ФВДТ нинг режимлари:
1. Кундалик фаолият режими - меъёрдаги ишлаб чиқариш-саноат, радиацион, кимёвий, биологик (бактериологик), сейсмик ва гидрометеорологик вазиятда, эпидемиялар, эпизоотиялар ва эпифитотиялар бўлмаганда.
2. Юқори тайёргарлик режими - ишлаб чиқариш-саноат, радиацион, кимёвий, биологик (бактериологик), сейсмик ва гидрометеорологик вазият ёмонлашганда, фавқулодда вазиятлар юзага келиши мумкинлиги тўғрисида прогноз олинганда.
3. Фавқулодда режим - фавқулодда вазиятлар юзага келганда ва фавқулодда вазиятлар даврида.
Режим ўрнатиш ҳуқуқига фуқаро муҳофазаси бошлиқлари-ҳудудий қуйи тизим раҳбарлари: Ўзбекистон Республикаси Бош Вазири, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари эга.
Ҳар бир режимда аниқ бир тадбирлар амалга оширилади:
Кундалик фаолият режимида: атроф табиий муҳит аҳволини, кучли хавфли объектлар ва уларга ёндош ҳудудлардаги вазиятни кузатиш ва назорат қилишни амалга ошириш; фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, аҳоли хавфсизлиги ва муҳофазасини таъминлаш, етказилиши мумкин бўлган зарар ва зиённи қисқартиш бўйича, шунингдек фавқулодда вазиятларда саноат объектлари ва саноат тармоқларининг фаолият кўрсатишининг барқарорлигини ошириш бўйича мақсадли ва илмий-техник дастурлар ҳамда чора-тадбирларни режалаштириш ва бажариш; фавқулодда вазиятлар бўйича бошқарув органларини, кучлар ва воситаларни фавқулодда вазиятлар чоғидаги ҳаракатларга тайёрлашни такомиллаштириш, аҳолини фавқулодда вазиятлар чоғида муҳофаза қилиш усуллари ва ҳаракат қилишга ўргатишни ташкил этиш; фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захираларини яратиш ва тўлдириш; суғуртанинг мақсадли турларини амалга ошириш.
Юқори тайёргарлик режимида: фавқулодда вазиятлар юзага келиши хавфи тўғрисида бошқарув органларига хабар бериш ва аҳолини хабардор қилиш; фавқулодда вазиятлар бўйича тегишли бошқарув органларининг ФВДТ қуйи тизимлари ва бўғинлари фаолиятига раҳбарликни ўзларига олиши, зарур ҳолларда вазиятнинг ёмонлашиши сабабларини аниқлаш учун офат юз бериши мумкин бўлган районларда тезкор гуруҳларни ташкил этиш; ФВДТ раҳбарлар таркибининг доимий дислокация пунктларида кеча-кундуз навбатчилигини жорий этиш; вилоятлар, туманлар фавқулодда вазиятлар бўйича бошқармалар (бўлимлар)ининг тезкор-навбатчи хизматларини ҳамда вазирликлар, идоралар ва объектларнинг навбатчи-диспетчерлик хизматларини кучайтириш; атроф табиий муҳитнинг аҳволи, кучли хавфли объектлар ва уларга ёндош бўлган ҳудудлардаги вазиятни кузатиш ва назорат қилишни кучайтириш, фавқулодда вазиятларнинг юзага келиш эҳтимолларини, уларнинг кўламлари ва оқибатларини прогнозлаш; фавқулодда вазиятларда аҳоли ва атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, шунингдек объектлар ва иқтисодиёт тармоқларининг барқарор фаолият кўрсатишини таъминлаш чора-тадбирларини кўриш; кучлар ва воситаларни тайёр ҳолга келтириш, уларнинг ҳаракат режаларини аниқлаштириш ҳамда зарур бўлганда мўлжалланаёттан фавқулодда вазият ҳудудига йўналтириш.
Фавқулодда режимда: фавқулодда вазиятлар юзага келганлиги тўғрисида бошқарув органларига хабар бериш ва аҳолини хабардор қилиш; тезкор гуруҳларни фавқулодда вазият ҳудудига йўналтириш; аҳолини муҳофаза қилишни ташкил этиш; фавқулодда вазиятларни бартараф этишни ташкил қилиш; фавқулодда вазиятлар зоналари чегараларини белгилаш; саноат тармоқлари ва объектларнинг барқарор фаолият кўрсатишини таъминлаш, зарар кўрган аҳолининг ҳаётий фаолиятини таъминлаш ишларини биринчи навбатда ташкил этиш; фавқулодда вазият ҳудудидаги атроф табиий муҳитнинг ҳолати, авария объектлари ва уларга чегарадош ҳудудлардаги вазиятни узлуксиз назорат қилишни амалга ошириш.
Фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш улар балансида турадиган авария объектлари, вазирликлар ва идораларнинг, ҳудудида фавқулодда вазиятлар юзага келган ҳокимликларнинг кучлари ва воситалари билан амалга оширилади.
Фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш объектларнинг, вазирликлар (идоралар) ва ҳокимликларнинг тезкор гуруҳлари (мутахассислари) раҳбарларининг бевосита раҳбарлигида амалга оширилади.
Фавқулодда вазиятнинг кўлами мавжуд кучлар ва воситалар ёрдамида бартараф этиш мумкин бўлмаган ҳолда зарурий ёрдам кўрсатиш ёки мазкур фавқулодда вазият оқибатини бартараф этишга раҳбарликни ўзига олиши мумкин бўлган ФВДТнинг юқори раҳбар органига ёрдам сўраб мурожаат қилинади.
Алоҳида вазиятларда фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш учун Ҳукумат комиссияси ташкил қилиниши мумкин.
Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича тадбирларни маблағ билан таъминлаш фавқулодда вазият содир бўлган ҳудудда жойлашган объектларнинг, вазирликлар ва идораларнинг маблағлари, тегишли бюджетлар, суғурта жамғармалари ва бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади. Кўрсатилган маблағлар етарли ёки мавжуд бўлмаган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан ажратилади.
Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, улар юзага келганда келтирилган зиён ва зарарнинг миқдорини камайтириш бўйича олдиндан чоралар кўриш ёки юзага келганида ҳаракат қилиш бўйича республика, идора режалари, ҳокимликлар ва объектларнинг ҳаракат қилиш режалари, шунингдек ФВДТнинг барча даражаларида ўзаро ҳамкорликда ҳаракат қилиш режалари ишлаб чиқилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |