Ўрта асрларда Ғарб ва Шарқда фалсафа ривожланишининг умумий белгилари. Биринчидан, ўрта асрлар Ғарб ва Шарқ фалсафаси аввало феодал жамият фалсафаси бўлиб, у илоҳиёт ва диннинг ҳукмронлиги билан тавсифланади. Феодал тузум шароитида феодал мулкдорлик билан бир қаторда ҳунармандлар ва деҳқонларнинг шахсий меҳнатига асосланган хусусий хўжалиги мавжуд бўлган. Феодал ишчини сотиши ва сотиб олиши мумкин бўлган, лекин ишчини ўлдириш ҳуқуқи унга берилмаган. Ишлаб чиқариш муносабатларининг бундай ривожланиши уларни ижтимоий-психологик ва мафкуравий жиҳатдан мустаҳкамлашни талаб қилган. Феодал маданиятни мафкуравий жиҳатдан таъминловчи интеграцион асос дин бўлган.
Иккинчидан, ўрта асрларда дин Ғарбда ҳам, Шарқда ҳам феодал жамиятнинг ҳукмрон мафкураси ҳисобланган. Бу даврда черков энг йирик куч бўлган. Шунингдек, у сиёсий жиҳатдан ҳам ўта марказлашган ташкилот саналган. Диндорлар амалда бирдан-бир ўқимишли одамлар бўлган. Ҳуқуқшунослик, табиатшунослик ва фалсафанинг мазмуни черков таълимоти билан мувофиқ ҳолатга келтирилган.
Муқаддас китоб ақидалари фалсафий мулоҳазаларнинг таянч нуқтасига айланган. Бу даврда билим эмас, балки эътиқод, фан эмас, балки дин афзал кўрилган. Теоцентризм, яъни Худога, унинг моҳиятига дунёнинг биринчи сабаби ва биринчи асоси сифатида ёндашиш ўрта асрлар фалсафасига хос хусусиятдир. Масалан, ўрта асрларда Хитойда дао ҳақидаги таълимот дин эҳтиёжларига тўла мослаштирилган: дао табиий қонун сифатида эмас, балки илоҳий қонун сифатида намоён бўлган.
Буддизм фалсафаси асосий эътиборни борлиқнинг ўткинчилиги ва йўқликнинг ҳақиқийлиги, жоннинг боқийлиги ва абадий маънавий дунёни англаб етиш йўлида ўзликни камолотга етказиш орқали унинг ўз шакл-шамойилини ўзгартириши билан боғлиқ муаммоларни ўрганишга қаратган.
Конфуцийчилик феодал тузумни оқлаш учун буддизм ва даосизмнинг идеалистик ва даосизм ғояларини ўзлаштирган: одамлар ўзларининг «ёмон» ниятларини жиловлаб, тақдирга бўйсунишлари лозим. Ҳокимиятга бўйсуниш, уни ардоқлаш ва ҳурмат қилишни талаб этувчи «Осмон қонуни» ҳақидаги таълимот конфуцийчиликда энг муҳим таълимотга айланган.
Ғарб Европа феодализми шароитида ҳам христиан дини ҳукмронлик қилган. У ўзининг одамлар ақли ва қалбини назорат қилиш марказлаштирилган тизимини кўп сонли тарқоқ феодал давлатларга қарши қўйган. Бу назоратни аввало Рим Папаси бошчилигидаги католик черкови амалга оширган. Айни вақтда черков қадимги дунёнинг «мажусийча» фалсафасига, айниқса материалистик таълимотларга ёт кўз билан қараган. Шу сабабли антик даврнинг фалсафий меросини ўзлаштиришга нисбатан холисона ёндашилмаган, бу мерос қисмларга бўлиб ўзлаштирилган, асосан диний ақидаларни мустаҳкамловчи идеалистик ғояларни тарқатишга йўл қўйилган.