II БОБ. Аҳолининг иш билан бандлиги ҳолати ва ижтимоий – иқтисодий кўрсаткичлари таҳлили
2.1. Аҳолининг бандлик таркиби ўзгаришининг кўрсаткичлари таҳлили
Иқтисодий тараққиёт ва инсон салоҳиятини ривожлантиришда аҳолини иш билан бандлиги муҳим омил ҳисобланади. Аҳолини иш билан бандлигини таъминлаш, унинг такрор барпо бўлиши учун зарур шартдир. Чунки кишиларнинг турмуш даражаси, иқтисодиёт соҳалари ва тармоқлари учун кадрлар танлаш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, ишга жойлаштириш, ишсизларни моддий ва психологик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун қилинадиган сарфлар аҳолини иш билан таъминланишига боғлиқдир. Шунинг учун аҳолини иш билан бандлигини таъминлашнинг ижтимоий-иқтисодий ва ташкилий жиҳатларини тадқиқ этиш бугунги кундаги ижтимоий-иқтисодий муаммо сифатида алоҳида аҳамиятга эгадир.
Ҳар қандай ижтимоий-сиёсий тузилмада аҳолининг иш билан бандлик муаммоси мураккабдир. Иш билан бандлик ижтимоий тотувлик ва барқарорликка эришиш ва жамият иқтисодий ривожланишининг муҳим омилидир. Аҳолининг иш билан бандлик таркибидаги силжишлар уни трансформациялашувини англатади. Бу эса, иқтисодиётнинг инновацион ривожланиши шароитида иш билан бандлик таркибидаги ўзгаришлар натижасида унинг эгилувчанлиги кенгайишини тақозо этади. Иш билан бандликнинг қайта тузилиши яхлит жараён сифатида иқтисодий фаол аҳолининг фаолият турлари, унинг иқтисодиёт соҳалари ва тармоқлари бўйича қайта тақсимланиши ҳамда ўзгаришларга олиб келади. Умуман иш билан банд аҳоли таркибини қуйидаги аломатлар бўйича таснифлаш мумкин: тармоқлар бўйича; касблар гуруҳлари бўйича; мулк шакли бўйича; корхона тури бўйича; ёши бўйича; жинси бўйича. Айтиш жоизки, ҳозирги даврда аҳолининг иш билан бандлиги таркибидаги ўзгаришларни юқоридаги категориялар бўйича тадқиқ этиш мақсадга мувофиқдир. Маълумки, давлатнинг аҳолини иш билан таъминлаш сиёсати – тўла иш билан бандлик даражасига эришишни мақсади сифатида белгилайди, лекин бу мақсаднинг амалга ошиши иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришларнинг қанчалик самарали амалга ошишига боғлиқ ҳисобланади. Шундан келиб чиққан ҳолда айтиш жоизки, иш билан бандликнинг қайта тузилишини таъминланишида давлатнинг ўрни жуда катта. Чунки давлат, биринчидан, мулк шаклини ўзгаришининг ислоҳотчиси, иккинчидан, макро ва микроиқтисодий сиёсатни амалга оширади ва тармоқларнинг ривожланишига таъсирини ўтказади, учинчидан, институционал шароитни ҳам давлат яратади.
Аҳолининг иш билан бандлик таркибини ўрганишда тизим-таркиб услуби кенг қўлланилади. Бу услуб ўрганилаётган объектни каттароқ объект доирасида таҳлил қилишни назарда тутади. Масалан, меҳнат ресурслари тизим-таркиб усулида тадқиқ этилганда, объект – меҳнат ресурслари ҳисобланса-да, ундан каттароқ объект – аҳоли ва унинг таркибидаги миқдор ва сифат ўзгаришлар, шунингдек, унинг жойлашув хусусиятлари ҳамда унга таъсир этувчи омилларни ҳам ўрганиш талаб этилади.
Маълумки, иқтисодиётни модернизациялаш шароитида тармоқлар ва улардаги таркибий ўзгаришлар аҳоли, айниқса, меҳнат ресурсларининг иш билан бандлик таркибига сезиларли даражада таъсир кўрсатади. Иш билан бандликнинг турли шаклларда тарқалишининг ҳудудий хусусиятларини аниқлашда мазкур услубдан фойдаланилган.
Аҳоли иш билан бандлиги таркибини тадқиқ этишда кенг фойдаланилган усуллардан бири қиёсий таҳлил усулидир. Мазкур услубда аҳолининг иш билан бандлик таркибидаги ўзгаришларни қиёслашдан олдин таққосланадиган мутлақ ва нисбий кўрсаткичлар таққослама ҳолга келтирилади. Тадқиқотда кенг қўлланилган услублардан яна бири статистик услубдир. Бу услуб ёрдамида оммавий статистик кузатиш ва кузатиш материалларини гуруҳлаш, турли умумлаштирувчи кўрсаткичларни (масалан, мутлақ ва нисбий миқдор, ўртача миқдор) ҳисоблаш ҳамда статистик маълумотларни жадвал ва график кўринишда тасвирлаш мумкин.
Шу билан бирга, аҳолининг иш билан бандлик таркибини ҳар томонлама таҳлил қилишда мутлақ ва нисбий миқдорларни биргаликда қўллашни талаб қилади. Маълумки, нисбий миқдорларнинг ўзгариши бевосита мутлақ миқдорларнинг ўзгаришига боғлиқ. Аммо уларнинг ўзгариши турлича йўналишда бўлиши мумкин. Чунончи, мутлақ миқдорлар ўсиб бориш тенденциясига эга бўлса-да, лекин нисбатан эса улар ёки пасайиб бориш тенденциясига эга бўлади ёки аксинча, нисбий миқдорлар мутлақ миқдорлар ўсишига нисбатан жадал бўлиши мумкин. Шунинг учун, аксарият жадвалларда статистик услубдан унумли фойдаланиб, мутлақ ва нисбий миқдорлар комплекс қўлланилган.
Бирламчи эҳтиёжларни қондирувчи товарлар ишлаб чиқарилиши ҳажмининг ўсиши аҳолининг харид қобилиятининг ошишини англатади, бошқа томондан эса, бу меҳнат унумдорлигининг ўсиши ва янги соҳаларда ишлаб чиқариш кенгайишининг натижасидир.
Иш кучи сонининг камайиши ва қайта тақсимланиши даромад билан бир қаторда, нафақат моддий ишлаб чиқариш соҳаларида, балки моддий ишлаб чиқаришнинг хизматлар соҳасида ҳам вужудга келмоқда. Бунда соҳалар ривожланишида сўнгги илмий-техник ривожланишнинг ўрни қанчалик муҳимлиги кўринмоқда. Таъкидлаш жоизки, меҳнат ва ишлаб чиқариш самарадорлигининг ўсиши туфайли ресурслар учун харажатлар қисқаради, бунинг натижасида одатий кундалик маҳсулотларининг нархлари пасаяди.
Ялпи ички маҳсулотнинг кейинги йиллар мобайнида нисбатан ўсиш тенденцияси (ўтган йилга нисбатан 2000 йилда – 3,8%, 2017 йилда – 5,3%) республикамизнинг барча соҳаларида кузатилди. Жумладан, ҳудуд иқтисодиётининг барча соҳа ва тармоқларида олиб борилаётган туб ислоҳотлар кейинги йиллар мобайнида ўзининг ижобий натижаларини бериб келмоқда. Мамлакатимиз иқтисодиётида саноат маҳсулоти ишлаб чиқариши ўтган йилга нисбатан 2000 йилда 104,2 %ни, 2021 йилда эса 106,4 %ни ташкил этди. Худди шундай ўсиш суръатларини бошқа соҳа ва тармоқларда ҳам кўришимиз мумкин, яъни таҳлил этилаётган йиллар мобайнида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2021 йилда 224288,8 млрд. сўм, ишлаб чиқарилган хизматлар ҳажми 190356,0 млрд. сўм, қурилиш-пудрат ишлари 68854,4 млрд. сўм, асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми 189924,3 млрд. сўмни ташкил этган (2.1-жадвал).
Агар саноатнинг улуши ЯИМда қисқарса ҳам унинг жон бошига тўғри келадиган мутлақ қиймати ўсади ва хизмат соҳасидаги ишчиларнинг кўпайиши фақатгина меҳнатнинг деиндустриализация бўлаётганлигидан далолат беради. Ривожланган давлатлардаги саноат ва қишлоқ хўжалигининг ЯММдаги улушининг камайиши – шу соҳаларнинг самарадорлигидан далолат беради, яъни бу соҳада харажатлар камайган бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |