ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ
ТОШКЕНТ ДАВЛАТ ЮРИДИК УНИВЕРСИТЕТИ
Ш.А.САЙДУЛЛАЕВ
ДАВЛАТ ВА ҲУҚУҚ
НАЗАРИЯСИ
Маърузалар матни
ТОШКЕНТ – 2020
8-МАВЗУ.
ҲУҚУҚИЙ ОНГ ВА
ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТ
Мавзунинг асосий йўналишлари
Ҳуқуқий онг тушунчаси, таркибий қисмлари.
Ҳуқуқий психология ва ҳуқуқий мафкура.
Ҳуқуқий онгнинг турлари ва даражалари.
Ҳуқуқий онгнинг функциялари.
Ҳуқуқий маданият тушунчаси, тузилиши, даражалари.
Ҳуқуқий тарбия – ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг зарур шарти.
Ҳуқуқий нигилизм ва ҳуқуқий идеализм.
Ҳуқуқий нигилизмни бартараф қилиш масалалари.
Расм navoprosotveta.net/pravosoznanie сайтидан олинган
8.1. ҲУҚУҚИЙ ОНГ ТУШУНЧАСИ, ТАРКИБИЙ
ЭЛЕМЕНТЛАРИ
Ҳуқуқий онг билан боғлиқ масалаларни ўрганишда, энг аввало, “онг” ва “ижтимоий онг” каби категорияларнинг моҳиятини англаш зарур. Онг деганда оддий руҳий инъикос эмас, балки ижтимоий ривожланган инсон томонидан воқеликни руҳий акс эттиришнинг олий шакли тушунилади. Онгга тегишли белгилардан унинг қуйидаги таърифи келиб чиқади: онг фақат шахсгагина хос бўлган, миянинг тил ва нутқ ёрдамида воқелик аксини умумлаштирадиган, мақсадга мувофиқ, конструктив ҳамда ижодий намоён бўладиган олий функциядир. Онг, шунингдек кишининг руҳий, сиёсий, фалсафий нуқтаи назарлари, диний, бадиий қарашларининг ҳам мажмуи ҳисобланади. Ижтимоий онг деганда мана шулар тушунилади.
Ўз навбатида, ижтимоий онгнинг турли шакллари мавжуд бўлиб, кишилар улар ёрдамида ижтимоий ва табиий борлиқни ўрганади. Шу жиҳатдан олганда, тегишли адабиётларда сиёсий, ахлоқий, эстетик, диний, ҳуқуқий онг шакллари ажратиб кўрсатилади. Ҳуқуқий онг ижтимоий онгнинг шаклларидан биридир. Айни пайтда ижтимоий онгнинг шакли сифатида ҳуқуқий онг ҳам унга хос бўлган барча хусусиятларга эга.
Ҳуқуқий онгни ижтимоий онгнинг бошқа соҳалари (сиёсий, ахлоқий, эстетик ва бошқалар)га нисбатан ўзига хос хусусиятлари шундан иборатки, ҳуқуқий онг инсонларнинг ижтимоий ҳаётнинг юридик аҳамиятли ҳодисалар (амалдаги қонунчилик, юридик амалиёт, инсонлар ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари)га оид баҳоловчи руҳий муносабатини ифодаловчи ҳуқуқий тасаввурлари, қарашлари, ғоялари, ҳислари, ҳаяжонлари мажмуи сифатида намоён бўлади. Бундан ташқари, ҳуқуқий онг фуқароларнинг ҳуқуқий ижтимоийлашуви жараёнлари натижаларини, жамиятда қонунийлик ва ҳуқуқий тартибот ҳолатини, жорий ҳуқуқ тизимининг алоҳида қисмларини ёки тўлалигича ўзини ўзгартиришга бўлган эҳтиёжни ўзида ифода этадиган ҳодиса сифатида намоён бўлади. Шунингдек, у ҳуқуқ ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг муҳим кўрсаткичи вазифасини бажаради.
Do'stlaringiz bilan baham: |