Мавзу: 4.1. Фавқулодда вазиятларда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш Режа: 1. Ўзбекистон Республикасида ҳалокатлар тиббий хизматининг ташкил этилиши ва унинг асосий вазифалари. 2. Жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатишнинг тартиб ва қоидалари. 3. Жароҳатлар турлари ва уларга мос биринчи тиббий ёрдам. 4. Тиббий саралаш ва транспортировка қилиш қоидалари. 5. Ҳалокат ўчоқларида санитар-гигиеник ва эпидемияга қарши тадбирларни ўтказиш ва тиббий-санитар оқибатларини тугатиш учун жалб қилинадиган куч ва воситалар.
«Ҳалокатлар тиббиёти» бу табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятларда аҳоли саломатлигини сақлашга йўналтирилган махсус илмий-амалий тадбирлар мажмуидир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 10 ноябрдаги Фармонига мувофиқ «Ҳалокатлар тиббий хизмати» (ҲТХ) фаолият кўрсатмоқда.
Асосий эътибор шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож бўлган кўп сонли жабрланганларга фавқулодда вазиятларда тиббий ёрдам кўрсатишга қодир бўлган тиббий кадрларни тайёрлашга қаратилмоқда. Ана шу мақсадда республика тиббиёт олийгоҳлари ва ўрта тиббиёт ўқув муассасаларида «Ҳалокатлар тиббиёти» бўйича талабалар учун махсус курслар киритилган.
ШТЁДИМ (Шошилинч тиббий ёрдам давлат илмий маркази ва унинг вилоятлардаги филиаллари) ҲТХга янги усулларни жорий қилиш ва ишлаб чиқиш бўйича илмий-ташкилий марказ ҳисобланади.
ҲТХ қуйидаги тизим учлигига асосланган:
биринчи компопент - бошқарув тизими (жойларда соғлиқни сақлаш органлари ва бошқармалари раҳбарлари бошқарадиган алоқа воситалари, махсус идоралараро мувофиқлаштирувчи комиссиялар);
иккинчи компонент - шошилинч тиббиёт тизими - тез ва махсус тез шошилинч ёрдам хизмати - биринчи босқич, шунингдек, ШТЁДИМ, унинг ҳудудий филиаллари ва марказий туман касалхоналари (МТК) - иккинчи босқич. Ҳудудий ШТЁДИМ - тақсимлаш-эвакуация госпиталлар сифатида, МТК эса тармоқлашган касалхоналар сифатида;
учинчи компонент - ихтисослаштирилган доимий тайёргарлик бригадалари (ИДТБ) тиббий ёрдам 2-босқичини кучайтириш учун ва
шошилинч тиббий ёрдам бригадалари биринчи босқичини кучайтириш учун.
Бу бригадалар асосан ўртача ҳалокатлар юзага келганда ишга туширилади. Йирик ҳалокатларда эса биринчи ёрдам ва махсус кўчма госпиталлари ишга тушади.
ҲТХ ишининг ўта муҳим таркибий қисми фавқулодда вазиятларда ҳаракат қоидалари ва индивидуал тартибда (ўзига ва ўзаро ёрдам) биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш асосларига аҳолини ўқитиш хисобланади.
Парамедиклар - қутқарувчилар, ўт ўчирувчилар, ички ишлар ходимларини биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича профессионал тайёрлаш ҲТХ учун муҳим принципиал ҳолат ҳисобланади.