Овқат ҳазм қилиш тизимининг асосий қисмини ташкил этувчи аъзолар қорин бўшлиғида жойлашган. Қорин бўшлиғи организмда энг катта бўшлиқ бўлиб, юқоридан диафрагма билан, олдидан ва ёнларидан қорин мускуллари билан, орқадан – умуртқа поғонасининг бел бўлими, белнинг квадрат мускули ва ёнбош-бел мускули билан чегараланган. Пастда қорин бўшлиғи кичик тосни бўшлиғигача давом этади.
Қорин бўшлиғида жигар, меъда, меъда ости бези, ингичка ва йўғон ичаклар, талоқ, буйраклар, буйрак усти безлари, сийдик йўллари жойлашган. Қорин бўшлиғининг орқа юзасидан пастга тушувчи аортанинг қорин қисми, пастки ковак вена ўтади, нерв чигаллари ва тугунлари ётади. Қорин бўшлиғининг ички юзаси ички қорин фасцияси билан қопланган. Қорин фасцияси билан париетал ёки девор қорин пардаси орасида ёғ клетчаткаси жойлашган. Қорин пардаси қорин бўшлиғининг деворини ва унда жойлашган ички аъзоларни қоплайди. Қорин пардаси париетал (девор) ва висцерал (ички) варақлардан ташкил топган. Париетал қорин парда қорин бўшлиғининг деворлар юзасини тўлиқ қоплаб, ундан ички аъзоларга ўта бошлайди ва висцерал варақ номини олади. Висцерал варақ ички аъзоларни қоплайди. Қоринпарда яхлит бир бутун варақ бўлиб, аъзодан деворга, девордан аъзога ўтиб, қорин бўшлиғини ҳамма томонидан чегаралайди. Париетал қоринпардани висцерал қоринпар-дага ўтиши вақтида бурмалар, бойламлар, ва чуқурчалар ҳосил бўлади. Бундан ташқари париетал ва висцерал варақлари орасида қорин парда бўшлиғи ҳосил бўлади. Қорин парда бўшлиғига варақлар бир оз миқдорда сероз суюқлик ишлаб чиқаради. Қоринпарданинг юзаси шу суюқлик билан намланиб тургани учун қорин бўшлиғидаги аъзолар енгиллик билан ишқаланмай ҳаракат қилади.
Қорин парда ички аъзоларга нисбатан ҳар хил жойлашади. Баъзи аъзолар қоринпарда билан фақат бир томондан қопланган. Буларга ўн икки бармоқли ичакнинг бир қисми, буйраклар, меъда ости бези, буйрак усти безлари киради ва бу аъзоларнинг ҳолати экстраперитонеал ҳолат дейилади. Бошқа аъзолар қоринпарда билан уч томондан қопланган бўлиб, эгалланган ҳолати мезоперитонеал деб таърифланади. Мезоперитонеал аъзоларга юқорига кўтари-лувчи чамбар ичак, пастга тушувчи чамбар ичак, тўғри ичакнинг ўрта қисми, сийдик қопи киради.
Аъзоларнинг бир қисми қоринпарда билан ҳамма томондан қопланган. Бундай аъзолар қорин бўшлиғги ичида жойлашиб, интраперитонеал аъзолар дейилади. Интрапе-ритонеал аъзоларга меъда, ингичка ичак, кўр ичак, кўндаланг чамбар ичак, чувалчангсимон ўсимта, талоқ, жигар, сигмасимон ичак, тўғри ичакнинг бошланиш қисми, бачадон ва бачадон йўллари киради. Интраперитонеал жойлашган аъзоларни қоринпарда қоплаганда бойламлар ва икки бойламларни
(дупликатуралар) ҳосил қилади. Бу бойламлар чарвилар деб номланади. Ингичка ичак, чувалчангсимон ўсимта, кўндаланг чамбар ичак сигмасимон ичакларда чарвилари бўлади. Қоринпардаларнинг бойламлари ички аъзоларни қорин бўшлиқ деворига пишиқ бириктиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |