Sotsiologiya fan sifatida Ғарб социологияси классикларининг ишларида социологиянинг объекти ва предмети муаммоси. XVII–XVIII асрларда социология фанининг шаклланишида ҳал қилувчи ролни ўйнаган «жамият», «маданият», «цивилизация», «синфлар», «структура», «функция» ва бошқа атамалар илк бор пайдо бўлади.
«Социология» атамаси XIX аср бошида – 1838 ва 1840 йиллар оралиғида пайдо бўлди. Уни француз олими Огюст Конт (1798–1857) яратди. Биринчидан, уни энг кучли ва самарали фалсафий йўналишлардан бири, яъни позитивизмнинг асосчиси санашади. Иккинчидан, у қудратли эмпирик фан – социологиянинг отаси ҳисобланади. О.Конт унга ном берди, унинг предмети ва методларини белгилади. XIX асрда жамият тўғрисидаги тажрибали, эмпирик фаннинг вужудга келиши тасодиф эмас, балки муайян гносеологик ва ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитларга эга эди. О.Конт янги фанни яратар экан, тахминан қуйидагича фикр юритган: «жамиятни унинг турли-туман намоён бўлиш жиҳатларида англаш учун фалсафанинг ўзи етарли эмас. Жамиятни бошқа масалалар билан бир қаторда эмас, балки махсус тарзда фақат унга эътибор берган ҳолда ўрганадиган махсус фан керак. Жамият тўғрисидаги янги фан мустақил билим сифатида шаклланиши учун у билишнинг фалсафий методини рад этиши ва ўзининг методини ўйлаб топиши керак. Аммо ҳозирча унинг ўз методлари йўқ экан, социология табиатшуносликдан кузатиш, эксперимент ва солиштирма таҳлил каби усулларни ўзлаштириши лозим». Фанга социология номини берган О.Конт ўз ижодида тараққиёт, сиёсий ва иқтисодий эркинлик идеалларига таянган ҳолда, у фан ва маърифат ёрдамида барча ижтимоий муаммоларни ҳал этиш мумкинлигига умид қилади. Носоғлом жамиятни қандай даволаш мумкин, деган саволга Конт шундай жавоб беради: «табиатшунослик фани қандай бўлса, жамият ҳақида ҳам худди шундай аниқ ва объектив фанни яратиш керак». Социологик ғоя жадал ривожланаётган Европа жамиятидаги инқирозга жавоб бўлди. Янги тафаккурнинг мақсади жамиятдаги ижтимоий муносабатларни очиқ-ойдин қилиши мумкин бўлган интеллектуал воситаларни ривожлантиришдан иборат эди.
О.Контнинг ватандоши Эмиль Дюркгеймни амалий социологиянинг кашфиётчиси дейишади. У ҳозиргача қўлланиб келинаётган функционал таҳлил методологиясини яратган, ўз жонига қасд қилиш муаммосини чуқур таҳлил қилган. Унинг бу ишлари бугунги кунда ҳам социологик тадқиқот қандай бўлиши кераклигига мукаммал мисол бўлиб хизмат қилмоқда. Э.Дюркгейм айни пайтда ҳам ўзининг долзарблик қийматини йўқотмаган аномия назарияси асосини яратган. Унинг ижтимоий меҳнат тақсимоти, механик ва органик ҳамжиҳатлик, ижтимоий факт моҳияти, коллектив онг ва қадриятлар, дин эволюцияси ҳақидаги таълимоти жаҳон социологиясининг олтин фондига кирган.
Нафақат Франция, балки Германия ҳам жаҳонни буюк социологлари – Макс Вебер, Георг Зиммель, Фердинанд Теннис билан лол қолдирган. Масалан, бугунги кунда Вебернинг 30 дан зиёд жилддан иборат асарлар тўплами нашр этилган. Карл Маркс (1818–1881) ижтимоий низо назарияси, жамият тузилмаси ва ривожи ҳақидаги таълимот, ижтимоий синфлар концепциясининг асосчиси ҳисобланади. У умуман ижтимоий файласуфлар орасидаги энг йирик шахсдир. К.Маркс билан бир қаторда немис мутафаккири Макс Веберни (1864–1920) ҳам кўрсатиб ўтиш зарур. Уни иккиланмасдан социологиянинг Леонардо да Винчиси дейиш мумкин. Унинг асосий назариялари бугун социология фанининг пойдеворини ташкил этади: ижтимоий ҳаракат ва мотивация, меҳнатнинг ижтимоий тақсимоти, бегоналашув, касбга мойиллик ҳақидаги назариялар. У дин социологияси, иқтисодий социология ва меҳнат социологияси, шаҳар социологияси асосларини, бюрократия назариясини, ижтимоий стратификация ва статусли гуруҳлар концепциясини, сиёсатшунослик ва ҳокимият институти асосларини, жамиятнинг ижтимоий тарихи ва рационализация ҳақидаги таълимотни, капитализм эволюцияси ва мулкчилик институти тўғрисидаги таълимотни ишлаб чиқди. М.Вебернинг ютуқлари шу қадар улканки, уларни санаб тугатиб бўлмайди. Идеал типларнинг киритилиши унинг методология соҳасидаги энг асосий ютуқларидан бири ҳисобланади.
М.Вебер ҳамда унинг ҳамкасблари Ф.Теннис (1855–1936) ва Г.Зиммелнинг (1858–1918) шарофати билан немис социология мактаби биринчи жаҳон урушига қадар жаҳон социологиясида устунлик қилди. Англияда жаҳон социологияси фанига ижтимоий эволюция ҳақидаги назарияни яратган ва кишилик жамиятига тирик организм сифатида қараган Герберт Спенсер (1820–1903) улкан ҳисса қўшган. Ф.Теннис ўзининг«Жамоа ва жамият» (1887) деб номланувчи бош асарида кейинчалик классик типологияга айланган ижтимоийлик типологиясини, яъни бевосита шахсий ва қариндошчилик муносабатлари ҳукмрон бўлган жамоа ва формал институтлар устувор бўлган жамиятни таклиф қилади.