сифатида. Бундай усул билан бошқа активларга киритилган товар-моддий захиранинг қиймати, ушбу активдан фойдаланиш муддати давомида харажат сифатида тан олинади.
Молиявий ҳисоботларда қуйидагилар очиб берилиши лозим:
- товар-моддий захираларни баҳолаш учун қабул қилинган ҳисоб сиёсатлари, жумладан, қўлланилган таннархни аниқлаш формуласи;
- товар-моддий захираларнинг жами баланс қиймати ва тадбиркорлик субъекти учун ўринли таснифланган ТМЗлар туркумларининг баланс қиймати;
- сотиш харажатлари чегирилгандаги ҳаққоний қийматда ҳисобга олинган ТМЗларнинг баланс қиймати;
- ҳисобот даври давомида харажат сифатида тан олинган товар-моддий захиралар суммаси;
- ҳисобот даврида харажат сифатида тан олинган товар-моддий захиралар қийматини ҳар қандай камайтириш суммаси;
- ҳисобот даврида харажат бўлиб тан олинган ТМЗлар суммасининг камайиши сифатида тан олинган камайтирилишнинг ҳар қандай қайта тикланиш суммаси;
- товар-моддий захиралар камайтирилишининг қайта тикланишига олиб келган шарт-шароитлар ва ҳодисалар; ва
- мажбуриятлар бўйича кафиллик сифатидаги товар-моддий захираларнинг баланс қиймати.
Товар-моддий захираларнинг таснифланган ҳар хил туркумларининг баланс қийматлари ва ушбу активлардаги ўзгаришлар кўлами тўғрисидаги маълумотлар молиявий ҳисоботлардан фойдаланувчилар учун фойдалидир. Товар-моддий захираларнинг одатдаги туркумларига товарлар, хом ашё, материаллар, тугалланмаган ишлаб чиқариш ва тайёр маҳсулотлар киради. Хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг товар-моддий захиралари тугалланмаган иш сифатида таърифланиши мумкин.
Давр мобайнида харажат сифатида тан олинган товар-моддий захираларнинг суммаси, у кўп ҳолларда сотиш таннархи деб юритилади, ҳозирги пайтда сотилган ТМЗнинг баҳоланишига олдин киритилган харажатлардан, тақсимланмаган ишлаб чиқариш устама харажатларидан ва товар-моддий захираларнинг ишлаб чиқариш харажатларининг меъёридан ортиқ суммаси каби харажатлардан ташкил топади. Тадбиркорлик субъектининг шарт-шароитлари, маҳсулотни тарқатиш бўйича харажатлар каби бошқа суммаларни ҳам қўшишни тақозо этиши мумкин.
Айрим тадбиркорлик субъектлари ТМЗларнинг давр давомида харажат сифатида тан олинадиган таннархидан ташқари суммалар очиб берилишига олиб келадиган фойда ёки зарарни акс эттириш шаклини қабул қиладилар. Ушбу шакл бўйича, тадбиркорлик субъекти харажатларнинг хусусиятига асосланган таснифдан фойдаланган ҳолда, харажатлар таҳлилини тақдим этади. Бундай ҳолларда тадбиркорлик субъекти харажат сифатида тан олинган хом ашё ва материаллар, меҳнат ҳақи ва бошқа харажатларни ва шу билан биргаликда давр мобайнида товар-моддий захираларнинг соф ўзгариши суммасини очиб беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |