Мевали дарахтлар, ток ва тутни ўғитлаш
Ҳаётининг давомийлиги, ер усти ва илдиз тизимининг жадал ривожланиши билан мевали дарахтлар бошқа маданий ўсимликлардан фарқ қилади. Данагидан ва уруғидан кўпаядиган мевали дарахтлар илдиз тизимининг ривожланиши бўйича бир-биридан ажралиб туради. Масалан, олча, гилос, олхўри каби данакли мевали дарахтларнинг илдизи уруғли мевали дарахтларникига нисбатан кучсиз ривожланади. Нокнинг илдизи бошқа мевали дарахтларнинг илдизига нисбатан тупроқнинг чуқур қатламларига кириб боради.
Мевали дарахтларнинг илдиз тизимининг тарқалиш диаметри улар танаси диаметридан 3-4 марта катта. Кўп ҳолларда илдизнинг тарқалиш диаметрини аниқлашда дарахт ёшини 2 га бўлиш усулидан фойдаланилади. Одатда дарахтларнинг тик илдизлари тупроқ профили бўйлаб 10 м ва ундан ҳам чуқур кетади.
Мевали дарахтларнинг ривожланишига тупроқдаги осон эрийдиган тузлар, биринчи навбатда Na нинг концентрацияси кучли таъсир кўрсатади. Гилос, олча, шафтоли, ўрик, олхўри ва бошқалар мўътадил, олма, нок, смородина кабилар кучсиз нордон муҳитни талаб қилса, малина ўртача нордон муҳитда ҳам яхши ҳосил беради.
Мевали дарахтлар ҳаётининг турли даврларида турли миқдорда озиқ моддаларни ўзлаштиради. Янги ҳосилга кирган пайтда дарахт турига қараб тупроқдан 6-44 кг азот, 2-7 кг фосфор ва 6-35 кг калий ўзлаштирилса, улғайиб боргани сари бу миқдор ортиб боради (26-жадвал).
Р.Р.Шредер номидаги Ўзбекистон боғдорчилик, узумчилик ва виночилик институти маълумоти бўйича олма 120 ц/га ҳосили билан тупроқдан 80-85 кг азот, 25-30 кг фосфор ва 85-90 кг калийни олиб кетади.
Маълумки, мевали дарахтлар тўла ҳосилга киргунга қадар бир нечта босқични босиб ўтади. Ҳар бир босқич учун ўзига хос ўғит меъёрлари белгиланади.
26-жадвал
Ҳосилга кирган мевали дарахтлар томонидан йил давомида
ўзлаштириладиган озиқ моддалар миқдори, кг/га
Мевали дарахт тури
|
Ҳосил,т/га
|
N
|
P2O5
|
K2O
|
СaO
|
Олма
|
61,5
|
67
|
18
|
72
|
73
|
Нок
|
22,0
|
34
|
8
|
38
|
44
|
Олхўри
|
9,9
|
34
|
10
|
44
|
47
|
Шафтоли
|
23,4
|
85
|
20
|
82
|
130
|
Беҳи
|
21,0
|
52
|
17
|
65
|
74
|
Қизил смородина
|
20,1
|
133
|
51
|
82
|
174
|
Қора смородина
|
7,3
|
63
|
25
|
34
|
94
|
Қулупнай
|
10,8
|
156
|
35
|
184
|
-
|
Боғ яратиш дарахт кўчатларини етиштиришдан бошланади. Кўчат етиштириш эса бир неча (2-3) йил давом этади. Бу даврдаги тадбирлар тизимида тупроқларни маданийлаштиришга алоҳида эътибор берилади. Тупроқ кузда 30-45 см чуқурликда ҳайдалади. Шудгор олдидантупроқ унумдорлигини ҳисобга олган ҳолда гектарига 30-100 т чала чириган гўнг, 60-100 кг фосфор, 70-80 кг калий сочиб чиқилади (бедапоя ўрнида барпо этиладиган кўчатзорларга маҳаллий ўғитлар киритилмаса ҳам бўлади), сўнгра сидерат сифатида биронта дуккакли-дон экин етиштирилади.
Мевали дарахт уруғи экиладиган майдонга кузда 20-50 т миқдорда чала ёки тўла чириган гўнг, 100-150 кг фосфор ва 60-90 кг калий киритилади. Экиш билан бир пайтда гектарига 20 кг Р2О5 берилса, уруғлар тез ва қийғос унади. Бу даврда азотли ўғит қўллаш салбий натижа беради.
Ниҳоллар ўзини яхши тутиб олгандан кейин (3-4 чин барг даври) гектарига 40-50 кг азот киритиб, биринчи қўшимча озиқлантириш, орадан 20-25 кун ўтгач шу меъёрдаги азот билан иккинчи қўшимча озиқлантириш амалга оширилади.
Озиқлантириш учун гўнг шалтоғи ва парранда аҳлатидан ҳам фойдаланиш мумкин. Бунда гўнг шалтоғи 5-10 марта суюлтирилади ва гектарига 10-15 т ҳисобида 4-5 см чуқурликка киритилади. Парранда аҳлати сув билан 1:2 нисбатда аралаштирилади ва бир неча кун қолдирилади. Кейин 8-10 марта суюлтирилиб, гектарига 0,8-1,0 т ҳисобида киритилади.
Ўзини тутиб олган ниҳоллар иккинчи йилнинг баҳорида 100-150 кг, июнь ойида 75-100 кг меъёрида азот (N) билан озиқлантирилади. Данакли меваларнинг ниҳоллари учун бу меъёр 1/3 - 1/4 марта камайтирилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |