Халқаро меҳнат тақсимоти (ХМТ) алоҳида мамлакатларнинг товар ва хизматларнинг маълум турларини ишлаб чиқариш бўйича ихтисослашувини ифодалайди. Алоҳида мамлакатларнинг бундай ихтисослашуви маҳсулотлари устун даражада экспортга йўналтирилган халқаро ихтисослашган тармоқларнинг шаклланишига олиб келади.
Дастлабки вақтларда халқаро меҳнат тақсимотининг ривожланиши асосан табиий шароитлардаги тафовутларга асосланган эди. Бинобарин, фақат саноат тўнтаришидан кейин, яъни ишлаб чиқарувчи кучлар байналминал хусусият касб этиб, миллий хўжаликлар доирасидан ташқарига ўсиб чиқа бошлагач, уларнинг негизидан барқарор меҳнат тақсимоти ва жаҳон бозори таркиб топади. Ҳозирги вақтда халқаро меҳнат тақсимоти турли ижтимоий тизимларни ўз ичида олувчи умумжаҳон хўжалиги доирасида ривожланмоқда.
Ривожланган мамлакатларда кейинги ўн йилликларда янги технологик асосларга ўтиш жаҳон хўжалик алоқаларининг тез ўсиши билан бирга борди. Такрор ишлаб чиқариш жараёнларининг байналминаллашуви ўзининг ҳар иккала шаклида: интеграцион (миллий хўжаликларнинг яқинлашуви, ўзаро мослашуви орқали) ва трансмиллий (халқаро ишлаб чиқариш мажмуасининг тузилиши орқали) шаклларида кучаяди.
Иқтисодий ҳаётнинг байналминаллашуви билан бир қаторда глобаллашуви жараёни ҳам муҳим ўрин тутади. Бу ҳар иккала тушунча ўзаро боғлиқ бўлиб, улар жаҳон хўжалиги субъектларининг умумий мақсадларга эришиш йўлидаги хатти-ҳаракатларининг бирлашуви жараёнини акс эттиради.
Шунингдек, бу тушунчалар бир-биридан фарқ қилиб, улар бир хилда бўлмаган хўжалик бирлашмалари миқёсларини ифодалайдилар. Байналминаллашув – бу жаҳон хўжалигининг бир неча субъектлари ўртасидаги ўзаро алоқаларни ўрнатилиши ва ривожланишининг дастлабки босқичидир. Глобаллашув(лотинча globus – ер курраси) жаҳон хўжалигининг бутун маконини қамраб олувчи иқтисодий муносабатлар ягона тармоғининг ташкил топиши ва ривожланишини англатади. Глобаллашув жарарёнининг қуйидаги ййўналишларини ажратиб кўрсатиш мумкин:
– мулкчилик муносабатларининг глобаллашуви;
– кооперация ва меҳнат тақсимотининг нисбатан юқори даражасига ўтиш;
– хўжаликни ташкил этишнинг бутунлай янги шаклларининг пайдо бўлиши ва ривожланиши;
– халқаро иқтисодий ташкилотларнинг тартибга солувчи ролини ривожланиши.
Шунингдек, жаҳон хўжалиги глобалашуви жараёнларининг зиддиятли томонлари ҳам мавжуд. Бу зиддиятларнинг асосийлари қуйидагилардан иборат:
1) турли мамлакатлардаги иқтисодий ривожланишнинг бир текисда бормаслиги;
2) бой ва қашшоқ мамлакатлар ўртасидаги фарқнинг кучайиши;
3) экологик ҳалокат таҳдидларининг кучайиб бориши;
4) турли мамлакатларда аҳоли сонининг ўзгаришининг фарқланиши.