Ўқув қўлланмасининг 223-бетида 1864 йилги биринчи Женева конвенциясининг вужудга келишини тушунтириш. Ўрта мактабнинг 8-синфи учун "Умумий тарих" дарслигини қаранг, муаллиф Фармонов, “Италия давлатларининг бирлашиши” мавзуси.
11-савол. Ўқувчилар мустақил ишлаганидан сўнг, ўқитувчи биринчи баҳс дарсида улар Тинч аҳолини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Женева конвенциясининг моддалари билан танишганликларини эслатади. Бугун эса Ҳарбий асирлар билан муомала қилиш тўғрисидаги Женева конвенцияси моддалари билан ишлаётганликларини айтади ва жаҳон ҳамжамияти томонидан, шунингдек, Ҳаракатдаги армияларда ярадорлар ва беморларнинг аҳволини яхшилаш ҳамда денгиз қуролли кучлари таркибидан бўлган ярадорлар, беморлар ва кема ҳалокатига учраган шахсларнинг аҳволини яхшилаш тўғрисида Женева конвенциялари ҳам қабул қилинганлигини ҳам айтиб ўтади.
Женева конвенцияларининг деярли барча моддалари халқаро қуролли можаро вақтида, яъни бир давлат ёки давлатлар гуруҳи бошқа давлат ёки давлатларга қарши жанг қилаётган вақтда ҳимоя қилишга қаратилган. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг уруш хусусиятларининг ўзгариши ва ички можаролар кучайиши билан 1977 йилда 1949 йилги Женева конвенцияларига иккита Қўшимча протоколнинг қабул қилиниши ва имзоланишига эҳтиёж туғилди. Ушбу протоколларнинг мақсади уруш вақтида фуқаро шахслар ҳимоясини янада кучайтириш йўли билан 1949 йилги Женева конвенцияларини тўлдиришдан иборатдир.
I Қўшимча протоколнинг қабул қилинишига иккинчи жаҳон урушидан сўнг Африка ва Осиё мамлакатларидаги миллий-озодлик ҳаракатлари билан боғлиқ воқеалар туртки бўлди. Бундай урушлар жаҳон ҳамжамияти томонидан халқаро можаролар сифатида тан олинди, шунинг учун ушбу протокол халқаро қуролли можароларни тартибга солади. II Қўшимча протокол халқаро бўлмаган қуролли можароларни тартибга солади.
Тўртала Женева конвенциясининг ҳаммаси учун бир хил бўлган 3-модда мавжуд. Бу модда “миниконвенция” деб аталади ва халқаро бўлмаган можарода ўзаро уруш олиб бораётган томонларнинг ҳатти-ҳаракатларини тартибга солади.
Кўпгина давлатлар ўша пайтларда давлат ичидаги қуролли можароларда, яъни фуқаролар уруши пайтида томонларнинг хатти-ҳаракатини тартибга солувчи меъёрларни яратиш ишига унчалик иштиёқсиз ёндошишди. Ҳозирги даврда ҳам давлатларнинг бир қисми, Женева конвенцияларидан фарқли ўлароқ, Қўшимча протоколларнинг қоидаларини ўзлари учун мажбурий деб билмайдилар. Улар, масалан, иккинчи Қўшимча протокол давлат суверенитетига, яъни ички сиёсатда давлатнинг устуворлиги масалалари ва унинг ташқи сиёсатда эркинлиги масалаларига дахл қилади, деб ҳисоблашади.
Do'stlaringiz bilan baham: |