КИРИШ Сўнгги йилларда дунёда фавқулодда вазиятларнинг сони ва қамрови ошиб бораётганлиги кузатилмоқда. Халқаро амалиётда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини камайтириш, содир бўлганда тўғри ҳаракат қилиш чораларини қўллаш, фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этишдан бир неча баробар арзон ва самарали экани ўз тасдиғини топмоқда. Бундай вазиятларнинг чуқурроқ таҳлили, фавқулодда вазиятларда аҳолини тўғри ҳаракат қилишга ўргатишга эътибор берган давлатларда камроқ талофат кўраётганлигига амин бўламиз.
Ўз вақтида тайёргарликдан ўтган инсон ўз ақл-заковати билан офатга қарши тура олиши мумкин. Тайёргарликни гўдаклик чоғидан олиб бориш муҳим аҳамият касб этади. Арманистонлик мутахассис Р.Алавердяннинг фикрича “Хавфсизлик қоидаларига ўргатишни ёш болалардан бошлаш лозим. Болалар 3-5 ёшлариданоқ турли хавфли шароитларда ўзларини муҳофаза қилишнинг аниқ бир ҳаракатларини бажара олиш қобилиятига эгалар, яна шуни инобатга олиш зарурки, боланинг характери 12 ёшгача шаклланади, инсон 12 ёшгача бўлган даврда бутун умри давомида оладиган ахборотнинг 70 фоизини қабул қилади” [22].
Ўзбекистон Республикасининг фуқаро муҳофазасига оид қонун
ва қарорларини амалга оширилишини таъминлашда умумий ўрта таълим мактабларида “Ҳаёт хавфсизлиги асослари” курсини ўқитишни ташкил этиш ва таълимнинг узлуксизлигини таъминлаш шу куннинг долзарб муаммоларидан биридир.
Айни шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 19 июлдаги 208-сонли қарорида аҳолига фавқулодда вазиятлар ва улар содир бўлганда тўғри ҳаракатланишга оид билим-малакаларни изчил сингдириш ва уларга бу каби вазиятларга ҳам руҳан, ҳам жисмонан шай туришдек олий мақсад кўзланган [3].
Фан-техника инқилоби ҳукмронлик қилаётган замонамизда содир бўлаётган табиий, техноген хусусиятли ходисалар инсонларнинг яшашига, яшаётган муҳитига келтираётган катта салбий оқибатларини бартараф этгандан кўра, уларни олдини олиш самарали натижа беради.
Бундай самарага эришиш учун хавфсизликни муҳофаза қилиш ва соғлиқни сақлашнинг асосий шартларини бажариш – яъни одамларнинг дунёқарашини ўзгартириш – уларда хавфсизлик маданиятини шакллантириш керак.
Илм-фан асосида замонавий хавфсизлик маданиятини шакллантириш, аҳолининг барча қатламида таълим орқали дунёқарашини ўзгартиришни талаб этади.
Барқарор ривожланишга ўтишни таъминлайдиган одамларнинг дунёқарашини ўзгартириш учун жамият замонавий хавфсизлик маданиятини шакллантириш ва амалга оширишга муҳтож. Бунинг асослари, илм-фан ва таълим бўлиши керак [11].
Хавфсизлик ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги билимларни ошириш билан бир қаторда, шахснинг маънавий ва ахлоқий тасаввурларини ошириш, психологик, шунингдек, ватанпарварлик руҳида тарбиялашга эътибор қаратиш зарур. Буларнинг ҳаммаси таҳдид ва хавфларни камайтиришга имкон беради. Республикамизда “Ёш қутқарувчи” кўнгиллилар клубларининг тузилиши айнан шу мақсадга қаратилган.
Мамлакатимиздаги умумий ўрта таълим мактаблари ва касб-ҳунар таълим муассасаларидаги “Ёш қутқарувчи” кўнгиллилар клублари ўртасидаги мусобақаларнинг барча босқичлари, ўз мазмунига кўра, эзгу мақсад-вазифаларни кўзда тутади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ёш авлодни ҳам маънан, ҳам жисмонан баркамол этиб тарбиялашга муҳим эътибор қаратиб келинмоқда.
Хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар Стратегиясининг тўртинчи, яъни – “Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари” бўлимида “Ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш” вазифалари белгилаб берилди [7].
Бугунги кунда, “Ёш қутқарувчи” кўнгиллилар клуби фаолиятининг йўлга қўйилиши ҳам юртимизда оқилона амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг яққол намунаси бўлиб, ўқувчи-ёшларни комил инсон руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда.
“Ёш қутқарувчи” кўнгиллилар клуби – умумий ўрта таълим мактаблари ҳамда Касб-ҳунар таълими муассасаларида ташкил этиладиган ёшларнинг ижтимоий кўнгилли бирлашмасидир. “Ёш қутқарувчи” кўнгиллилар клубларида республикамиз миқёсида ҳар йили йигирма икки мингдан ортиқ ўқувчи ёшлар қатнашади. Ҳар йили Республикамизда
бу кўрсаткич ортиб бормоқда ва ўз навбатида ўқувчи ёшларимизнинг фавқулодда вазият юз берганда тўғри ҳаракат қилиш бўйича билим, малака, кўникмалари шаклланмоқда [6].