VII.10. ЯКУНИЙ МОЛИЯВИЙ НАТИЖАЛАРНИ ҲИСОБГА ОЛИШ
Молиявий натижа дейилганда корхона, бирлашма, ҳиссадорлик жамияти ва ҳоказоларнинг маълум ҳисобот даврида, унинг тадбиркорлик фаолияти жараёнида ўзига қарашли маблағнинг ошиши (камайиши) тушунилади. Бухгалтерия ҳисобида бундай фаолият натижаси ҳисобот давридаги ҳамма фойдалар ва зарарларни ҳисоблаш ҳамда баланс қилиш йўли билан аниқланади.
Молиявий натижалар миқдорига жуда кўп омиллар таъсир кўрсатади. Масалан, инфляция, валюта курсининг ўзгариб туриши, кредит сиёсати ва бошқалар. Ишлаб чиқариш ва муомала жараёнидаги юқорида санаб ўтилган омиллар таъсири ҳисобга олинган ҳолда молиявий натижалар аниқланиши, аниқланган молиявий натижаси ҳақиқий, аниқ ва тўғри акс эттирилиши лозим.
Бозор иқтисодиёти шароитида молиявий натижаларни ҳисобга олиш корхона фаолиятида марказий ўринни эгаллайди ва қуйидагилар уни ҳисобга олишнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
Олинган фойда миқдорини ҳар ойда ҳамда йил бошида ўз вақтида ва тўғри ҳисоб-китоб қилиш;
Молиявий натижалар билан боғлиқ муомалаларни ва уларнинг тақсимланишини бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақларида ва тегишли регистрларда акс эттириш.
Молиявий натижаларнинг таркиб топиши ва улардан фойдаланиш «Маҳсулот (иш, хизмат) таннархига қўшиладиган маҳсулот (иш, хизмат) ишлаб чиқариш ва реализация бўйича ҳаражатлар таркиби тўғрисида» ги Низом ва «Молиявий натижаларнинг таркиб топиши ҳақида» ги Низом ҳамда Бухгалтерия Ҳисоби Миллий Стандартининг 2-3-4 сонлари билан тартибга солинади.
«Якуний молиявий натижа» ҳисобварағи ҳисобот йилида корхонанинг молиявий фаолияти натижалари таркиб топиши ҳақида маълумотларни олиш ва умумлаштириш учун мўлжалланган. Якуний молиявий натижа (фойда ёки зарар) қуйидагилардан таркиб топади:
асосий фаолият бўйича молиявий натижа даромадларидан;
молиявий фаолият бўйича даромадлардан ва тасодифий даромадлардан.
Бу фаолиятлар турлари бўйича ҳаражатлар суммасига даромадлар камаяди.
9910 - «Якуний молиявий натижа» ҳисобварағининг дебет томонида зарарлар (ҳаражатлар), кредит томонидан эса фойда суммаси акс эттирилади. Ҳисобот даврига ҳисобварқнинг дебет ва кредит айланмаларини таққослаш билан ҳисобот даври молиявий натижаси аниқланади.
Ҳисобот даври охиригача 9910 - «Якуний молиявий натижа» ҳисобварағининг дебети ва кредити томонларига ёзилган суммалари йигиндиси ҳисобланади ва бу ҳисобварақ бўйича охирги қолдиқ топилади. Бу қолдиқ солиққа тортилгунга қадар бўлган баланс фойдаси (зарар) суммасини кўрсатади.
Ҳисобот йили охирида йиллик бухгалтерия ҳисоботини тузишда 9910 - «Якуний молиявий натижа» ҳисобварағи ёпилади. Соф фойда (зарар) 9910 - «Якуний молиявий натижа» ҳисобварағидан 8710 - «Ҳисобот йили тақсимланмаган фойдаси (зарари)» ҳисобварағига ёзилади.
Якуний молиявий натижаларни аниқлашда қуйидаги бухгалтерия ўтказмалари тузилади:
1. Ҳисобот даври якунида асосий фаолиятдан олинган даромадларни ҳисобга олувчи ҳисобварақларнинг ёпилиши:
Д-т 9010, 9020, 9030 - «Асосий фаолиятдан олинадиган даромадлар» ҳисобварағи
К-т 9910 - «Якуний молиявий натижа» ҳисобварағи
2. Ҳисобот даври якунида сотилган маҳсулот таннархини ҳисобга олувчи ҳисобварақларнинг ёпилиши:
Д-т 9910 - «Якуний молиявий натижа» ҳисобварағи
К-т 9110, 9120, 9130 - «Сотилган маҳсулотлар таннархи» ҳисобварақлари
3. Ҳисобот даври якунида давр ҳаражатларини ҳисобга олувчи ҳисобварақларнинг ёпилиши:
Д-т 9910 - «Якуний молиявий натижа» ҳисобварағи
К-т 9410-9440 - «Давр ҳаражатлари» ҳисобварақлари
4. Ҳисобот даври якунида асосий фаолиятдан олинган бошқа даромадларни ҳисобга олувчи ҳисобварақларнинг ёпилиши:
Д-т 9310 - 9390 - «Асосий фаолиятдан олинган бошқа даромадлар» ҳисобварағи
К-т 9910 - «Якуний молиявий натижа» ҳисобварағи
5. Ҳисобот даври якунида молиявий фаолиятдан олинган даромадларни ҳисобга олувчи ҳисобварақларнинг ёпилиши:
Д-т 9510-9590 - «Молиявий фаолиятдан олинган даромадлар» ҳисобварағи
К-т 9910 - «Якуний молиявий натижа» ҳисобварағи
6. Ҳисобот даври якунида молиявий фаолият бўйича ҳаражатларни ҳисобга олувчи ҳисобварақларнинг ёпилиши:
Д-т 9910 - «Якуний молиявий натижа» ҳисобварағи
К-т 9610-9690 - «Молиявий фаолият бўйича ҳаражатлар» ҳисобварақлар
7. Ҳисобот даври якунида фавқулодда фойдалар ҳисобварағининг ёпилиши:
Д-т 9710 - «Фавқулоддаги фойдалар» ҳисобварағи
К-т 9910 - «Якуний молиявий натижа» ҳисобварағи
8. Ҳисобот даври якунида фавқулодда зарарлар ҳисобварағининг ёпилиши:
Д-т 9910 - «Якуний молиявий натижа» ҳисобварағи
К-т 9720 - «Фавқулоддаги зарарлар» ҳисобварағи
9. Ҳисобот даври якунида «Солиқ ва тўловларни тўлаш учун фойданинг сарфланиши» ҳисобварақларининг ёпилиши:
Д-т 9910 - «Якуний молиявий натижа» ҳисобварағи
К-т 9810-20 - «Солиқ ва тўловларни тўлаш учун фойданинг сарфланиши» ҳисобварақлари
10. Ҳисобот йилининг соф фойдаси (зарари) суммасини 9910 - «Якуний молиявий натижа» ҳисобварағидан 8710 - «Ҳисобот даврининг тақсимланмаган фойдаси (зарари)» ҳисобварағининг дебетига кўрилган зарар ёки кредитига олинган соф фойда суммасининг ўтказилиши:
фойда суммасига:
Д-т 9910 - «Якуний молиявий натижа» ҳисобварағи
К-т 8710 - «Ҳисобот даврининг тақсимланмаган фойдаси (зарари)» ҳисобварағи
зарар суммасига:
Д-т 8710 - «Ҳисобот даврининг тақсимланмаган фойдаси (зарари)» ҳисобварағи
К-т 9910 - «Якуний молиявий натижа» ҳисобварағи
Do'stlaringiz bilan baham: |