14.2. Соғлиқни сақлаш соҳасининг аҳамияти ва ўрни Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ишлаб чиқариш кучларининг қувватига ва ишлаб чиқариш муносабатлари хусусиятига, техника билан жиҳозлаш ва ишловчиларнинг касб-кор тайёргарлигигагина эмас, балки кўп жиҳатдан демография жараёнларининг ҳолатига, аҳоли соғлиғига ва соғлиқни сақлаш даражасига ҳамбоғлиқдир.
Кейинги ўн йилликда аҳоли соғлиғини мухофаза қилишга республика ҳукумати томонидан алоҳида эътибор берилаётган Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш алоҳида долзарблик касб этади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан тасдикланган «1998-2005 йилларда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш консепсияси» да Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий сиёсатида соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш устуворлиги ва аҳоли соғлиғини яхшилаш учун шарт-шароитлар яратиш ўзининг умумий ифодасини топди. Аҳоли соғлиги потенсиали миллий бойликнинг муҳим таркибий қисми ва маданиятли жамиятнинг фундаментал хусусиятларидан бири ҳисобланади, Аҳоли соғлигини мухофаза қилиш хизматини ҳар томонлама ривожлантириш жамият тараққиётининг муҳим шарти ва ижтимоий ривожланиш даражасининг интеграллашган кўрсаткичидир.
Ислоҳотларнинг асосий мақсади мамлакатда жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда соғлиқни сақлашнинг эҳтиёжлари учун давлат сарф-харажатларини йўл қўйилиши мумкин бўлган даражада энг кўп қисқартирган ҳолда республиканинг бутун аҳолисини тиббий хизматлар билан ялпи қамраб олишни таъминловчи самаралироқ тизим яратишдир. Бу соғлиқни сақлаш сингари ўзига хос ва алоҳида соҳада марказлаштирилган давлат бошқаруви усуллари ва қўллаб-қувватлашни бозорга хос йўналтириш механизмлари билан мақбул қўшиб олиб бориш йўлларини излаш зарурлигини кўрсатади.
Соғлиқни сақлашни ривожлантириш масалаларини ҳал қилишга бундай ёндашишнинг долзарблиги Ўзбекистонда иқтисодиётнинг институтсионал ва таркибий қайта тузилиши ва бозор муносабатларининг жадал ривожланиши жараёнида ушбу соҳага энг ривожланган мамлакатларда синовдан ўтган принсиплар ва усулларнинг жорий этилиши билан ҳам белгиланади.
Хорижий тажрибани таҳлил этиш жорий муаммоларни ҳал қилишга йўл топиш ва соғлиқни сақлашни ривожлантиришда бўлажак тенденсияларни башорат қилиш усулларини ишлаб чиқиш имконини беради,
Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятига қўшилиши, ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни тартибга солишнинг принсипиал янги моделига ўтиш жараёнида хорижий мамлакатлар тажрибасининг республика шароитларида қўлланилса бўладиган айрим ютуқларини оқилона жорий этиш алоҳида аҳамиятга эга.
Ўзбекистонда бугунги кунда соғлиқни сақлаш иқтисодиёти соҳасидаги назарий, амалий, молиявий-иқтисодий, ташкилий-бошқарув жиҳатларини таҳлил килувчи комплекс ишланмалар этарли эмас, шунингдек, хорижий мамлакатларда соғлиқни сақлашни тартибга солувчи бозор механизми амалиётининг қиёсий таҳлили йўқ. Ушбу ҳолатга консептуал қараб чиқиш соғлиқни сақлашга бозор муносабатларининг салбий таъсирини энг кам даражага келтириб, замонавий шароитларда самарали бозор ислоҳотларини амалга ошириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш имкониятини беради.