Ўзбекистон Республикаси қонунлари:
Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида (1999 йил 20 август) – 5 та бўлим, 27 моддадан иборат. Қонун аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солади ҳамда фавқулодда вазиятлар рўй бериши ва ривожланишининг олдини олиш, фавқулодда вазиятлар келтирадиган талафотларни камайтириш ва фавқулодда вазиятларни бартараф этишни мақсад қилиб қўяди.
Фуқаро муҳофазаси тўғрисида (2000 йил 26 май) – 4 та бўлим, 23 моддадан иборат. Ушбу қонун фуқаро муҳофазаси соҳасидаги асосий вазифаларни, уларни амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини, давлат органларининг, муассасалар ва ташкилотларнинг ваколатларини, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини, шунингдек фуқаро муҳофазаси кучлари ва воситаларини белгилайди.
Қутқарув хизмати ва қутқарувчи мақоми тўғрисида (2008 йил 26 декабрь) – 5 та боб, 31 моддадан иборат. Ушбу Қонуннинг мақсади қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларининг ташкил этилиши, фаолияти ва тугатилиши соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши кураш тўғрисида (2013 йил 23 сентябрь) – 5 боб 28 моддадан иборат. Қонунда ОИТС/ОИВ касаллигининг олдини олиш, бу касаллик тарқалишига қарши кураш соҳасидаги давлат сиёсати, фаолиятни молиялаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига доир масалалар ёритилган.
Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида (1999 йил 20 август) – 15 модда. Ушбу қонуннинг мақсади гидротехника иншоотларини лойиҳалаштириш, қуриш, фойдаланишга топшириш, улардан фойдаланиш, уларни реконструкция қилиш, тиклаш, консервациялаш ва тугатишда хавфсизликни таъминлаш бўйича фаолиятни амалга оширишда юзага келадиган муносабатларни тартибга солишдир.
Қишлоқ хўжалик ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш тўғрисида (2000 йил 31 август) – 28 модда. Ушбу қонуннинг мақсади қишлоқ хўжалик ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилишни таъминлаш, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларининг инсон соғлиғига, атроф табиий муҳитга зарарли таъсирининг олдини олиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдир.
Радиациявий хавфсизлик тўғрисида (2000 йил 31 август) – 5 та бўлим, 28 моддадан иборат. Қонуннинг мақсади радиациявий хавфсизликни, фуқаролар ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки, шунингдек, атроф муҳитни ионлаштирувчи нурланишнинг зарарли таъсиридан муҳофаза қилишни таъминлаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Терроризмга қарши кураш тўғрисида (2000 йил 15 декабрь) – 6 та бўлим, 31 моддадан иборат. Ушбу қонуннинг мақсади терроризмга қарши кураш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Қонуннинг асосий вазифалари шахс, жамият ва давлатнинг суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувликни сақлашдан иборат.
Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида (2006 йил 28 сентябрь) – 23 модда. Қонуннинг мақсади хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Do'stlaringiz bilan baham: |