Шиша буюмлар
Ойна тахта шиша буюмлари ичида энг асосийсидир. Деразабоп ойна асосан уч хил бўлади: жилоли, жилосиз, силлиқланган.
1-расм. Шишанинг тузилиши:
а– тоза кварц қумидан ишланган шиша; б –натрий силикатли шиша: 1–Si; 2– О; 3– Na.
Шиша сув ва ҳавони ўтказмайди, электр токини эса жуда ёмон ўтказади. Агар шиша муттасил ўювчи ишқор таъсирида бўлса, ундаги икки оксидли қум-тупроқнинг бир қисми эриб, ялтироқлиги йўқолади ва бироз хиралашиб қолади. Қурилиш шишасининг физик-механик хоссалари қуйидагича: сиқилишдаги мустаҳкамлик чегараси 700–1000 МПа, яъни эгилишдаги 30–60 МПа дан 15– 20 марта кўп, Моос шкаласи бўйича қаттиқлиги 5–7 га тенг, зичлиги 2450–2550 кг/см3. Шишанинг иссиқликдан кенгайиш коэффициенти 5,5-10-7 дан 250-10-7 гача, иссиқлик ўтказувчанлик коэффициенти эса 0,35 дан 0,83 Вт/мград. гача.
Иссиқлик ўтказувчанлик коэффициентининг кичиклиги, кенгайиш коэффициентининг катталиги шишанинг ўзгарувчан иссиқдик таъсирига чидамсизлигини кўрсатади, яъни агар шиша қиздирилиб, кейин тез совитилса, унда катта зўриқиш ҳосил бўлади ва буюм синади. Шиша кимёвий жиҳатдан чидамлидир. У плавик (фтор водород) кислотадан бошқа ҳамма кислота ва нордон эритмалар таъсирида ўз хоссаларини ўзгартирмайди. Келтирилган кўрсаткичлар қурилишда ишлатиладиган оддий шиша буюмлари учун аҳамиятли. Қурилишда булардан ташқари махсус шишалар ҳам ишлатилади. Улар деярли ҳамма шароитларга чидамли. Масалан, хира, иссиққа чидамли, синмайдиган, ультрабинафша нурларни ўтказадиган шиша буюмлар.
Қурилиш шишасига дераза кўзларига солинадиган ойна тахта, шиша блоклар каби донали шиша буюмлар киради. Меъморчилик-безатиш шишасига қоплама тахтачалар, турли рангдаги безатиш ойналари, рангли шиша блок ва бошқалар киради. Қурилишда ишлатиладиган шиша буюмлар жуда кўп хилларга бўлинади. Масалан, деразабоп ойна тахта, пўлат сим тўр билан арматураланган ойна тахта ва кўзгу ойнаси, декоратив, ўта мустаҳкам ойналар, том ёпишда ҳамда деворга қоплашда ишлатиладиган шиша тахталар, ичи кавак шиша блоклар ва найлар.
Ойна тахта эритмани узлуксиз тортиш ва чиғирлаш усуллари билан олинади. Ишлаб чиқаришда асосан узлуксиз сўриш усули қўлланади. Қалинлиги 2–6 мм. гача бўлган дераза тахта ойналарнинг сирти заводда махсус текисловчи ускуналарда пардозланади. Нур ўтказувчанлиги 84–89 %. Бу хил ойна тахталар бино ҳамда вагон дераза кўзларини солишда, дўкон кўргазмалари ва шу кабиларни ясашда ишлатилади. Техник мақсадлар учун қалинлиги 20 мм. дан ортиқ тахта ойналар ҳам ишлатилади.
Деразабоп ойна тахта эни 250 дан 1600 мм. гача, узунлиги 250 дан 2200 мм. гача ўлчамларда ишлаб чиқарилади. Ойна тахталар асосан юқори ҳароратдаги шиша эритмаси юзасига тик ўрнатилган қайиқни эслатувчи машиналарда узлуксиз сўриш усули билан ишланади (2-расм).
Do'stlaringiz bilan baham: |