Сунъий интеллектни келажакда қўллаш соҳасидаги режалар: қишлоқ хўжалигида компьютерлар экинларни зараркунандалардан ҳимоя қилиши, дарахтларни кесиш ва танлаш хусусиятига асосланиб парваришлашни таъминлаши керак. Тоғ саноатида компьютерлар инсонлар учун ўта хавфли бўлган шароитларда ишлаши керак. Ишлаб чиқариш соҳасида ҲМ лари йиғиш ва техник назоратнинг турли хил масалаларини бажариши керак. Ташкилотларда ҲМ лари жамоа ва алоҳида ходимлар учун жадвал тузиш, янгиликлар ҳақида қисқача маълумот бериш билан шуғулланиши керак. Ўқув юртларида ҲМ лари талабалар ечадиган масалаларни кўриш, ундаги хатоларни излаш ва уларни бартараф қилиш масаларини ҳал қилиши керак. Улар талабаларни ҳисоблаш тизимларининг хотирасида сақланадиган супердарсликлар билан таъминлашлари керак. Касалхоналарда ҲМ лари беъморларга ташхис қўйиш, уларни керакли бўлимга юбориш ва даволаш давомида уларни назорат қилишлари керак. Уй ишларида ҲМлари овқат тайёрлаш, махсулот харид қилиш бўйича маслаҳатлар бериш, уйнинг ва боғдаги газонларнинг ҳолатини назорат қилиши керак. Албатта айни вақтда буларнинг ҳеч қайсисини амалга ошириш имкони йўқ, лекин СИсоҳасидаги тадқиқотлар уларни амалга ошириш имконини бериши мумкин.
3. Сунъий интеллект соҳасидаги ишлар ривожланишининг қисқача тарихий шархи. СИ соҳасидаги тадқиқотларнинг бошланишини (50 йиллар охири) Ньюэлл, Сайман ва Шоуларнинг турли хил масалаларни ечиш жараёнларини тадқиқ қилиш ишлари билан боғлашади. Улар ишининг натижаси мулоҳазалар ҳисобидаги теоремаларни исботлашга мўлжалланган «МАНТИҚЧИ-НАЗАРИЁТЧИ» ва «УМУМИЙ МАСАЛА ЕЧУВЧИ» дастурлари бўлди. Бу ишлар СИсоҳасидаги тадқиқотларнинг биринчи босқичини бошлаб берди. Бу тадқиқотлар масалаларни ечишда турли хил эвристик усулларни қўллашга асосланган дастурларни ишлаб чиқиш билан боғлиқ бўлган.
Эвристик усул бу ҳолда инсоннинг фикрлашига умуман хос бўлган, яъни масалани ечиш йўлини уни кейинчалик текширишга ўхшаш ҳолда қаралган. ЭҲМларда қўлланилган алгоритмик усул унга қарши қўйилган бўлиб, бу усул детерминистик тарзда натижага олиб келувчи берилган қадамларнинг механик тарзда бажарилишини амалга оширган. Эвристик усулларнинг алоҳида инсон фаолияти каби талқин этилиши СИ терминининг пайдо бўлиши ва тарқалишига сабаб бўлди. Шундай қилиб ўзларининг дастурларини тавсифлашда Ньюэлл ва Сайман далил сифатида шуни таъкидлашдики, уларнинг дастурлари инсон фикрлашини (тафаккурини) моделлаштирар экан. 70 йиллар бошида улар бунга ўхшаш кўплаб маълумотларни чоп этишди ва фикрлашни (тафаккурни) моделлаштирадиган дастур тузишнинг умумий методикасини таклиф этишди. Ньюэлл ва Сайманнинг ишлари кўпчиликни жалб қилган бир пайтда Массачусетс технология институти, Стенфорд университети ва Стенфорд тадқиқотлар институтида СИ соҳасидаги тадқиқотчилар гуруҳи шаклланди. Ньюэлл ва Сайманнинг олдинги ишларига қарши равишда бу тадқиқотлар формал математик тушунчаларга тегишли эди. Бу тадқиқотларда масалани ечиш йўли математик ва белгилар мантиқи асосида ривожланди. Инсон тафаккурини моделлаштиришга иккинчи даражадаги каби аҳамият берилди.
СИ соҳасини тадқиқ этишда Робинсоннинг резолюциялар усули катта таъсир этди. Бу усул предикатлар мантиқидаги теоремаларни исботлашга асосланган ва исботлашнинг мукаммал усули ҳисобланган. Бунда СИиборасини тавсифлаш муҳим ўзгаришга учради. СИ соҳасидаги тадқиқотларнинг мақсади «Инсон масалалари»ни ечадиган дастурларни яратиш бўлди. Ўша даврнинг СИ соҳасидаги кўзга кўринган тадқиқотчиларидан бири Р. Бенерджи 1969 йил шундай ёзган: «Одатда сунъий интеллект деб номланган тадқиқот соҳасини, яқин кунларгача фақат инсон ҳал қила оладиган масалаларни еча оладиган машиналарни анализ ва конструкция қилишнинг усул ва воситалари йиғиндиси сифатида қараш мумкин. Бунда тезлик ва самарадорлиги бўйича машиналар инсон билан тенглаша олиши керак».
СИ усулларини ривожлантиришнинг биринчи босқичида турли хил ўйинлар, бошқотирмалар ва математик масалалар тадқиқот майдони ҳисобланган. СИ тўғрисидаги адабиётларда бу масалаларнинг баъзилари классик масалалар бўлиб қолди. Бундай масалаларни танлаш уларнинг оддийлиги, масаланинг аниқ қўйилиши, уларнинг унчалик мураккаб эмаслиги ва масалани ечиш учун «қисм усул» ни танлаш, ҳаттоки, сунъий равишда қуриш мумкинлиги билан боғлиқ. 60 йиллар охирига келиб бундай тадқиқотлар жуда ривожланди. Шу даврга келиб бу тадқиқотларни сунъий муҳитларда эмас, балки реал муаммоли муҳитларда қўллашга ҳаракатлар қилинган. СИ тизимларининг реал дунёда ишлашини тадқиқ қилиш интеграл роботларни яратиш масаласига олиб келди. Бундай ишларнинг ўтказилишини СИ устидаги тадқиқотларнинг иккинчи босқичи дейиш мумкин. Стенфорд университети, Стенфорд тадқиқотлар институти ва бошқа бир қанча жойларда лаборатория шароитида ишлайдиган роботлар яратилган. Бундай тажрибаларнинг ўтказилиши бир қанча муаммоларни ҳал қилишни талаб қилди. Бундай муаммоларга билимларни тасвирлаш, кўриш орқали идрок этиш, роботлар билан табиий тилда мулоқот қилиш муммолари киради. Бу муаммолар 70 йиллар ўрталарида тадқиқотчилар олдига янада аниқроқ ифодаланган муаммоларни қўйди. Бу давр СИ тизимларини тадқиқ этишнинг учинчи босқичи эди. Унинг характерли томони тадқиқотчиларнинг диққат марказини олдига қўйилган масалани реал муҳитда ўзи ечадиган, автоном (алохида) ишлайдиган тизимни яратишдан, инсон интеллектини ва ҲМ нинг имкониятларини бирлаштирадиган инсон-машина тизимларини яратишга кўчириш ва бунинг натижасида умумий мақсадга эришиш - интегралли инсон-машина ечувчи тизимининг олдига қўйилган масалани ечиш эди.
Бундай кўчириш иккита сабабга кўра келиб чиқди:
1 Бу вақтда шу нарса аниқландики, интеграл робот реал вақтда ишлаганда ҳатто энг оддий кўринган масалани ҳам махсус шаклланган муаммоли муҳитда тажрибавий масалаларни ечиш учун яратилган усуллар ёрдамида ечиб бўлмас эди;
2 Бир - бирини тўлдирадиган инсон ва ЭҲМ имкониятларини бирлаштириш, ЭҲМга мумкин бўлмаган функцияларни инсонга юклаш орқали мураккаб томонларни четлаб ўтиш мумкинлиги аниқ бўлди. Машина ёрдамида ечиш усулларини яратиш эмас, балки бутун масалани ечиш жараёнида инсон ва ҲМ нинг биргаликдаги ҳаракатини таъминлайдиган усуллар ва воситаларни яратиш олдинги ўринга чиқди.
Сунъий интеллект тизимларининг бу йўналишда ривожланишига ҳисоблаш техникаларини ишлаб чиқаришнинг ўсиши ва уларнинг арзонлашиши сабаб бўлди.