Рағбатлантириш – кишиларни рағбатлантириш тизими орқали жамият ва давлат манфаатдор бўлган ижтимоий фойдали фаолият юритишга ундашдир.
Тавсия қилиш – кишиларни жамият ва давлат нуқтаи назаридан исталган ва ижобий хатти-ҳаракатни амалга оширишга йўналтиришдир.
Юқоридагилар билан бирга бошқа ҳуқуқий адабиётларда давлат функцияларини амалга оширишнинг иқтисодий ва маъмурий усуллари ҳақида ҳам айтиб ўтилади.
Иқтисодий усуллар сифатида давлат бошқарувини амалга оширишда қуйидаги иқтисодий воситалардан фойдаланиш назарда тутилади: муайян товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар учун солиқларни камайтириш; иқтисодиётнинг у ёки бу тармоғига инвестиция киритиш ва бошқалар.
Маъмурий усуллар давлат органларининг қонуний кўрсатмаларини бажариш мажбурияти билан боғлиқдир. Бундай усуллар қаторига давлат рағбатлантируви ва ман этиш усулларини киритиш мумкин. Давлат томонидан рағбатлантиришга, масалан, чет эл инвестицияларини рағбатлантириш мақсадида чет эл капитали билан фаолият юритадиган корхоналарни бир неча йилга солиқлардан озод қилишни кўрсатиб ўтиш мумкин. Ман этишга қаратилган усулни қўллаш орқали давлат у ёки бу фаолият юритишга ўзининг салбий муносабатини билдиради. Бунда давлат жамият манфаатлари учун зарарли ва мос келмайдиган фаолият олиб борилишига тўсқинлик қилади.
4.5. ДАВЛАТ ФУНКЦИЯЛАРИНИНГ РИВОЖЛАНИШИ ВА ЎЗГАРИШИГА ТАЪСИР ЭТУВЧИ ОМИЛЛАР
Тараққиётнинг муайян босқичида турган турли давлатлар бир хил функция (масалан, ижтимоий функция)га эга бўлмайди, уларни амалга ошириш мазмуни ва усуллари бир-биридан фарқ қилади. Ҳар бир босқичга қатъий белгиланган функциялар мос келади деб ўйлаш тўғри эмас. Албатта, давлат тараққиёти давомида вақти-вақти билан янги функциялар юзага келади, лекин эскилари ҳам изсиз йўқолиб кетмайди. Фақат уларнинг кўриниши ўзгариши, янги мазмун билан бойиши мумкин.
Давлатнинг функциялари у мавжуд бўлган бутун тарихий давр мобайнида доимий равишда хос бўлади. Агар ҳокимият тепасига бошқа сиёсий кучлар келса, у ҳолда давлатнинг функциялари ҳам ўзгаради. Шу билан бирга, маълум даврларда устувор манфаатларнинг ўзгариши ҳам рўй бериши мумкин. Бу, ўз навбатида, функцияларнинг ҳам ўзгаришига олиб келади. Бунда биринчи ўринга бирламчи аҳамиятга эга бўлган функциялар чиқиши табиийдир. Ижтимоий ва табиий борлиқнинг турли соҳаларида глобал ўзгаришлар рўй бераётган бугунги кунда айрим функцияларнинг аҳамияти янада ошиб бораётганлигини кўришимиз мумкин. Бунга мисол тарзида экологик мувозанатни сақлаш зарурати; турли хил касалликлар (шу жумладан, ОИТС)га қарши кураш; алоҳида мамлакатларнинг манфаатлари доирасига сиғмайдиган муаммоларни ҳал қилишда халқаро маданий ва илмий-техник ҳамкорлик (коинотни ўзлаштириш, дунё океани ресурсларини ўрганиш ва улардан фойдаланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, транспорт воситаларини ривожлантириш, миллий, этник, диний низоларни ҳал этиш ва бошқалар)ни кўрсатиб ўтиш жоиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |