Тадбиркорлик субъекти молиявий ҳисоботларни эълон қилиш учун тасдиқлаш санасини ҳамда бу ким томонидан тасдиқланганлиги ҳақидаги маълумотни очиб бериши керак.Агар тадбиркорлик субъектининг мулкдорлари ёки бошқа томонлар молиявий ҳисоботлар эълон қилинганидан кейин уларга ўзгартиришлар киритиш ваколатларига эга бўлса, тадбиркорлик субъекти бу фактни очиб бериши керак.
Молиявий ҳисоботларнинг эълон қилиниши қачон тасдиқланганлигини билиш фойдаланувчилар учун муҳимдир, чунки молиявий ҳисоботлар бу санадан кейинги ҳодисаларни акс эттирмайди.
Ҳисобот даври охиридаги шарт-шароитлар тўғрисида очиб бериладиган маълумотларни янгилаш
Агар тадбиркорлик субъекти ҳисобот даври тугаганидан кейин ҳисобот даври охирида мавжуд бўлган шарт-шароитлар тўғрисидаги маълумотни қўлга киритса, у ушбу шарт-шароитларга тегишли очиб берилган маълумотларни янги маълумотга таянган ҳолда ўзгартириши керак.
Баъзи ҳолларда, тадбиркорлик субъекти ҳисобот даври тугаганидан кейин қўлга киритилган янги маълумотни акс эттириш учун, янги маълумот молиявий ҳисоботларда тан олинган суммаларга таъсир қилмаса ҳам, молиявий ҳисоботларда очиб берилган маълумотларни янгилаши керак бўлади. Очиб берилган маълумотларни янгилашга бир мисол сифатида ҳисобот даврининг охирида мавжуд бўлган шартли мажбурият юзасидан ҳисобот даври тугаганидан кейин қўлга киритилган маълумотни келтириш мумкин. БҲХС 37га мувофиқ, янги маълумот асосида резевр тан олиниши ёки ўзгартирилиши кераклигини кўриб чиқиш билан биргаликда тадбиркорлик субъекти шартли мажбурият тўғрисидаги очиб бериладиган маълумотларни ҳам янги далил асосида ўзгартириши керак бўлади.
Ҳисобот давридан кейинги, тузатишлар киритилишини талаб этмайдиган ҳодисалар
Агар ҳисобот давридан кейинги, тузатишлар киритилишини талаб этмайдиган ҳодисалар муҳим бўлса, улар тўғрисида маълумотларни очиб бермаслик фойдаланувчиларнинг молиявий ҳисоботлар асосида қабул қилинадиган иқтисодий қарорларига таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун ҳам, тадбиркорлик субъекти ҳисобот давридан кейинги, тузатишлар киритилишини талаб этмайдиган ҳодисаларнинг ҳар бир муҳим тоифаси бўйича қуйидагиларни очиб бериши керак:
- ҳодисанинг табиати;
- унинг молиявий таъсирини таҳминан баҳолаш , ёки бундай таҳминий баҳолашнинг имкони йўқлигини таъкидлаш.
Қуйидагилар очиб берилиши керак бўлган маълумотлар тақдим этилишига сабаб бўлувчи ҳисобот давридан кейинги, тузатишлар киритилишини талаб этмайдиган ҳодисаларга мисоллардир:
- ҳисобот давридан кейин амалга оширилган йирик бизнес бирлашуви (МҲХС 3 “Бизнес бирлашувлари” бундай ҳолатларда муайян маълумотлар очиб берилишини талаб этади) ёки йирик шуъба тадбиркорлик субъектининг чиқиб кетиши;
- фаолиятни давом эттирмаслик режасини эълон қилиш;
- катта суммадаги активларни сотиб олиш, МҲХС 5 “Сотиш учун мўлжалланган узоқ муддатли активлар ва давом эттирилмайдиган фаолият”га мувофиқ сотиш учун мўлжалланган активларнинг таснифланиши, активларнинг бошқача йўллар билан чиқиб кетиши ёки давлат томонидан йирик активларнинг мусодара қилиниши;
- ҳисобот давридан кейин йирик ишлаб чиқариш заводининг ёнғин натижасида вайрон бўлиши;
- йирик реструктуризация режасини эълон қилиш ёки уни амалга оширишни бошлаш (БҲХС 37);
- оддий ва потенциал оддий акциялар билан ҳисобот давридан кейин амалга оширилган йирик операциялар (БҲХС 33 «Битта акцияга тўғри келадиган фойда» тадбиркорлик субъектидан бундай операцияларнинг тавсифини очиб беришни талаб этади, лекин бундай операцияларга БҲХС 33 га мувофиқ тузатишлар киритилиши керак бўлган капитализация ёки акцияларни имтиёзли шартларда чиқариш, акциялар бўлиниши ёки акцияларни яхлитлашни ўз ичига оладиган операциялар киритилмайди);
-ҳисобот давридан кейин активлар нархлари ёки валюта айрибошлаш курсларидаги ғайриоддий даражадаги катта ўзгаришлар;
-жорий ва муддати узайтирилган солиқ активлари ва мажбуриятларига катта таъсир қиладиган, ҳисобот давридан кейин солиқ ставкаси ёки амалдаги солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар (БҲХС 12 «Фойда солиқлари»).
-катта мажбуриятлар ёки шартли мажбуриятларни олиш, масалан, катта суммадаги кафолат хатларини чиқариш орқали; ва
-фақат ҳисобот давридан кейинги ҳодисалардан келиб чиққан йирик суд жараёнининг бошланиши.