2. Халкаро савдони молиялаштириш. Экспорт битимлари. Импорт битимлари.
Экспорт диверсификацияси, яъни хорижга сотилаётган товарлар ва хизматлар номенклатурасининг кенгайиши, жами экспортда алоҳида товар ёки хизмат тури (айниқса, хом ашё) улушининг катта бўлишига барҳам берилиши, маҳсулотларимиз экспорт қилинаётган мамлакатлар географиясини кенгайтириш экспорт ҳажмининг барқарор бўлишини таъминлайди, миллий иқтисодиётнинг ташқи бозордаги салбий ўзаришларга таъсирчанлиги даражасини пасайтиради.
Ташқи савдо айланмаси диверсификацияси – экспорт ва импортнинг товар номенклатурасини ва ҳамкор давлатлар сонининг кенгайтирилиши.
|
Экспорт таркибида бир ёки бир неча товарлар улушининг сезиларли даражада ортиб кетиши бу товарлар нархи пасайган ёки уларга ташқи талаб қисқарган ҳолатларда экспортчи корхоналарни оғир аҳволга солиб қўйиши мумкин. Бунинг натижасида экспорт ҳажмининг қисқариши валюта тушумларининг камайиши, ташқи савдо балансининг ёмонлашуви ва корхоналар молиявий аҳволининг тангликка юз тутишига олиб келиши мумкин. Шунингдек, экспорт умумий ҳажмининг кам сонли давлатларга боғланиб қолиши ҳам қалтис ҳолат ҳисобланади.
Кейинги вақтда жаҳон бозорида нархи кескин тушиб кетган хом ашё ресурсларини экспорт қилиш амалиётидан имкон қадар тезроқ қутилиб, тайёр рақобатбардош маҳсулотлар экспортини фаол ошириш ва бу маҳсулотлар етказиб бериладиган мамлакатлар географиясини янада кенгайтиришимиз керак.
И.Каримов
Экспорт қилинаётган товарларни диверсификация қилиш, уларни импорт қилувчи мамлакатлар географиясини кенгайтириш бу мамлакатлардан бири ёки бир гуруҳининг иқтисодиётида муаммолар рўй берганда ҳам экспорт ҳажмининг кескин пасайиб кетишига йўл қўймаслик имконини беради.
Жаҳон бозорларида корхоналаримиз маҳсулотларининг рақобатбардошлигини таъминлашда қуйидаги чора-тадбирларнинг амалга оширилиши муҳим аҳамият касб этади:
- экспорт қилувчи корхоналарга маҳсулот тайёрлаш ва сотиш харажатларини камайтиришда кўмаклашиш;
- уларни ташқи бозор конъюнктурасидаги ўзгаришлар, истиқболли бозорлар, рақобатчилар тўғрисида олиб борилган тадқиқотлар натижалари билан таништириш;
- транспорт-коммуникация тизимларини ривожлантириш;
- янги транспорт йўлакларини очиш орқали транспорт харажатларини камайтириш ва ҳ.к.
Бу борада ҳар бир тармоқ учун ишлаб чиқилиши кўзда тутилаётган 2010-2012 йилга мўлжалланган тайёр маҳсулотни янги ташқи бозорларга чиқариш бўйича махсус дастурларда экспорт ҳажмини ошириш, экспорт қилинадиган юкларни ташиш тизимини такомиллаштириш, экспортчи корхоналарни маркетинг, молия ва ташкилий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш масалалари ўз аксини топади.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, экспорт ҳажмини ошириш, унинг таркибини такомиллаштириш, умуман ташқи савдо айланмасини дивесификация қилиш иқтисодиётимиз таркибий тузилишида сифат ўзгаришларига эришиш, унинг рақобатбардошлигини ошириш орқали иқтисодий юксалиш ва аҳоли турмуш фаровонлигини янада кўтариш мақсадларига хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |