Олдинги таҳрирга қаранг.
Яқин қариндошлар деганда, қариндош ёки қуда томонидан қариндош бўлган шахслар, яъни ота-она, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллар, эр-хотин, фарзанд, шу жумладан фарзандликка олинганлар, бобо, буви, неваралар, шунингдек эр-хотиннинг ота-онаси, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллари тушунилади.
(9-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2016 йил 27 декабрдаги 29-сонли қарори таҳририда)
Хизмат бурчини бажариш деганда, шахснинг ўз хизмат (меҳнат) вазифалари доирасига кирадиган ҳаракатлари, фуқаролик бурчини бажариш деганда эса, фуқаро томонидан унинг зиммасига қонун билан махсус юклатилган мажбуриятларнинг амалга оширилиши, шунингдек, бошқа ижтимоий фойдали ҳаракатлар содир этилиши (ҳуқуқбузарликнинг олдини олганлиги, содир этилган ёки тайёрланаётган жиноят тўғрисида ёхуд қидирилаётган шахс турган жой ҳақида ҳокимият органларига хабар берганлиги, гувоҳ ёки жабрланувчи сифатида шахснинг жиноят содир этганлигини фош этувчи кўрсатувлар берганлиги ва ҳ.к.) тушунилмоғи лозим.
Хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилига ёки фуқаролик бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш билан боғлиқ ҳолда уни қасддан ўлдириш ЖК 219-моддасининг тегишли қисмида ҳамда 97-моддаси иккинчи қисмининг «г» бандида назарда тутилган жиноятлар мажмуи бўйича квалификация қилинади.
10. Қасддан одам ўлдириш жиноятини ЖК 97-моддаси иккинчи қисмининг «д» банди бўйича, яъни бошқа шахсларнинг ҳаёти учун хавфли усулда содир этилган, деб квалификация қилиш учун, айбдор муайян шахсга нисбатан ўлдириш қасдини амалга ошириш чоғида бошқа шахслар ҳаётига ҳам чинакам хавф туғдирувчи усул қўллаётганлигини (масалан, одамлар гавжум жойларда ўқ отиш, портлатиш, ўт қўйиш, жабрланувчидан ўзга одамлар ҳам фойдаланадиган сувни ва овқатни заҳарлаш, газ воситасида бўғиш ва ҳ.к.) англаб етганлиги аниқланган бўлиши лозим.
Усулнинг чинакам хавфлилиги, ҳар бир муайян вазиятда ишнинг барча ҳолатларидан, чунончи, айбдор ишлатган жиноят қуролининг шикаст етказиш хусусияти, воқеа жойида жабрланувчидан ташқари ўзга шахслар ҳам бўлганлиги ва шу кабилардан келиб чиққан ҳолда аниқланиши зарур.
Агар айбдорнинг мазкур ҳаракатлари оқибатида ўзга шахслар баданига шикаст етказилган бўлса, қилмиш, Жиноят кодексининг қасддан баданга шикаст етказиш учун жавобгарлик назарда тутилган моддалари билан ҳам квалификация қилиниши керак.
11. Оммавий тартибсизликлар жараёнида содир этилган қасддан одам ўлдириш жинояти ЖК 97-моддаси иккинчи қисмининг «е» банди билан квалификация қилинмоғи лозим.
Агар оммавий тартибсизликлар вақтида айбдор томонидан қасддан одам ўлдиришдан ташқари қирғин солиш, вайрон қилиш, ўт қўйиш ва шунга ўхшаш бошқа жиноятлар содир этилган бўлса, унинг ҳаракатлари жиноятлар мажмуи бўйича квалификация қилиниши керак.
12. Қасддан одам ўлдириш жиноятини ЖК 97-моддаси иккинчи қисмининг «ж» банди билан квалификация қилишда айбдорнинг қасди ўта шафқатсизлик билан одам ўлдиришга қаратилган бўлганлигини аниқлаш шарт. Бу ўринда шуни назарда тутиш керакки, қонун ўта шафқатсизлик тушунчасини одам ўлдириш усули билангина эмас, балки, айбдор томонидан ўта шафқатсизлик намоён этилганлигидан далолат берувчи бошқа ҳолатлар билан ҳам боғлайди.
Ўта шафқатсизлик билан одам ўлдириш усулларига, жумладан, ҳаётдан маҳрум этишдан олдин ёки қотиллик содир этиш жараёнида жабрланувчини қийноққа солиш ёки унга қаттиқ азоб етказиш билан боғлиқ (кучли оғриқ берувчи заҳардан фойдаланиш, тириклайин ёқиб юбориш, узоқ муддат овқат, сув бермаслик) ҳолларни ҳам киритиш мумкин. Баданга кўплаб шикаст етказиш орқали одам ўлдириш, фақат айбдор буни жабрланувчига қаттиқ азоб-уқубат етказишга қаратилган тўғри қасд билан содир этган бўлса, ўта шафқатсизлик кўриниши, деб баҳоланиши мумкин.
Жабрланувчининг яқин кишилари кўз ўнгида одам ўлдириш, агар айбдор ўз ҳаракатлари билан уларга кучли изтироб бераётганлигини англаган бўлса, айбдор томонидан ўта шафқатсизлик намоён этилганлигидан далолат берувчи ҳолат сифатида баҳоланмоғи лозим.
Жабрланувчининг яқин кишилари қаторига, унинг яқин қариндошларидан ташқари, жабрланувчи билан алоҳида шахсий дўстона муносабатда бўлган шахслар ҳам кириши мумкин.
Мурдани таҳқирлаш, йўқ қилиш ёки бўлаклаб ташлаш қотилликнинг ўта шафқатсизлик билан содир этилганлигини англатувчи ҳолат сифатида баҳоланиши мумкин эмас. Бундай ҳаракатлар Жиноят кодексининг мурдани таҳқирлаш учун жавобгарликни назарда тутувчи 134-моддаси билан қўшимча квалификация қилиниши лозим.
Жиноят иштирокчилари ўртасида қасддан ўта шафқатсизлик билан одам ўлдириш тўғрисида олдиндан тил бириктирилмаган тақдирда, қотилликни бажарувчи шахснинг ҳаракатлари ЖК 97-моддаси иккинчи қисмининг «ж» банди бўйича, бошқа иштирокчиларнинг ҳаракатлари эса, ЖК 97-моддаси иккинчи қисмининг «ж» банди истисно этилган ҳолда, ушбу модданинг тегишли қисми бўйича квалификация қилинади.
13. Номусга тегиш ёки жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш билан боғлиқ ҳолда қасддан одам ўлдириш деганда, жинсий эркинликка қарши жиноятлар содир этиш жараёнида жабрланувчини ҳаётдан маҳрум этиш тушунилмоғи лозим.
Бунда иккита мустақил жиноят содир этилишини инобатга олиб, қилмиш ЖК 97-моддаси иккинчи қисмининг «з» банди ҳамда, ишнинг муайян ҳолатларига қараб, Жиноят кодекси 118 ёки 119-моддасининг тегишли қисмлари билан квалификация қилиниши керак.
Номусга тегиш ёки жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш жинояти содир этилгандан кейин ушбу жиноятни яшириш мақсадида жабрланувчини қасддан ўлдириш ЖК 118 ёки 119-моддасида ҳамда 97-моддаси иккинчи қисмининг «о» бандида назарда тутилган жиноятлар мажмуи бўйича квалификация қилинади.
14. Айбдорнинг ўзи ёки бошқа шахслар учун моддий наф кўриш (пул, мол-мулкни ёки унга эгалик ҳуқуқини, турар жойга нисбатан ва шу каби ҳуқуқларни қўлга киритиш) ёки моддий харажатлардан (мол-мулкни, қарзни қайтаришдан, хизматга ҳақ тўлашдан, мулкий мажбуриятларни бажаришдан, алимент тўлаш ва шу кабилардан) қутулиш мақсадида қасддан одам ўлдириши таъмагирлик ниятида содир этилган жиноят сифатида (ЖК 97-моддаси иккинчи қисмининг «и» банди билан) квалификация қилиниши лозим.
Қотиллик учун ҳақ ваъда қилган ташкилотчи (буюртмачи)нинг ҳаракатлари у қайси сабабларга кўра шундай қилганлигидан келиб чиқиб, Жиноят кодексининг 28, 97-моддасининг тегишли қисми билан квалификация қилинмоғи керак.
Жиноят иштирокчилари ўртасида қасддан таъмагирлик ниятида одам ўлдириш тўғрисида олдиндан тил бириктирилмаган тақдирда, қотиллик жиноятини бажарувчи шахсининг ҳаракатлари ЖК 97-моддаси иккинчи қисмининг «и» банди билан, бошқа иштирокчиларнинг ҳаракатлари эса, ЖК 97-моддаси иккинчи қисмининг «и» банди истисно этилган ҳолда, ушбу модданинг тегишли қисми билан квалификация қилинади.
Босқинчилик, товламачилик билан боғлиқ ҳолда қасддан одам ўлдириш ҳаракатлари ЖК 97-моддаси иккинчи қисмининг «и» банди ҳамда Жиноят кодексининг босқинчилик ва товламачилик учун жавобгарликни назарда тутувчи моддалари билан квалификация қилинади.
Агар айбдорда моддий наф кўришга нисбатан қасд қотиллик содир этилганидан кейин пайдо бўлган бўлса, қилмиш ЖК 97-моддасининг тегишли қисми билан ҳамда Жиноят кодексининг ўзганинг мулкини талон-торож қилиш учун жавобгарликни назарда тутувчи моддалари бўйича квалификация қилинмоғи лозим.
15. Миллий ёки ирқий адоват замирида, яъни бошқа миллатга, ирққа мансуб шахсга, унинг турмуш тарзига, маданиятига, урф-одатларига, оила тутумига нисбатан ғайирлик ёки нафрат туйғулари билан ёхуд миллатлараро, ирқлараро адоват ёки нифоқ солиш мақсадида қасддан содир этилган одам ўлдириш жинояти ЖК 97-моддаси иккинчи қисмининг «к» банди билан квалификация қилиниши керак.
16. Безорилик оқибатида, яъни жамиятга ва умум эътироф этилган ахлоқ қоидаларига рўй-рост ҳурматсизлик замирида содир этилган (масалан, ҳеч бир сабабсиз ёки арзимаган сабаб туфайли) қасддан одам ўлдириш ЖК 97-моддаси иккинчи қисмининг «л» банди билан квалификация қилиниши лозим. Бунда айбдорнинг феъл-атворида жамоат тартибига ошкора бўйсунмаслик, атрофдагиларга нисбатан ўзини қарши қўйиш, беписандлик намойиш этиш истаги мавжуд бўлади. Бу ҳолда айбдорнинг ҳаракатларини Жиноят кодексининг 277-моддаси бўйича қўшимча квалификация қилиш талаб этилмайди.
Агар жамоат тартибини қўпол равишда бузиш ва жамиятга нисбатан очиқдан-очиқ ҳурматсизлик билдириш, шунингдек, ўзганинг мол-мулкини йўқ қилиш ёки унга шикаст етказиш билан боғлиқ ҳаракатлар айбдор томонидан безорилик оқибатида одам ўлдириш жиноятидан сўнг қасддан содир этилган бўлса, қилмиш ЖК 97-моддаси иккинчи қисмининг «л» банди ҳамда Жиноят кодекси 277-моддасининг тегишли қисмлари билан квалификация қилиниши керак.
Безорилик оқибатида қасддан одам ўлдириш жиноятини ўзаро жанжал ёки урушиш оқибатида содир этилган қотилликдан (ЖК 97-моддаси биринчи қисми) фарқлаш учун уруш-жанжал ташаббускори ким эканлигини, низо одам ўлдиришда баҳона сифатида фойдаланиш мақсадида айбдор томонидан атайлаб уюштирилган-уюштирилмаганлигини аниқлаш лозим. Агар уруш-жанжал жабрланувчи томонидан бошланган бўлса ёки низога унинг ғайриҳуқуқий хулқ-атвори сабаб бўлган бўлса, айбдор безорилик оқибатида одам ўлдириш жинояти учун жавобгар бўлмайди.
17. Диний таассублар замирида, жабрланувчининг диний эътиқоди билан боғлиқ ҳолда, кўпинча, муайян бир конфессиянинг қадр-қимматини камситиш, диний адоват ёки нифоқ келтириб чиқариш мақсадида содир этилган қасддан одам ўлдириш жиноятини ЖК 97-моддаси иккинчи қисмининг «м» банди билан квалификация қилиш лозим.
Диний таассублар деганда, диний фанатизмга асосланган ғояларга ишониш, уларга кундалик ҳаётда оғишмай амал қилишда, бошқа динга эътиқод қилувчилар ва бошқача фикрловчиларга нисбатан муросасизликда намоён бўладиган хоҳиш-истакларни тушунмоқ лозим.
18. Қасддан одам ўлдириш жиноятини ЖК 97-моддаси иккинчи қисмининг «н» банди билан квалификация қилиш учун трансплантант олиш ёки мурдадан олинган қисм (бўлак)лардан фойдаланишга нисбатан тўғри қасд мавжудлигини аниқлаш зарур. Бунда айбдор қотилликдан кўзланган мақсадга эришган бўлиши шарт эмас.
19. Бошқа жиноятни яшириш ёки унинг содир этилишини осонлаштириш мақсадида қасддан одам ўлдириш жинояти ЖК 97-моддаси иккинчи қисмининг «о» банди билан квалификация қилинади.
Қасддан одам ўлдириш жинояти ЖК 97-моддаси иккинчи қисмининг «о» банди билан квалификация қилинганда, айбдорнинг ҳаракатларини мазкур модда иккинчи қисмининг бошқа мақсад ва сабабларни назарда тутувчи яна бирон бир банди билан квалификация қилишга йўл қўйилмайди. Масалан, агар жабрланувчи таъмагирлик ниятида ёки безорилик оқибатида ўлдирилганлиги аниқланса, қилмиш айни бир вақтнинг ўзида ЖК 97-моддаси иккинчи қисмининг «о» банди билан квалификация қилиниши мумкин эмас.
20. Бир гуруҳ шахслар ёки уюшган гуруҳ аъзоси томонидан ёхуд ўша гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган қасддан одам ўлдириш жиноятини ЖК 97-моддаси иккинчи қисмининг «п» банди билан квалификация қилишда, ҳар қайси иштирокчининг жиноятда иштирок этганлик даражаси ва хусусиятини аниқлаш, олдиндан тил бириктирув бўлган-бўлмаганлигини ва улар ўртасида вазифалар ўзаро тақсимланган-тақсимланмаганлигини синчиклаб текшириш лозим.
Жабрланувчига нисбатан зўрлик ишлатиб, уни ҳаётдан маҳрум қилиш жараёнида бевосита иштирок этган икки ёки ундан ортиқ шахснинг ҳаракатлари ЖК 97-моддаси иккинчи қисмининг «п» банди билан квалификация қилинади. Бунда ўлимга сабаб бўлган шикаст иштирокчиларнинг ҳар бири томонидан етказилган бўлиши шарт эмас (масалан, иштирокчилардан бири жабрланувчининг қаршилигини бартараф этиб, уни ўзини ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум этган, бошқаси эса, унга ҳалок этувчи шикаст етказган).
Қасддан одам ўлдиришда бевосита иштирок этмаган ҳамда жабрланувчига нисбатан жисмоний зўрлик ишлатмаган, бироқ ўзгалар томонидан қотиллик содир этилишида кўмаклашган бошқа шахсларнинг ҳаракатлари Жиноят кодекси 28, 97-моддасининг тегишли қисми бўйича квалификация қилинади.
Одам ўлдириш уюшган гуруҳ томонидан содир этилган деб топилган тақдирда, жиноят барча иштирокчиларининг ҳаракатлари, уларнинг жиноятни амалга оширишдаги ролидан қатъи назар, Жиноят кодексининг 28-моддасига ҳавола қилинмаган ҳолда 97-моддасининг тегишли қисми билан квалификация қилинади.
Қасддан одам ўлдириш иштирокчиликда содир этилганда, жиноят субъектини тавсифловчи квалификация белгилари (қотиллик ўта хавфли рецидивист ёки илгари ҳам қасддан одам ўлдирган шахс томонидан содир этилганлиги) фақат ушбу белгилар бевосита тааллуқли бўлган иштирокчиларнинг ҳаракатларини квалификация қилишда эътиборга олиниши лозим.
21. Икки ёки ундан ортиқ одамни қасддан ўлдирган айбдорнинг ҳаракатлари, башарти бу жиноят ягона қасд билан содир этилмаган ва, одатда, турли вақтда содир этилган бўлса, ЖК 97-моддаси иккинчи қисмининг «р» банди билан квалификация қилинади.
Қасддан одам ўлдириш жиноятини такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган, деб квалификация қилиш учун айбдор илгари тамом бўлган қотиллик жинояти ёки одам ўлдиришга суиқасд содир этганлигининг, жиноятнинг бажарувчиси ёки бошқа иштирокчиси бўлганлигининг аҳамияти йўқ.
Агар муқаддам содир этилган қасддан одам ўлдириш жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланган ёки қонунда белгиланган тартибда олиб ташланган бўлса, шунингдек, агар қотиллик жинояти содир этилган пайтга келиб илгариги жиноят учун жиноий жавобгарликка тортиш муддатлари ўтган бўлса, қилмиш ЖК 97-моддаси иккинчи қисмининг «р» банди билан квалификация қилиниши мумкин эмас.
22. Қасддан одам ўлдириш жинояти содир этилгунга қадар қонуний кучга кирган суд ҳукми билан ўта хавфли рецидивист деб топилган шахсларнинг ҳаракатлари, агар судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки қонунда белгиланган тартибда олиб ташланмаган бўлса, ЖК 97-моддаси иккинчи қисмининг «с» банди бўйича квалификация қилинади. Судлар судланувчининг ҳаракатларини квалификация қилишга таъсир этувчи шахсига оид маълумотларни синчковлик билан текширишлари лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |