Сабзавотчиликнинг самарадорлигини ошириш имкониятлари
Режа:
Сабзавотчиликнинг халқ хўжалигидаги аҳамияти.
Сабзавотчиликнинг иқтисодий самарадорлигини ошириш имкониятлари
1.Сабзавотчиликнинг халқ хўжалигидаги аҳамияти.
Кўпчилик ҳўл сабзавотлар, биокимиёвий жиҳатидан таркибида сув кўп бўлган маҳсулотлар гуруҳига киради. Масалан, саримсоқ таркибида 64-65%, сабзида 85-86%, помидорда 93-94%, бодрингда 95-96% сув мавжуд. Шунингдек бу сабзавотлар таркибида оқсил кам бўлади. Мос равишда, саримсоқ таркибида 6-7%, сабзида 1,1-1,2%, помидорда 1,0-1,1%, бодрингда 1,0 % оқсил моддалари мавжуд.
Бундан ташқари уларда юқори даражада калория ҳам ҳосил бўлмайди. Масалан, 1 кг саримсоқдан 1325-1330 калория, сабзидан - 502, помидордан - 215, бодрингдан - 14 калория иссиқлик ажралади. Кўпчилик ҳўл сабзавотларда клетчатка ҳам кам ҳосил бўлади.
Шундай бўлишига қарамасдан, кўпчилик маҳсулотлар инсон организми учун ўта зарур бўлган биологик актив моддалар, витаминлар ферментлар, минерал тузларларга бойдир.
Баъзи сабзавотлар, айниқса пиёз, саримсоқ, шивит, петрушка ва турп тарикибида фитоцидлар ташкил топади. Уларни истеъмол қилиш одам организмини турли хил инфекциялардан тозалайди, юқумли касалликлардан ҳимоя қилади.
Кўпчилик сабзавотлар таркибидаги ҳар хил витаминлар, кислоталар, эфир мойлар, хушбўй моддалар иштаҳани очади, ёғ ва оқсилли маҳсулотларни инсон организмида тўлароқ ҳазм бўлишига ёрдам беради. Витамин С кўпроқ сабзавотларни истеъмол қилиш организмни кам қонлиликдан муҳофоза қилади, атеросклерозни сусайтиради.
Сабзавот маҳсулотлари қуруқ моддасининг асосий қисмини углеводлар - крахмал, сахароза, глюкоза, клетчатка ҳамда пектинли моддалар ташкил этади.
Сабзавотларнинг инсон саломатлигига бевосита таъсирини ҳисобга олиб Ўзбекистонда аҳоли жон бошига йил мобайнида қуйидаги ҳажмда сабзавотлар истеъмол қилиш тавсия этилган: Жами – 110-115 кг, шу жумладан помидор – 25, бош пиёз – 18, сабзи – 18, карам – 20, лавлаги – 5, бодринг – 5, саримсоқ – 5, бошқа сабзавотлар – 14, кўкат сабзавотлар 5 кг.
Сабзавотларни ҳўл истеъмол этиш унинг самарадорлигини кескин оширади. Бироқ, сабзавотлар таркибида кўп сув бўлиши ва эрувчан углеводларнинг борлиги учун уларни узоқ муддатларга сақланса, нобудгарчилик кўпаяди ва сифат белгилари пастлашади. Шунинг учун уларни узоқ жойларга ташишда қийинчилик туғилади, консервалаш зарурияти туғилади.
Ўзбекистон иссиқ иқлим шароитида консервалашнинг энг оддий ва самарали усули қуритишдир. Қуритилганда сабзавот таркибидаги сувнинг кўп қисми буғланади, сабзавот вазни 7-10 баравар камаяди, кам харажат қилиб узоқ сақлашга ва ташишига шароит яратилади.
Сабзавотларни консервалашда яна бир кенг амалга оширилган усул –ачитиш ва тузлашдир. Бу жараёнда сут кислотаси ва этил спирти ҳам ҳосил булади, натижада ачитилган сабзавотларнинг мазалилиги ва хушбўйлиги ортади.
Мариновка қилиш (сиркалаш)–0,6-1,8% ли сирка кислотанинг консерваловчи таъсирига асосланган усулдир. Бодринг, помидор, лавлаги, пиёз, саримсоқ, карам каби сабзавот турларини мариновка қилиш, уларни йил давомида истеъмол қилиш имкониятини туғдиради.
Сабзавотларни консерва заводларида турли хилларда қайта ишлаш, уларни қопқоғи герметик ёпиладиган идишларга жойлаш, 100-120 градус ҳароратда стериллаб консервалаш ҳам маҳсулотларни йил давомида истеъмол қилиш, узоқ жойларга ташишига, бинобарин, самарали фойдаланишга қулай шароит яратади.
Сабзавотларнинг поялари ҳамда уларни қайта ишлашда ташкил топган қўшимча маҳсулотлари чорвачиликда озуқа сифатида фойдаланилади.
Кўпчилик сабзавотлар нисбатан сермеҳнат ресурслар потенциалига, айниқса қуёш нурига ва сувга талабчан экинлар таркибига киради. Бу тармоқни интенсив ривожлантириш мавжуд меҳнат, суғориладиган ер ва бошқа ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини оширади. Кўпчилик экинлардан 2 марта ҳосил олиш имконияти тармоқнинг самарадорлигини кескин оширади.
Сабзавотларни ҳўл ҳамда қайта ишланган шаклда жаҳон бозорларида сотиш республиканинг валюта фондини кўпайишига ва унинг халқаро алоқаларини янада кенгайтиришга шароит яратади.
Сабзавотчиликнинг ривожланиши, ҳозирги аҳволи ва истиқболи
Ер юзида, шу жумладан Ўзбекистонда маданий экинлардан сабзи, шолғом, лавлаги 2 минг, пиёз ва бодринг 4 минг йил-дан бери экилади. Сабзавотчиликнинг биологик хусусият-ларини ҳисобга олиб, очиқ ва ёпиқ майдонларда ўстириш усуллари қўлланилади.
Сабзавот экинлари 14 та ботаник оилага мансуб 80 га яқин турни ўз ичига олади, шундан ХХ асрдан бошлаб 40 га яқини Ўзбекистонда экилади. Улар морфологик ва биологик белгилари, ҳосилдорлиги, сотиш баҳолари бўйича кескин фарқ қилади. Шунинг учун сабзавотчиликнинг ривожланиш даражаси, айниқса, уларни таҳлил қилиш ва баҳолаш ўта мураккаб ҳисобланади.
Ўзбекистонда сабзавотчиликнинг ривожланиши ва истеъмоли айрим тарихий даврларда турли даражада булган(1-жадвал).
жадвал
Ўзбекистонда сабзавотчиликниг айрим тарихий даврларида асосий ишлаб чиқариш кўрсаткичлари.
Йиллар
|
Экин майдони, минг га
|
Ялпи сабзавот ҳосили, минг тонна
|
Гектаридан ҳосилдорлик, ц
|
Аҳоли жон бошига
|
1913
|
16,1
|
129,0
|
80,1
|
29,0
|
1940
|
25,3
|
315,2
|
125,0
|
47,0
|
1960
|
38,7
|
383,7
|
96,0
|
46,0
|
1990
|
140,2
|
2842,5
|
192,0
|
140,0
|
2000
|
130,4
|
2637,3
|
173,1
|
109,0
|
2004
|
139,7
|
277,9
|
199,9
|
|
1960 йилда 1913 йилга нисбатан сабзавот ялпи ҳосили асосан унинг майдонларини кенгайтириш ҳисобига эришилган. Ялпи ҳосил қарииб 3 марта кўпайган бўлса, мос равишда экин майдони 2,4 марта кенгайган, гектаридан ўртача ҳосилдорлик эса 20% га яқин ошган.
1990 йилда эса 1960 йилга нисбатан ялпи ҳосилнинг кўпайиши экин майдонларининг кенгайиши ва ҳосилдорликнинг ошиши ҳисобига эришилган. Сабзавот ялпи ҳосили 4 марта ошган, унинг майдони 3,6 марта кенгайган, гектаридан ўртача ҳосилдорлик эса 2,0 марта ошган.
Аҳоли жон бошига сабзавотлар ишлаб чиқариш 1980 йилда 1913 йилга нисбатан 4,8 марта, 1960 йилга нисбатан эса 3 марта кўпайган.
1990 йилда етиштирилган ялпи сабзавотнинг қарийб 23% и собиқ СССР умумдавлат фондига топширилган, давлат харид баҳоларида сотилган. Ялпи маҳсулотнинг қолган қисми республика аҳолиси томонидан истеъмол қилинган ҳамда келаси йилда уруғлик ҳамда сотиш ва бошқа мақсадлар учун сақланган. Республиканинг мустақил ривожланиш даври-2000 йилда 1990 йилга нисбатан сабзавотлар майдони 9,1% га қисқартирилган, гектаридан ҳосилдорлик 9,8%га пасайган, ялпи маҳсулот эса 7,2% га камайган. Бундай ҳолат биринчидан, сабзавот экинлари майдонларини қисқартириш ҳисобига суғориладиган ғалла майдонларининг кенгайтирилишидан, иккинчидан, сабзавотчилик учун минерал ўғитларнинг кам миқдорда сотилишидан ва кўпчилик экинлар учун сифатли уруғларнинг етишмаслигидан ва учинчидан, товар маҳсулотларнинг бир қисмини жаҳон, айниқса Россия Федерацияси бозорларида сотиш учун қийинчиликларнинг келиб чиқишидан ва бошқа субъектив сабаблардан юзага келган.
Мустақил ривожланиш йилларида ялпи сабзавотнинг тахминан 85-90% и республика аҳолиси томонидан истеъмол қилинади, ички бозорларда сотилади, уруғлик учун фойдаланилади. Унинг сифат белгилари паст қисми эса чорвачиликда озуқа учун фойдаланилади ва ҳ.к. Сабзавотчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уни сотишнинг юқори самарадорлигини ҳисобга олиб, уни истиқболда кўпайтириш имкониятларидан тўлароқ ва тезроқ фойдаланиш долзарб муаммоларидан биридир.
Do'stlaringiz bilan baham: |