Асосий воситаларни дастлабки қиймати қандай шаклланади?
Счётлар режасида асосий воситаларни турлари бўйича акс эттирилишини айтинг?
Асосий воситаларни қолдиқ қиймати қандай шаклланади.
Асосий воситаларнинг киримини ҳисобга олиш
Асосий воситалар қуйидагилар натижасида ташкилот балансига кирим қилинади:
олди-сотди шартномаси бўйича объектни сотиб олиш;
капитал қўйилмалар тугаганидан сўнг тикланган объектни қабул қилиш-топшириш;
беғараз келиб тушиш;
товар-моддий заҳиралар таркибидан ўтказиш;
асосий воситаларнинг ортиқча (ҳисобга олинмаган) объектларини аниқлаш;
қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳоллар.
Асосий воситаларни бухгалтерия ҳисобига кирим қилиниши асосий воситаларнинг дастлабки қиймати бўйича амалга оширилади.
Асосий воситалар ташкилотга (омборга) келиб тушганда ташкилот раҳбари томонидан тузилган доимий ишлайдиган комиссия томонидан АВ-1-сон шаклдаги бюджет ташкилотларида асосий воситаларни қабул қилиш-топшириш тўғрисида далолатнома икки нусхада тузилади. Мазкур далолатнома ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади ва унга ушбу асосий воситага тегишли бўлган барча техник ҳужжатлар (паспорт, чизмалар ва бошқалар) илова қилинади.
“Асосий воситалар” счётининг дебет томонида асосий воситаларнинг кирими (дастлабки қийматини ошиши), кредит томонида эса, асосий воситаларнинг ҳисобдан чиқарилиши (дастлабки қийматини камайиши) акс эттирилади.
Сотиб олинган асосий воситаларнинг қиймати (сотиб олиш нархи, шунингдек, етказиб бериш ва бошқа қўшимча харажатлар) ҳисобда 072 “Асосий воситаларга бошқа харажатлар” субсчётининг дебетига ва 15 “Турли дебитор ва кредиторлар билан ҳисоб-китоблар” ва бошқа счётларнинг тегишли субсчётлари кредитига ёзилади. Асосий воситанинг дастлабки қиймати бўйича кирим қилиниши эса, 01 “Асосий воситалар” счётининг тегишли субсчётлари дебетига ва 072 “Асосий воситаларга бошқа харажатлар” субсчётининг кредитига ёзилади.
Шарли мисол. Ғазна ижросига ўтилган бюджет ташкилоти томонидан мол етказиб берувчи билан тузилган шартномага мувофиқ қиймати 1500.0 минг сўмлик компьютер бюджет маблағлари ҳисобидан сотиб олинди. Ушбу компьютерни сотиб олиш билан боғлиқ қўшимча транспорт харажатлари учун 10.0 минг сўм маблағ сарфланди. Ушбу операциялар ҳисобда қуйидагича акс эттирилади:
а) Ўзаро тузилган шартномага мувофиқ олдиндан 15 фоизлик авансни (225.0 минг сўм) ўтказиб берилиши: Дебет 150 субсчёт 225.0 минг сўм; Кредит 232 субсчёт 225.0 минг сўм.
б) Компьютер ташкилотга мол етказиб берувчидан олиб келинди: Дебет 072 субсчёт 1500.0 мингсўм; Кредит 150 субсчёт 1500.0 мингсўм. в) Шартнома бўйича қолган маблағ (1275.0 минг сўм) ўтказиб берилди: Дебет 150 субсчёт 1275.0 минг сўм; Кредит 232 субсчёт 1275.0 минг сўм.
г) Компьютерни олиб келиш билан боғлиқ қўшимча харажатлар суммасига (10.0 минг сўмга счёт фактура қабул қилинди): Дебет 072 субсчёт 10.0 минг сўм; Кредит 159 субсчёт 10.0 минг сўм.
д) Ушбу маблағ транспорт ташкилотларига ўтказиб берилиди: Дебет 159 субсчёт 10.0 минг сўм; Кредит 232 субсчёт 10.0 минг сўм.
е) Асосий восита ташкилотга тўлиқ дастлабки қиймати бўйича (1510.0 минг сўм) белгиланган тартибда кирим қилинди: Дебет 013 субсчёт 1510.0 мингсўм; Кредит 072 субсчёт 1510.0 мингсўм. Бошқа юридик ва жисмоний шахслардан беғараз олинган асосий воситалар бухгалтерия ҳисобига кирим қилиш вақтида белгиланган тартибда аниқланган жорий бозор қиймати бўйича 072 “Асосий воситаларга бошқа харажатлар” субсчётининг дебетига ва 262 “Бюджет ташкилотини ривожлантириш жамғармаси маблағлари бўйича даромадлар” субсчётининг кредитига ёзилади. Агарда, ушбу асосий восита бўйича етказиб бериш ва ишчи ҳолатга келтириш билан боғлиқ бошқа харажатлар амалга оширилса, у ҳолда ушбу харажатлар мазкур асосий воситанинг дастлабки қийматини оширади ва ҳисобда 072 “Асосий воситаларга бошқа харажатлар” субсчётининг дебетига ва амалга оширилган операциянинг мазмунидан келиб чиққан ҳолда 15 “Турли дебитор ва кредиторлар билан ҳисоб-китоблар” ёки бошқа тегишли счётларнинг субсчётлари кредитига ёзилади. Асосий воситанинг дастлабки қиймати бўйича кирим қилиниши 01 “Асосий воситалар” счётининг тегишли субсчётлари дебетига ва 072 “Асосий воситаларга бошқа харажатлар” субсчётининг кредитига ёзилади.
Шартли мисол. Бюджет ташкилотига бошқа юридик шахсдан беғараз ёрдам тариқасида мебел берилди. Ушбу мебелнинг бозор баҳоси 2000.0 минг сўм қилиб белгиланди ва ташкилот балансига кирим қилинди. Мазкур операциялар қуйидагича бухгалтерия проводкалари билан акс эттирилади. Дебет 013 субсчёт 2000.0 минг сўм; Кредит 262 субсчёт 2000.0 минг сўм. Инвентаризация жараёнида аниқланган ҳисобга олинмаган асосий воситалар, ортиқча чиқиш аниқланган санадаги айнан шунга ўхшаш асосий воситаларнинг бозор қиймати бўйича уларнинг ҳақиқий аҳволини ҳисобга олган ҳолда баҳоланади (ортиқча чиқиш сабаблари ва айбдор шахслар кейинчалик аниқланади), белгиланган тартибда ташкилот ҳисобига қабул қилинади ҳамда бухгалтерия ҳисобида 01 “Асосий воситалар” счётининг тегишли субсчётлари дебетида ва 273 “Инвентаризация натижасида ортиқча чиққан мол-мулклар” субсчётининг кредитида акс эттирилади.
Асосий воситаларни чет эл валютаси ҳисобига сотиб олинишида сотиб олинаётган асосий воситаларнинг қиймати операция содир этилган (божхона юк декларациясини тўлдириш ёки етказиб берилганлигини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган) санадаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки курси бўйича чет эл валютасини сўмга ҳисоблаб ўтказиш йўли билан белгиланади. Юқоридаги хужжатларга асосан АВ-6, АВ-8, АВ-9 – сон инвентар карточкалар очилади ва бухгалтерия ёзувлари берилиб 6-мемориал ордерда акс эттирилади. Мемориал ордердан 308-сон шаклдаги бош журнал китоби ва ҳисобот шаклларига туширилади (2.3.1-расм).