Кимёвий - заҳарли моддалар таъсирида Электр токи таъсирида Куйиш даражалари: I даража - тери юза қисмининг куйиши - қизариш, оғриш, шиш; II даража - тери қатламининг куйиши - қизариш, оғриш, шиш ва сувли пуфакча; III даража - тери остки қисмлари мускул ва суяклар куйиши - терининг кўмир сингари қорайиб қолиши.
Куйганда биринчи ёрдам кўрсатиш учун тезликда тез ёрдамни чақириш ва куйган жойга хўлланган сочиқ ёки бошқа биронта матони босиш лозим. Бу компресс устига сув қуйиб, уни доим совуқ тутиб туринг.
I даражали куйишда биринчи тиббий ёрдам кўрсатганда куйган жойни совуқ сув оқими остида 20-25 дақиқа давомида оғриқ тўхтагунча ушлаб туриш лозим. Калий перманганатнинг кучсиз эритмаси шимдирилган дока, сўнгра стерил боғлам қўйиш зарур. Куйган жойга спирт, атир, крем, ёғ суртиш ярамайди. Куйган жойга муз босиш ва пуфакчаларни ёриш тавсия этилмайди. III даражали куйишда биринчи ёрдам: Нафас йўли куймаганлигини текшириш; Жароҳатни совутиш учун унга ҳўлланган сочиқ босиб устидан намлаб туриш; Кўп жой куйган бўлса ҳамма жойни совутишга ҳаракат қилмаслик; Куйган жойга ёпишган кийимни кўчирмаслик; Жароҳатни ювмаслик.
II-III даражали куйишда куйган жойга стерил боғлам қўйиш ва тезликда врачга мурожаат қилиш керак.
Кислотадан куйганда зарарланган жойни аввал 20 дақиқа давомида совуқ сув оқимида тутиб туриш, кейин совун эритмаси билан ювиш керак.
Ишқор билан зарарланганда совуқ сув оқимида ювиб, тоза мато билан ёпиш керак. Сўндирилмаган оҳак билан куйганда зарар кўрган жойга ёғ, мой суриш керак.
Қуёш нурларидан куйганда организмда юз берган ўзгаришлар ўтиб кетгунича бир неча кун давомида қуёш нурларидан сақланиш лозим. Сўнгра қисқа муддатли қуёш ваннаси қабул қилса бўлади. Биринчи ёрдам кўрсатиш учун терини спирт, одеколон билан артилади.
Заҳарланиш – заҳарли модда организмга меъда-ичак, нафас йўллари орқали кирганда, теридан сўрилганда, тери остига, мускул орасига, венага юборилганда рўй берадиган касаллик ҳолати.
Заҳар организмга тери ёки ташқи шиллиқ пардалар орқали кирган бўлса, уни кўп миқдордаги суюқлик – физиологик эритма, ичимлик содаси ёки лимон кислотаси қўшилган эритма билан ювилади. Ошқозондаги заҳарли модда ошқозонни ювиш ёки қусиш орқали чиқариб ташланади. Жабрланувчини қустириш учун унга 0,25-0,5% ли ичимлик содаси эритмаси ёки калий перманганат (марганцовка)нинг ним пушти ранг ёки ош тузининг илиқ эритмаси (1 стакан сувга 2-4 чой қошиқ)дан бир неча стакан ичирилади. Жабрланувчи кўп миқдорда суюқлик ичиши лозим.
Кислота буғидан заҳарланганда беморни очиқ ҳавога олиб чиқиб, томоқни сув ёки 2% ли ичимлик содаси эритмаси билан чайиш ёрдам беради. Ичимлик содаси қўшилган илиқ сут ичириш лозим. Кўзни ювиш керак.
Заҳар организмга оғиз орқали кирганида кўп миқдордаги сув билан ошқозонни ювиш лозим. Тухум оқсили, крахмал, кисел, 100 г ўсимлик ёғи ёки сут ичириш тавсия этилади.
Нафас йўллари заҳарланганда жабрланувчига газниқоб кийдириш ва зарарланган ҳудуддан олиб чиқиш керак. Газниқобни ечгач, кўзларни сув билан ювиш, ҳалқумни чайиш керак. Заҳар терига тушганда терини совунлаб ювиш керак. Заҳар кўзга тушганда 10-15 дақиқа давомида кўзларни ювиш лозим. Заҳар ичга кетганида ошқозонни ювиш зарур.
Ишқорлар (каустик сода, новшадил спирти, сўндирилган ва сўндирилмаган оҳак ва ҳ.к.)дан хўжаликда фойдаланганда хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмаса улардан заҳарланиш мумкин. Тезлик билан ошқозонни ювиш, 0,5-1 % ли лимон кислотаси эритмаси, апельсин ёки лимон шарбати ичириш зарур.
Ухлатадиган ва тинчлантирадиган дорилар катта дозада ичилганда кишида ҳолсизлик, мудраш, бош оғирлашиши кузатилади. Бундай заҳарланиш ҳаёт учун жуда хавфлидир. Шу боисдан тезда врач чақириш, у етиб келгунга қадар беморни ётқизиб, бошини кўтариб қўйиш зарур. Ёқа ва камарини ечиш, 1-2 л илиқ сув ичириб, меъдасини ювиш, кейин оғзига қошиқ солиб қустириш лозим. Сўнгра аччиқ чой ёки қаҳва ичириб, 100 г қотган нон едирилади. Беморга асло сут ичирмаслик керак. Чунки сут заҳарланишга сабаб бўлган препаратнинг ичакка ўтишини тезлаштириб, унинг организмдан чиқиб кетишига йўл қўймайди.
Хлор билан заҳарланганда биринчи ёрдам кўрсатиш учун жабрланувчига газниқоб кийдириш ва тезда газ таъсири остида бўлган ҳудуддан олиб чиқиб кетиш зарур. Газниқоб бўлмаган ҳолларда нафас олиш органларини нам рўмолча билан беркитиб олиш зарур. Нафас олишни қийинлаштираётган кийимларини ечиш, ёқаларини бўшатиш лозим. Жабрланувчини фақат ётқизган ҳолда олиб чиқиш керак.
Нафас олмаётган бўлса, сунъий нафас олдириш, яхшиси бу ишни “оғиздан оғизга” усулида амалга ошириш керак. Кўз ва тери ачишса, оғриқ ўтиб кетмагунча сув билан ювиб ташлаш, илиқ ичимлик бериш зарур.
Аммиак билан заҳарланганда газниқоб кийдириш ва зудлик билан хавфли ҳудуддан олиб чиқиш зарур. Илиқ сув буғида нафас олдириш керак. Бунда сувга сирка ёки лимон кислотасининг бир нечта кристалларини қўшиб юбориш яхши самара беради. Кўзларни яхшилаб сув билан ювиш лозим. Аммиак терига тушганда, кўп миқдордаги сувда ювиш, тери куйган бўлса, боғлам қўйиш зарур.
Нафас олиш тўхтаб қолган бўлса, “оғиздан оғизга” усулида нафас олдириш лозим.
Электр токи урган кишига ёрдам беришда даставвал уни электр токи таъсиридан қутқариш керак, чунки ток урган киши ҳушидан кетган бўлиши ёки юқори кучланишли электр симидан ўзини узиб олишга мажоли етмаслиги мумкин. Бундай ҳолларда электр манбаини ўчириш, бунинг иложи бўлмаса қуруқ ёғоч таёқ билан симни ёки қуруқ арқон билан шикастланган кишини тортиб олиш керак.
Баданнинг ток тегиб яраланган жойига қуруқ стерилланган боғлам қўйиш лозим. Агар ток урган одам ҳушидан кетмаган бўлса, осмонга қаратиб, оёқларини ердан 30 см кўтариб ёки ёнбоши билан бошини бироз кўтариб ётқизилади.
Электр токи уриши:
I даража - мушаклар тортишиши;
II даража - мушаклар тортишиши ва ҳушдан кетиш;
III даража - ҳушдан кетиш, юрак фаолияти ва нафас олиш тизимида бузилишлар;
IV даражали шикастланишда клиник ўлим ҳолати намоён бўлади.
Офтоб урган ёки иссиқ элитган кишини дарҳол тоза ҳавога олиб чиқиб сояга ўтқазиб қўйиш, танасини сиқиб турган кийимларини ечиб, елпиғич ёки чойшаб билан елпиш, баданини совитиш, бошини совуқ сув билан намлаш керак. Унга кўп суюқлик - туз қўшилган совуқ сув, совуқ чой ва қаҳва ичириш тавсия этилади. Иссиқ урган кишига новшадил спирти ҳидлатилади, бадани уқаланади. Беморнинг нафаси қийинлашиб ёки тўхтаб қолган бўлса, сунъий нафас олдириш керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |