Биринчи босқичда (XIX аср охири – XX аср боши) учта мамлакат: Франция, Германия, Англия жаҳон социология фанининг маркази ҳисобланган. Албатта, бошқа мамлакатларда ҳам миллий социологиянинг ривожи учун кўп иш қилган ажойиб мутафаккирлар бўлган. Россияда улар қаторига Н.Кареев, Н.Михайловский, М.Ковалевский, В.Хвостовларни қўшиш мумкин. Бироқ улар жаҳон социологияси ривожига сезиларли таъсир кўрсата олмадилар. Питирим Сорокин (1889–1968) бундан мустасно. Уни социологик муаммони қамрашида универсаллиги, жаҳон социологиясига қўшган назарий ва методологик аҳамияти жиҳатидан М.Вебер билан тенглаштириш мумкин. Россияда туғилиб, АҚШда вафот этган айнан шу мутафаккир социологиянинг донғини ёйди.
ХХ асрнинг 20-йилларидан бошланиб, ҳозирги кунгача давом этаётган кейинги босқичда жаҳон социологияси маркази АҚШга кўчади ва бу ерда социология фанига давлатдан анча кўмак ва кўпчилик университетларнинг тезда ёрдами тегади. Докторлик даражасини берувчи дунёдаги биринчи социология факультети 1892 йили Чикаго университетида пайдо бўлади. 1910 йилга келиб, Америка университетлари ва коллежларининг аксарияти талабгорларга социология курсларини таклиф қила бошлайди.
Эмиль Дюркгейм (1858–1917) О.Контнинг позитивизм методологиясини чуқурлаштирди, кўп ҳолларда эса уни қайта йўналтирди. Дюркгейм ижтимоий фактларга таянишни ва уларнинг статистик ўрганишни таклиф қилади: у бир ижтимоий фактларни (ўз жонига қасд қилиш) бошқа ижтимоий фактлар (интеграция) ёрдамида тушунтиради. Дюркгейм замонавий социологиянинг янги методологиясини беради. Унинг методологик позициясига иккита хусусият хос: натурализм – жамият қонунларини табиат қонунларига ўхшашлиги асосида тушуниш ҳамда социологизм – ижтимоий воқеликнинг ўзига хослиги ва автономлигини, унинг индивидлардан устунлигини тасдиқлаш. Дюркгеймнинг илмий ижодида, бутун француз мактабидагидек сингари, ижтимоий ҳамжиҳатлик муаммоси марказий ҳисобланади. Унга кўра инсонлар жамиятининг ривожи икки фазадан ўтади: механик ҳамжиҳатлик (саноатлашишдан илгариги ёки анъанавий жамият) ва органик ҳамжиҳатлик (саноатлашишдан илгариги, сўнгра эса саноатлашган жамият).
Социология табиатига айнан янгича назари туфайли Америка тез орада илмий социологияни яратиш борасида Европадан ўзиб кетади. Аммо социологлари кўп бўлишига қарамасдан, Америка дунёга фақат битта ҳақиқий миллий оқимни – символик интеракционизм оқимини ва фақат битта буюк социологни - Толкотт Парсонсни (1902–1979) бера олди. Альберт Эйнштейн физикада амалга оширишга интилган назариясини Парсонс социологияда ҳам худди шундай амалга оширишга, яъни жамиятнинг барча даражаларини ва ижтимоий материя ҳаракатининг барча шаклларини тушунтириб бера оладиган кенг қамровли социологик назарияни яратишга уринди. У кишилик воқелигининг хилма-хил кўринишларини қамраб олувчи мавҳум тушунчаларнинг улкан дедуктив тизимини яратишга муваффақ бўлди. АҚШ мана шу хусусий социологик назариялар борасида анча муваффақият қозонди. Америка дунёга буюк олимларнинг энг кўп сонли гуруҳини тақдим этди: Э.Шилз, П.Лазарсфельд, Р.Мертон, П.Блау, Ч.Кули, Ж.Мид, Р.Парк, И.Гофман, Ж.Александер, Д.Белл, Т.Веблен, А.Гоулднер, Р.Миллс, Д.Рисмен, У.Самнер, А.Смолл, А.Тоффлер, Ж.Хоманс. Улар замонавий социологиянинг илмий мазмунини белгилаб беришди.
Агар Европада социологик ғоя фалсафа билан чамбарчас боғлиқ ҳолда ривожланган бўлса, Америка социологлари орасида социал психология кенг тарқалди. Иккала маданият вакиллари ҳам жамият эволюцияси ва фаолиятини тушунтиришга ҳаракат қилишди ва буни турлича усулда бажаришди: европаликлар кўпроқ глобал тарихий схемаларга суянишса, америкаликлар конкрет моделлар ва амалий ишланмаларга таянишди.
Америкаликлар фалсафий субстанция ўрнига хулқ-атвор ва ҳаракатга урғу беришди. Уларни идрок ичида яширинган ва аниқ ўлчаб бўлмайдиган нарса қизиқтирмасди, аксинча сиртда, яъни очиқ хулқ-атворда намоён бўладиган нарса ўзига тортарди. Шу тарзда ХХ асрнинг биринчи ярмида барча ижтимоий фанларни (иқтисодиёт, руҳшунослик, социология, сиёсатшунослик) ўзига бўйсундирган бихевиоризм (инглиз тилидан behavior – хулқ-атвор) вужудга келади. Энди уларга хулқ-атворга асосланган, ёки бихевиорал фанлар ёрлиғи бириктирилади. Шу ном билан, тўғрироғи хулқ-атворга асосланган (ХХ аср бошида Европада бўлганидек фалсафага асосланмаган) социология ҳозирги кунларгача етиб келди.