Ердан фойдаланиш ҳуқуқи– бу ўрнатилган урф-одатлар ёки қонуний тартибда ундан фойдаланишни билдиради. Ердан фойдаланувчи ер эгаси бўлиши шарт эмас. Реал хўжалик ҳаётида ерга эгалик қилиш ва ердан фойдаланишни кўпинча ҳар хил жисмоний ва ҳуқуқий шахслар, хусусан ҳозир бизда асосан деҳқон ва фермер хўжаликлари амалга оширади.
Хулоса қилиб айтганда, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида ҳам тўрт омил – ер, капитал, тадбиркорлик қобилияти ва ишчи кучи қатнашиб, бунда ер муҳим ишлаб чиқариш воситаси сифатида иштирок этади. Аммо биз аввал айтганимиздек, ишлаб чикариш жараёнида ҳамма ишлаб чиқариш воситаларини, жумладан, ерни ҳаракатга келтириб, ундан унумли фойдаланадиган, унинг иқтисодий унумдорлигини оширадиган омил - инсон омили, яъни тадбиркорлик қобилияти ва ишчи кучидир.
Аграр муносабатларни ўрганишда ҳам ишчи кучининг, жонли меҳнатнинг фаол роль ўйнашини, унинг ҳамма моддий воситаларга жон ато этиб, ҳаракатга келтирувчи ролини тушунмаслик гўё капитал фойда ёки фоиз, ер эса рента яратади, деган кўпгина хато фикр-мулоҳазаларга, ёлғон тасаввурларга олиб келади. Бу масалаларни тўғри тушунишда рента муносабатларини ўрганиш муҳим роль ўйнайди.
Рента муносабатлари
Ер рентаси ер эгалигини иқтисодий жиҳатдан амалга ошириш (реализация қилиш)нинг шаклидир. Ер рентасининг бир қанча тарихий кўринишлари мавжуд. Масалан, уч шаклдаги: баршчина (ишлаб бериш), оброк (натурал солиқ) ва пул солиғи шаклларидаги феодал ренталари шулар жумласидандир. Ҳозирги пайтда турли мамлакатларда мавжуд рента вужудга келиш сабаблари ва шарт-шароитларига қараб қуйидаги турларга ажратилади: абсолют ер рентаси, дифференциал (табақалашган) рента I ва II, монопол рента, қазилма бойликлар, қурилишлар жойлашган ерлардан олинадиган рента.
Рентанинг моҳиятини тушунишдаги асосий қийинчилик тадбиркорлар ўртасида қайта тақсимланмайдиган қўшимча соф даромаднинг вужудга келиши шарт-шароит ва сабабларини очиб берилиши ҳисобланади. Бундай ҳолат вужудга келишининг сабабларидан бири самарали хўжалик юритиш учун яроқли бўлган ерларнинг чекланганлиги ва қайта тиклаб бўлмаслигида ўз ифодасини топади. Иккинчи сабаби – ерга ёки бошқа табиий ресурсга мулкчилик объекти ёки хўжалик юритиш объекти сифатидаги монополиянинг мавжудлиги ҳисобланади. Учинчи сабаби эса, кўп мамлакатларда қишлоқ хўжалигидаги капитал узвий (органик) тузилиши, яъни доимий ва ўзгарувчи капитал ўртасидаги нисбатнинг пастлиги ҳисобланади.
Ер участкаларининг унумдорлиги ва жойлашган жойидаги фарқлар натижасида вужудга келадиган қўшимча даромад (қиймат)нинг бир қисми рента шаклини олади ҳамда у дифференциал рента деб аталади.
Қишлоқ хўжалигида энг муҳим ишлаб чиқариш воситаси – ернинг миқдори ва сифатини табиатнинг ўзи чеклаб қўйган, уни инсон кўпайтиришга қодир эмас.
Шунинг учун қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришини фақат яхши унумдор ер участкаларида тўплаш мумкин эмас. Агар ишлаб чиқарилган маҳсулот тўловга қодир талаб билан таъминланган бўлса, ернинг маҳсулдорлиги ёки жойлашуви жиҳатидан ёмон шароит қишлоқ хўжалик товарларига нарх шаклланишини тартибга солувчи ижтимоий нормал шароит ҳисобланади. Натижада ўртача ёки яхши ерларда хўжалик юритувчи ишлаб чиқарувчилар қўшимча маҳсулот ва бинобарин фойда оладилар.
Демак, дифференциал рента ҳосил бўлишининг табиий шарти миқдори чекланган ернинг сифати (унумдорлиги) даги фарқлардир, унинг ижтимоий-иқтисодий сабаби эса фойдаланиладиган ерларда иқтисодий жиҳатдан алоҳидалашган тарзда мустақил хўжалик юритишдир.
Дифференциал рента ўзининг келиб чиқиш шароитларга қараб дифференциал рента I ва дифференциал рента II га бўлинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |