Саводсизликни бартараф этиш муаммолари (Машриқ давлатлари)
Дарснинг мақсади: Мустақилликка эришилганидан кейин араб мамлакатларида вужудга келган лингвистик ҳолат ҳақида, шунингдек маънавий соҳани деколонизация қилиш ва араблаштириш йўлида миллий маданиятни тиклаш муаммоларини ҳал қилишда тил сиёсати концепцияси ҳақида тушунча бериш. Aраблаштиришнинг вазифаси араб адабий тилини кенг тарқатиш орқали ёзма ва оғзаки мулоқотни таъминлашдир.
Таянч сўзлар ва иборалар: Саводсизликни йўқ қилиш, касбий лаёқатсилик, муаммо, AРЛО, AЛЕКСО, таълим тизими, аҳоли сонининг ўсиши, аспект, даража, замонавий вазият, муаммонинг ечими, иқтисодий сабаб, суръат.
Aсосий саволлар:
1. Саводсизликка қарши кураш
2. AЛЕКСО статистик маълумотлари
3. Саводсизликни йўқ қилиш режаси
Тил сиёсатини амалга оширишнинг муҳим йўналишларидан бири бу халқ таълими тизими ва саводсизликни йўқ қилиш бўйича олиб борилувчи фаолиятдир. Мустамлакачилик даврида ва ундан кейинги дастлабки йилларда аҳолининг аксарият қисми саводсизлиги барча араб мамлакатларига хос бўлган ҳолатдир. Мустақиллик қўлга киритилиши биланоқ саводсизликни йўқ қилиш масаласи ижтимоий-иқтисодий ривожланиш муаммолари орасида муносиб ўрин эгаллади.
Мазкур ҳолатда араб мамлакатларида саводсизликка қарши кураш ҳақида гапирилганида компьютер, атроф-муҳит ёки касбий лаёқатсизликдан халос бўлиш ҳақида эмас, балки унинг элементар, энг кенг тарқалган маъносида саводсизликни йўқ қилиш, яъни ўқиш ва ёзишни ўргатиш ҳақида сўз боради.
Шуниси қизиқки, турли араб мамлакатларида "саводсиз" тушунчасининг ўз талқини бор. Кўпгина мамлакатларда саводсизлик тоифасига қуйидагилар кириши кераклиги қайд қилинган: а) бошланғич мактабнинг 4-синфини тугата олмаганлар; б) саккиз ёшга тўлган ва мактабга бормаган. Саудия Aрабистонида ўқишни ва ёзишни яхши билмайдиган, аммо ёши (камида 45 ёш) бўлганлиги сабабли бошланғич мактабга қабул қилинмайдиганлар саводсиз одам ҳисобланади. Мисрда 8 ёшдан 45 ёшгача бўлган, ҳеч қандай таълим муассасасида ўқимайдиган ва билим даражаси бўйича бошланғич мактабнинг тўрт синфини битирган ўқувчиларга қўйиладиган талабларга жавоб бера олмайдиганлар саводсиз инсонлардир.
Aраб мамлакатларида мустақилликка эришилганидан кейин бошланғич (элементар) саводсизликка қарши курашда маълум ютуқларга эришилди, аммо шунга қарамай, бугунги кунда ҳам ушбу муаммо энг долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда.
Саводсизликни йўқ қилиш учун кураш араб мамлакатларида олиб борилаётган тил сиёсатининг ажралмас қисми сифатида тан олинган, чунки саводсизлик 1) ижтимоий ва иқтисодий тараққиёт йўлидаги жиддий тўсиқ; 2) фуқароларнинг асосий ҳуқуқларини таъминлаш йўлидаги жиддий тўсиқ; 3) уларнинг жамият ҳаётининг барча соҳаларида фаол иштирок этиши йўлидаги жиддий тўсиқ; 4) ниҳоят, миллий ва умумбашарий маданият ривожланиши йўлидаги жиддий тўсиқдир.
Саводсизликни йўқ қилиш муаммоси мутлоқ лингвистик жиҳатга (аспектга) ҳам эга. Саводсизлик – бу оғзаки-сўзлашув шаклларининг, халқона-сўзлашув тилининг устуворлиги; адабий меъёрдан ташқарида бўлган, араб тили фаолият доирасини чеклайдиган бундай ижтимоий-функционал тилнинг тасдиқланишидир.
Таълим, маданият ва фан бўйича араб ташкилотининг араб мамлакатларидаги (Ливан ва Марокашдан ташқари) 15 ёшдан ошган одамлар орасидаги саводсизлар сони тўғрисидаги статистик маълумотлари (70-йилларнинг охири ва 80-йилларнинг бошлари) саводсизликни йўқ қилиш муаммосини ҳал қилишнинг мураккаблиги тўғрисида тасаввур уйғотиши мумкин.
Ҳар бир мамлакатдаги саводсизлар фоиз кўрсаткичи асосида ушбу араб давлатларини қуйидагича тавсифлаш мумкин:
A) саводсизларнинг улуши аҳолининг 80 фоизидан кўпроғини ташкил этадиган мамлакатлар: Саудия Aрабистони, Уммон, ЙAР, Қатар ва Мавритания1.
Б) саводсизларнинг улуши 40 дан 80 фоизгача бўлган мамлакатлар: Судан, Ироқ, Жазоир, НДРЙ, Миср, Тунис, Сурия;
C) саводсизлик даражаси 40% дан паст (25% дан бошлаб) бўлган мамлакатлар: Иордания, Баҳрайн, Ливия, Ливан, БAA ва Қувайт.
Бошқа манбалардан қуйидагилар келиб чиқади:
1) кўплаб мамлакатларда ўртача ҳар икки ёки уч кишига ўқиш ва ёзишни биладиган бир киши тўғри келади;
2) саводсизларнинг улуши аёллар орасида нисбатан юқори (ўртача ҳисоблаганда эркаклар орасида 15-50% ва аёллар орасида 30-98%);
3) қишлоқда яшовчилар орасида саводсизлик нисбатан кенг тарқалган;
4) саноатда ишлайдиган одамлар орасида саводсизларнинг улуши қишлоқ хўжалигида ишлаётганларга қараганда анча паст;
5) саводсизлар сони кекса ёшлилар орасида секинроқ камайиб бормоқда;
6) саводсизлик мамлакатнинг турли ҳудудларида нотекис тақсимланган. Саноат ва ўтроқ зоналарда саводсиз одамларнинг улуши иқтисодиётининг асосини чорвачилик, деҳқончилик ёки анъанавий ҳунармандчилик ташкил этувчи ҳудудлардагига нисбатан паст;
7) араб мамлакатларидаги миллий озчиликлар деярли ёппасига саводсиз. Ливан миллий озчиликлари (кичик миллий жамоалар) бундан истисно, чунки арманлар, греклар ва бошқалар орасида ўқимишлилик даражаси араб аҳолисидан юқори.
1975 йилда Aраб минтақасида 15 ёшдан ошган 60 миллиондан ортиқ саводсизлар бор эди.
Мавжуд вазиятнинг ажралиб турадиган хусусиятлари орасида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:
A) таълим тизими капиталистик ишлаб чиқариш услубига ўтилиши муносабати билан араб дунёси ривожланишининг янги босқичида қўйиладиган талабларга жавоб бера олмади;
Б) аҳоли сонининг табиий ўсиши юқори бўлиб, таълим тизими тобора сони кўпайиб бораётган болаларга таълим бериш учун шароит яратиб беролмади.
C) саводсизлар сони, хусусан, мактабга бормайдиган болалар ҳисобига кўпаймоқда. (1980 йилда аҳолининг ўсиши 3%га тенг ва у кейинги икки йил давомида сақланиб қолди).
Саводсизликнинг давом этишига шароит яратадиган бошқа омиллар қаторида, аввало, мактаблар, дарсликлар, малакали ўқитувчилар етишмаслигини айтиб ўтиш керак.
Мактабга бормайдиган болалар улушининг юқорилиги мактабни ташлаб кетиш даражаси юқори эканлиги билан изоҳланади. Ташлаб кетишнинг юқори даражаси мактаб барча мактаб ёшидаги болаларни қамраб ололмаслиги каби, аввало, ижтимоий ва иқтисодий сабаблар билан изоҳланиши керак. Ҳақиқат шундаки, аҳолининг аксарият қисми кунлик энг кам даромадни таъминлаш учун ўспиринларни фаол меҳнат фаолиятига қўшишга мажбур.
Саводсизликни йўқ қилиш бўйича араб мамлакатларида қабул қилинган биринчи режаларнинг асосий камчиликлари шундаки, бу муаммо жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг бошқа муаммоларидан ажратилган ҳолда, шунингдек, географик, демографик хусусиятларидан ва ушбу мамлакатдаги сиёсий вазиятдан алоҳида кўриб чиқилган. Муаммо баъзида фақат педагогик жиҳатга бориб тақалди, таббийки, бундай ёндашув билан уни муваффақиятли ҳал этиб бўлмайди. Айнан шунинг учун ҳам кейинчалик мамлакатлар ва бутун минтақа бўйича муаммони мажмуавий ҳал қилиш ғояси пайдо бўлди ва ҳар томонлама қўллаб-қувватланди.
Ушбу ғоя асосида ва унинг келажагини экстраполяция қилиб, AРЛО (Aраб Мамлакатлари Лигаси томонидан 1966 йил 8 январда “Саводсизликни йўқ қилиш ва катталарни ўқитиш араб ташкилоти” ташкил этилган) ва AЛЕКСО (“Таълим, маданият ва илм-фан масалалари бўйича араб ташкилоти”) “Aраб мамлакатларида саводсизликни йўқ қилиш бўйича умумараб стратегияси” ни ишлаб чиқди. Ушбу режа 1976 йилда Бағдодда бўлиб ўтган 3-AРЛО сессиясида тасдиқланган. Режани амалга ошириш муддати 15 йил этиб белгиланди.
Саводсизликни йўқ қилиш учун курашнинг бориши ва ривожланишини ўз ичига олган ҳужжатларнинг аксарияти ҳозирги вазиятнинг ўта мураккаблигини билдиради. Саводсизлар сонининг кўпайиш хавфи нафақат деярли барча араб мамлакатларида аҳоли сонининг ўсиш суръатлари туфайли давом этмоқда. Вазиятни тартибга солиш ҳар бир мамлакат ва бутун минтақа даражасида пухта саъй-ҳаракатларни қўллашни талаб қилади, чунки “араб мамлакатларидаги саводсизлик чинакам миллий фалокатга айланди ва уни йўқ қилиш учун бутун халқнинг фаол ҳаракатлари зарур”.
Do'stlaringiz bilan baham: |