Халқаро иқтисодий муносабатларнинг шакллари
Халқаро иқтисодий муносабатлар – бу жаҳоннинг турли мамлакатлари ўртасидаги хўжалик алоқалари мажмуидир.
Халқаро иқтисодий муносабатларни баъзида ташқи иқтисодий алоқалар, жаҳон хўжалиги алоқалари деб ҳам аталиб, улар қуйидаги шаклларда намоён бўлади:
- товар ва хизматларнинг халқаро савдоси;
- капитал ва чет эл инвестисияларининг ҳаракати;
- ишчи кучи миграсияси;
- ишлаб чиқаришнинг давлатлараро кооперасияси;
- фан ва техника соҳасидаги айирбошлаш;
- валюта-кредит муносабатлари.
Товар ва хизматларнинг халқаро савдоси энг аввало миллий хўжаликларнинг халқаро меҳнат тақсимотидаги иштирокига боғлиқ. Халқаро меҳнат тақсимоти ривожланиши натижасида жаҳон бозори таркиб топади.
Капиталнинг халқаро ҳаракати - бу капиталнинг чет элда жойлаштирилиши ва ҳаракат қилиши. У чет элга қуйидаги шаклларда чиқарилади:
- хусусий ёки давлат капитали шаклида. Капиталнинг халқаро ташкилотлар йўли билан ҳаракати кўпинча мустақил шакл сифатида ажратилади;
- пул ва товар шаклида. Жумладан, капитал чиқариш машина ва ускуналар, патентлар, ноу-хау ҳамда товар кредитлари шаклида бўлиши мумкин;
- қисқа ва узоқ муддатли кредитлар шаклида;
- ссуда ва тадбиркорлик капитали шаклида.
Халқаро иқтисодий муносабатларнинг анча мураккаб жиҳатларидан бири ишчи кучининг халқаро миграсияси ҳисобланиб, у ўз ифодасини ишчи кучи ресурсларининг анча қулай шароитда иш билан таъминлаш мақсадида бир мамлакатдан бошқасига кўчиб ўтишида топади.
Халқаро миграсия иккита асосий таркибий қисмни ўз ичига олади: эмиграсия ва иммиграсия. Эмиграсия – мамлакатлардан доимий яшаш жойига чиқиб кетишни, иммиграсия – мамлакатга доимий яшаш учун кириб келишни билдиради. Халқаро миграсия шунингдек репатриасия – яъни фуқароларни илгари чиқиб кетган мамлакатларига қайтарилиши жараёнини ҳам ўз ичига олади.
Халқаро мигрантлар бешта асосий тоифага ажратилади:
иммигрантлар ва ноиммигрантлар;
шартнома бўйича ишлашга келган мигрантлар;
нолегал, яширин иммигрантлар;
бошпана сўровчи шахслар;
қочоқлар.
Фан-техника ютуқлари билан халқаро айирбошлаш бир қатор шаклларда амалга оширилади. У илмий-техникавий ахборотлар, мутахасислар, фан соҳаси ходимлари билан айирбошлашни, тадқиқот ва янгиликларни лисензия асосида беришни, илмий-тадқиқот ишлари ўтказишни, умумий фан-техника ва технологияни ишлаб чиқариш бўйича қўшма тадбиркорликни ўз ичига олади.
Илмий-техникавий ҳамкорликнинг муҳим шаклларидан бири халқаро инжиниринг ҳисобланади. Халқаро инжиниринг бир давлат томонидан бошқасига саноат ва бошқа обектларни лойиҳалаштириш ва қуриш жараёнига керакли ҳисоб-китоб лойиҳаларини бериш ҳамда инженерлик-қурилиш хизмати кўрсатишдан иборат бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |