Диатом сувўтлар - Diatomeae. Диотом сувўтларини 5 мингга яқин тури мавжуд. Улар бир хужайрали ва колония бўлиб яшайдиган организмларидир. Буларни хужайрасини шакли жуда хилма - хил: юмалок, таёқчасимон, учбурчак ва хакозо бўлади. Диатом сувўтлар синфининг энг характерли белгиси хужайраси пўстининг тузилишидир. Хужайра пўсти пектиндан тузилган бўлиб, ташқи томонидан яхлит кремний панцир (қалқон) билан ўралган. Панцир бир- бирига тенг бўлмаган иккита палладан иборат. Паллалар шундай жойлашганки, қутича қопқоғи сингари бири иккинчисини ўраб туради. Кўпгина хужайраларнинг ҳар бир палласида тирқишсимон тешикчалар бўлиб, улар орқали протоплазма ташқи муҳит билан боғланади. Кремнезем (қумтупроқ) шимиб олган паллалар жуда пишиқ, қаттиқ ва кўпинча чиройли гулли бўлади.
Диатом сувўтларининг хужайраси ҳаракатчан бўлади, улар секин судралиб ёки тиркишсимон тешикчалардан чиқарган шилимшиқ иплар итариши натижасида жуда тез ҳаракат қилади. Буларни хужайралари оддий бўлиниш йўли билан, жинсий ва жинсиз усулларда кўпаяди.
Диатом сувўтлар денгиз ва чучук сувларда яшаб, ҳайвонларга озиқа бўлади ва планктон ҳамда бентос жумласига киради. Денгизларда диатомларнинг протопласти нобуд бўлгандан кейин пўсти денгиз тубига тўпланади ва бир неча миллион йиллар давомида улардан алоҳида тоғ жинси - диатомит ёки кремний уни ҳосил бўлади. Диатомит говак, енгил бўлганлигидан ундан иссиқ ўтказмайдиган материаллар, ғовак ғишт тайёрлашда, турли металларни шлифовка қилишда ва портловчи модда - динамит тайёрлашда фойдаланилади. Буларни вакили сифатида пиннулярияни кўрсатиш мумкин. Пиннулярия кўпинча чучуқ сув хавзаларида, кўл, дарё, сой ва ховуз сувлари тубида ўсади.
Яшил - сувўтлар - Chlorophyta. Яшил сувўтлар синфига 5500 дан ортиқ тур киради. Булар бир хужайрали, колония ҳолдаги ва кўп хужайрали организмлардир. Яшил сувўтларнинг хромоторофларида фақат хлорофилл бўлиб, бошқа пигментлар билан ниқобланмагани учун яшил рангда кўринади.
Яшил сувўтларнинг энг содда вакиллари, яъни бир хужайралиларнинг кўпинча иккита хивчини бўлиб, улар мустакил ҳаракатлана олади. Бу хол яшил сувўтлар энг содда ҳайвонлардан хивчинлиларга яқин эканлигини кўрсатади. Яшил сувўтлар вегетатив, спора ҳосил қилиш ва жинсий йўл билан кўпаяди. Яшил сувўтлар асосан чучуқ сув хавзаларида тарқалган бўлиб, сув остида “балчиқ” (тина) ҳосил қилади. Баъзи вакиллари денгизларда, жуда кам вакиллари қуруқликда яшайди. Бир хужайрали вакиллари планктон организмлар ҳисобланади. Улар кўпинча тез кўпайиб, оқмас сувларни кўкартириб юборади. Кўп хужайрали вакиллари сув хавзалари тубига ўрнашиб олиб ўсади. Булар сув ҳайвонлари учун озиқ бўлади, “денгиз салатини” одамлар истеъмол қилади.
Яшил сувўтлар синфи, одатда, учта кенжа синфга: тенг хивчинлилар ёки асл яшил сувўтлар, маташувчилар ёки конъюгатлар ва харалар ёки нурлиларга бўлинади. Баъзи олимлар хараларни мустакил синф деб ҳисоблайдилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |