Бешинчидан, фалсафий билимнинг дунёқараш билан боғлиқлиги ҳам Ғарб ва Шарқ фалсафаси ривожланишининг қонуниятидир. Биз истаймизми, йўқми, лекин фалсафий ғоялар, қарашлар, назариялар ва тизимлар ё идеалистик, ё материалистик, баъзан эклектик (бу икки дунёқарашнинг бирикмаси) бўлади. Жумладан, қадимги Юнонистонда Милет фалсафий мактаби намояндаларининг асарларида фалсафий муаммоларнинг материалистик талқинига дуч келиш мумкин. Бу мактаб асосчиси Фалес сувни, Анаксимен – ҳавони, Анаксимандр – апейрон (мавҳумлик)ни ҳамма нарсанинг биринчи асоси деб ҳисоблайди. Дунёнинг материалистик асосларини Анаксагор таклиф қилади. Унинг фикрича, барча нарсалар муайян «уруғлар»дан иборат. Уларни Анаксагор гомеометриялар деб номлаган. Эмпедокл ўзининг “Табиат ҳақида” асарида олов, ҳаво (уни Эмпедокл эфир деб номлаган), сув ва ер турли нарсаларнинг биринчи асосларидир, деб қайд этган.
Шунга ўхшаш фикрларга Шарқ фалсафасида ҳам дуч келишимиз мумкин. Масалан, Зардуштийлик таълимотида олов, ҳиндларнинг қадимги фалсафий китоби “Упанишада”да, шунингдек “Чорвака” қадимги ҳинд фалсафий мактабига доир манбаларда сув, олов, ер, ҳаво, бутун борлиқнинг субстанционал асосидир, деб қайд этилади. Бу фикр эса Эмпидокл таълимоти билан ҳамоҳангдир.
Олтинчидан, Шарқ ва Ғарб қадимги дунё фалсафасида идеализм ўзининг икки кўринишида: объектив идеализм ва субъектив идеализм сифатида намоён бўлади. Шарқ фалсафасида бу “йога”, буддизм, жайнизм, зардўштийлик, конфуцийчилик, даочилик фалсафаси, Ғарб фалсафасида – бу Пифагор ва Пифагорчилар уюшмаси фалсафаси, элей мактаби фалсафаси, шунингдек Суқрот, Платон фалсафаси ва ш.кларда ўз ифодасини топади. Жумладан, милоддан аввалги IV асрда яшаб ижод қилган қадимги юнон файласуфи Платон икки дунё – “ғоялар дунёси” ва “нарсалар дунёси” мавжудлиги ҳақида сабоқ беради. “Ғоялар дунёси” умумий тушунчалардан иборат, “нарсалар дунёси” эса “ғоялар дунёси”нинг инъикосидир: “ғоялар дунёси”да идеал моҳиятлар мавжуд, “нарсалар дунёси” эса бу моҳиятлар маҳсули бўлган айрим нарсалардан иборат. Платоннинг ғоялар ҳақидаги таълимоти унинг “Базм”, “Федон”, “Федр”, “Давлат” асарларида ўз аксини топган, мутафаккирнинг “Театет”, “Парменид”, “Софист”, “Критий” асарлари эса ғояларнинг моддий дунёга бўлган муносабати муаммосига бағишланган. Платон фикрига кўра, материя - ғоянинг соф “акси”, унинг “аксилмоҳияти”. Материянинг моҳияти эса - ғоя. Ҳақиқий борлиқ - бу пирамидани эслатадиган идеал борлиқ. Унинг замирида “билиш ва ҳаракат асосининг моҳияти” сифатида амал қилувчи гўзаллик ғояси ётади. Унинг ёнидан яхшилик ғояси ва оқиллик (ҳақиқат) ғояси ўрин олади. Шундай қилиб, Платон “ғоялар дунёси” “нарсалар дунёси”ни вужудга келтиришини назарда тутувчи объектив идеализм фалсафий тизимини яратган. Платон ғоялар ва нарсаларни бир-биридан ажратиб бўлмаслигини қайд этса-да, лекин буюк мутафаккир учун “ғоялар дунёси” бирламчидир.
Аристотель “Метафизика” асарида Платоннинг нарсаларнинг вужудга келиш асоси сифатидаги ғоялар ҳақидаги таълимотини рад этади. У моҳият-ғоялар ҳиссий идрок этиладиган нарсадан ташқарида мавжуд эмас, деган тезисни илгари суради. Платон фикрларига эътироз билдирар экан, Аристотель умумийлик фақат айрим нарсада мавжуд деб ҳисоблайди: “Айрим нарса бўлмаса, умумийлик ҳам бўлмас эди”. “Метафизика”да Аристотель фалсафа борлиқ ва унинг атрибутларини, борлиқнинг олий тамойиллари ёки сабабларини ўрганишини қайд этади. Булар “умумий метафизика” муаммоларидир. Аммо “хусусий метафизика” ҳам мавжуд бўлиб, у “ҳаракатсиз субстанция ёки биринчи боқий двигатель”ни ўрганади.
Айни вақтда шуни таъкидлаш лозимки, аксарият Шарқ ва Ғарб файласуфларининг фалсафий қарашлари фақат материалистик ёки фақат идеалистик хусусият касб этмайди. Уларда бошқа ғоялар ҳам уйғунлашади. Аммо материя ва онгнинг ўзаро нисбати муаммосининг у ёки бу ечими унинг турли шаклларида – космос ва табиатни англаб етишдан тортиб инсон ва унинг шахсий борлиғига қадар – доим у ёки бу файласуф ёки фалсафий мактабнинг муайян дунёқарашидан далолат беради.
Еттинчидан, Ғарб ва Шарқ фалсафаси ривожланишининг яна бир умумий қонунияти унинг методологик аҳамият касб этувчи ҳақиқий илмий билимга эришиш йўлида илмий изланишлар олиб боришидир. Бу ерда гап фанга ва фалсафанинг методологик функциясига бўлган муносабат ҳақида кетмоқда. Фалсафий таълимотлар, концепциялар, ғоялар ёрдамида турли ҳодисаларнинг таҳлили амалга оширилади, амалий тавсиялар берилади. Бу жиҳатдан милоддан аввалги V асрда вужудга келиб, Хитойдагина эмас, балки бошқа Шарқ мамлакатларида ҳам кенг тарқалган конфуцийчилик диққатга сазовордир. Унинг айрим концепциялари ҳанузгача тирик. Масалан, «сяо» ёки ота-онани ҳурмат қилиш, катталарга иззат-икром кўрсатиш концепцияси ёш жиҳатидан ҳам, ижтимоий иерархия бўйича ҳам катталарга нисбатан ўз хулқ-атворини барча фазилатлар моҳиятини англаб етиш асосида йўлга қўйишни таклиф қилади.
Ғарб фалсафасига назар ташлайдиган бўлсак, унда ҳам фалсафанинг методологик функцияси бўртиб намоён бўлишини кўрамиз. Масалан, юнон файласуфлари – фалсафа тарихидан донишмандлик ва ширинсуханлик ўқитувчилари деган ном билан ўрин олган софистлар шогирдларига оқилона фикрлашни, муҳокама қилинаётган нарса ёки ҳодисанинг моҳиятини теран англаган ҳолда иш кўришни ва ўз фалсафий билимларидан сиёсий фаолиятда фойдаланишни ўргатишни ўз вазифаси деб билганлар. Маълумки, қадимги юнон файласуфи Суқрот ўз эътиқодларини ҳимоя қилиш йўлида ҳаётини тиккан. У давлатни бой ва зодагон кишилар эмас, балки ишнинг кўзини биладиган, оқил одамлар бошқаришлари лозим деб ҳисоблаган ва ўз шогирдларига ўша даврда мавжуд бўлган сиёсий анъаналарда мўлжал олишни ўргатган. Айни шу фикри учун устидан чиқарилган ҳукмга эътироз билдирмай, Суқрот ўз ўлимини ихтиёрий равишда танлаган ва бир қадаҳ цикут (заҳар) ичиб ўлган.
Do'stlaringiz bilan baham: |