Руҳий тарбия илми ва адабий талқин
Барча босқичдаги адабий таълимлар ўз моҳият ва мақсадларига кўра батамом руҳий
тарбия илмига асосланмоқни, тўғридан-тўғри ёки маънан унга мурожаат қилмоқни
тақозо этади. Олий филологик таҳсил жараёнида бу эҳтиёж янада ортади. Ҳар қандай
мавзу, ғоя,
мазмунни, баҳсли масалани, тугунлар ечимини, муҳими, энг одил хулосани
руҳий тарбия таълимотларисиз ҳосил қилиш мумкин бўлмай қолади.
Баркамол
авлодни шакллантириш, шу умумбашарий бурчга муайян ҳисса қўшиш масъулиятидан
холий бўлган ҳеч бир дийний ва дунёвий илму фан, касбу ҳунар йўқ. Ва ҳамма матлуб
маориф ҳамда маърифат соҳалари руҳий тарбия илмига ҳамиша ҳожатманд.
Адабий
ижод ва унинг қизғин жараёни, фасоҳат дунёсини турли томондан тадқиқ этадиган
илмлар эса ўз табиатларига биноан руҳий-маънавий тарбияга бевосита мансуб
йўналишлардир.
Маълумки, инсон моҳиятининг ўта муҳим икки жиҳатидан келиб чиқиб, ҳақ эътиқоднинг
ўнлаб илмлари умумлашма икки йўналишга бўлинади: “шариат” жисмоний амаллар
кўринишида намоён бўлувчи
вазифаларга оид таълимотларни; “руҳий тарбия” ақл,
тафаккур, қалб, руҳ сингари ҳақиқатларини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайдиган
руҳоний, латийф илоҳий неъматлар билан боғлиқ маънавий-аҳлоқий таълимотларни ўз
ичига олади. Ҳар икки йўналишдаги илмлар ўз тафсилотларини энг дақиқ
масалаларигача Қуръони Карим ва Суннат асосида баён қилади.
Қуръони Карим - одамзот яратилганидан буён тушган самовий китобларнинг сўнггиси,
охирги пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломга Аллоҳ таолонинг барча маконлару
замонлар учун қувватли ва салоҳиятли нозил қилган ваҳийси. Суннат (ҳадис) – маъноси
Ҳақ субҳанаҳу ва
таолодан, лафзи Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламдан бўлган
ваҳий. Илм ва ҳикмат дийни бўлган исломдаги бу икки хазинанинг масдари Аллоҳдир.
Ислом таълимотлари бизга, илмларимизга эмас, аксинча, бизнинг ўзимиз ва бутун
фаолиятларимиз унга муҳтож, эҳтиёжманд. Муаммони ҳатто сўз
санъатининг дийний
мавзулари доирасидагина тушуниш ҳам мантиқий маҳдудликдир. Адабиёт ҳамда унинг
илмларини буюк иймоний қоидалар билан чамбарчас боғлаб турувчи ришталар
сон-саноқсиз. Бу инсон яралишининг асл табиатига хос табиий ҳолдир ва бошқача
бўлиши мумкин эмас.
Айни муштаракликнинг равшан кўринишларидан бири шуки, руҳий тарбия илмининг
ўзида ҳам шу илм етук уламолари
силсиласида Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбанд,
Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Аҳрор Валий, Хожа Аҳмад Яссавий, Алишер Навоий
сингари алломалар, адиблар, Ибн Синонинг “Рисолатун фил хикмати”, “Китобут-тойр”,
“Асрорус-солати”, “Ал-Инсоф”, Абу Наср Фаробийнинг “Ороу аҳли мадийнатил фозила”,
“Ал-Одоб ал-мулукийн” каби нафсни поклаш, ахлоқни сайқаллаш
бобидаги фалсафий
китоблари қизғин эътироф этиб келинади.
Ақийдага тегишли нафақат умумий қоидалар, нафақат пайғамбарлар тарихи ёхуд
ваҳийда келган воқеалар, балки хусусий ва умумий маъноли юзлаб руҳоний-маънавий
тушунчалар ҳам ўз луғавий, истилоҳий шарҳларини адабий таълим жараёнида тақозо
этади. Чунончи, ғайбиёт, зуҳд, фаришта, шайтон, жин, дўзах, жаннат, ширк каби улкан
тушунчалар, маънолари ҳозирда чекланган ҳолда, нотугал талқин этилаётган нафс,
гуноҳ, савоб, касб, ҳалол, ҳаром, ҳақ, ботил, зулм, саҳоват, исроф, ибодат сингари кенг
ва ўта кенг маъноли амаллар ислом масдарлари асосида аниқ тавсифларини талаб
этади.
1 / 3