Эвакуация органлари:
эвакуация қилиш комиссиялари;
кўчирилувчиларни қабул қилиш комиссиялари;
кўчирилувчиларни йиғилиш жойи;
оралиқ кўчириш пункти;
кўчирилувчиларни қабул қилиш жойи;
пиёда кўчириш йўлида бошқарув гуруҳи;
кўчирилувчиларни олиб чиқувчи тезкор гуруҳи.
Эвакуация комиссиялари ФВДТнинг барча даражаларида, ишчи-хизматчилар ва аҳоли эвакуацияси режалаштирилган жойларда ташкил этилади.
Ҳудудий эвакуация комиссиялари таркибига тегишли маъмурият раҳбарлари қарори билан ўша маъмурий-ҳудудий бўлинмаларнинг масъул ходимлари тайинланади.
Эвакуация комиссиясининг раиси этиб, одатда, маъмурий-ҳудудий бўлинма раҳбарининг ўринбосари тайинланади. Эвакуация комиссияси аъзолари этиб, соғлиқни сақлаш, таълим, ижтимоий таъминот органлари, транспорт ташкилотлари, ички ишлар бошқармалари (бўлимлари)нинг раҳбарлари (уларнинг ўринбосарлари) ҳамда гарнизон ва (ёки) мудофаа ишлари бўлимларининг вакиллари тайинланади.
Фавқулодда вазият ҳудудидан эвакуация қилинадиган аҳолини хавфсиз жойларда қабул қилиш, жойлаштириш ва ҳаёт фаолиятини таъминлаш режасини ишлаб чиқиш, ташкил этиш учун қабул қилиш эвакуация комиссиялари тузилади.
Ўзини ўзи бошқариш маҳаллий органлари ҳузурида тузиладиган қабул қилиш эвакуация комиссиялари таркибига маҳаллий маъмурият вакиллари, шунингдек ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар моддий ишлаб чиқариш ёки ноишлаб чиқариш корхоналари, бирлашмалар, муассасалар, ташкилотларнинг (бундан сўнг - иқтисодиёт объектлари) вакиллари киритилади.
Эвакуация тадбирларини режалаштириш ишларини эвакуация комиссиялари фавқулодда вазиятлар бошқармалари ва бўлимлари, ҳокимликлар, шунингдек иқтисодиёт объектлари иштирокида амалга оширади.
Эвакуация режалари тинчлик даврида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш режаларининг бўлимлари кўринишида расмийлаштирилади.
Тегишли эвакуация комиссиялари фавқулодда вазиятлар бошқармалари (бўлимлари), шунингдек маҳаллий ҳокимият органлари ва иқтисодиёт объектлари маъмурияти иштирокида эвакуация қилинган аҳолини қабул қилиш, жойлаштириш ва биринчи навбатда ҳаёт фаолиятини таъминлаш режаларини ишлаб чиқадилар. Улар ҳам тинчлик даврида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ҳаракат килиш режасининг бўлимлари кўринишида расмийлаштирилади.
Эвакуацияни режалаштиришдан аввал звакуация органлари, фавқулодда вазиятлар бошқарма ва бўлимлари томонидан директив кўрсатмалар ўрганиб чиқилади, зарурий бошланғич маълумотлар йиғилади ва тайёрланади, эвакуация қилинадиган аҳоли жойлашадиган ҳудудлар танланади ва ўрганилади.
Сейсмик, сел, қор кўчкисидан хавфли, эҳтимоли мавжуд бўлган ҳалокатли сув босиш ҳудудларида, кимёвий ва радиациявий хавфли объектлар жойлашган ерларда маъмурий-ҳудудий шаклда ишлаб чиқиладиган эвакуация режаларининг матн қисмида қуйидагилар кўрсатилади:
аҳолига эвакуация бошланганлиги тўғрисида хабар бериш тартиби;
эвакуация қилинган аҳоли сони (тоифаларга бўлинган ҳолда);
эвакуация қилинганлар жойлашадиган ҳудудлар;
эвакуация тадбирларининг ижро муддати;
табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазият ҳудудидан аҳолини транспортда олиб чиқиб кетиш тартиби;
жамоат тартибини таъминлаш ва эвакуация йўналишларини йўл ҳаракатини тартибга солишни ташкил этиш;
эвакуация қилинганларни якка муҳофаза воситалари билан таъминлашни ташкил этиш;
йиғилиш жойларида ва эвакуация йўналишларида аҳоли муҳофазасини ташкил этиш;
эвакуация қилинганларни хавфсиз ҳудудларда жойлаштириш ва биринчи навбатдаги ҳаётий фаолиятни таъминлаш тартиби;
санитар-эпидемиологик ва даволаш-эвакуация тадбирлари;
аҳоли эвакуациясини бошқариш тартиби;
эвакуация чоғида аҳолига ахборот ва йўл-йўриқ бериш тартиби.
Режанинг матн қисмига қуйидаги харита, схема, жадвал, ҳисоб-китоблар илова қилинади:
эвакуация қилинадиган аҳоли ҳисоб-китоби;
йиғма эвакуация пунктлари, транспортга чиқиш пунктлари ва хавфсиз ҳудудлар бўйича корхона, ташкилот ва муассасаларни тақсимлаш;
зарур бўладиган транспорт (темир йўл, автомобиль, сув, ҳаво) сони ва имкониятлари, уни эвакуация йўналишлари бўйича тақсимлаш;
йиғма эвакуация пунктларини, пиёда тартибида эвакуация қилинадиганлар учун бошланғич пунктларни, аҳолини транспортга чиқариш ва тушириш станциялари (пунктлари, пристанлар)ни ёйиш;
эвакуация органлари таркиби ва уларни шай ҳолатга келтириш муддатлари;
корхона, ташкилот, муассаса раҳбарлари ва аҳолига эвакуация бошланганлиги тўғрисида хабар бериш схемаси;
алоқани ташкил этиш;
хавфсиз ҳудудларда эвакуация қилинганларни жойлаштириш харитаси.
Хулоса қилганда, ҳар қандай ҳолда ҳам аҳоли эвакуацияси мураккаб вазифа ҳисобланади. Уни муваффақиятли ўтказиш эвакуация органларининг тайёргарлик ҳолати, маҳаллий шарт-шароитларни ҳисобга олган ҳолда аниқ режалаштириш, куч ва воситаларнинг шайлиги, барча тадбирларни синчиклаб ишлаб чиқилишига боғлиқ бўлади. Ушбу вазифалар ваколатига аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш масалаларини ҳал этиш кирадиган тегишли давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимият органлари, ташкилотларга, шунингдек фавқулодда вазиятлар бошқарма (бўлим)ларига юклатилган.
Эвакуация режаларининг бевосита ижрочилари бўлган маъмурий-ҳудудий тузилмалар ва иқтисодиёт объектлари, эвакуация ва транспорт органлари раҳбарлар таркибини тайёрлаш алоҳида ўрин тутади.
Do'stlaringiz bilan baham: |