Оборот кассасига захира фондидан нақд пул бериш қандай тартибда амалга оширилади?
Оборот кассасидаги лимитдан ортиқча пул маблағлари захира фондига қандай қўйилади?
Ҳисоб-касса марказининг фаолияти ҳақида гапириб беринг.
8-БОБ. БАНКЛАРНИНГ БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБОТЛАРИ
1-§. Кунлик баланс ва бошқа ҳисоботлар
Тижорат банкларида ҳар куни қонун ва меъёрий ҳужжатларда белгиланган тартибда бир қатор операциялар бажарадилар. Операцияларнинг бажарилиши ва уларни бухгалтерия ҳисобида акс эттирилиши тўғрисида ҳисобот тузилишлари ва уларни тегишли ташкилотларга такдим этишлари лозим. Тижорат банклари томонидан тузиладиган энг асосий ҳисобот кундалик балансидир.
Ўзбекистон Республикаси банклари бухгалтерия ҳисоби маълумотлари асосида кундалик баланс тузадилар. Бундай ҳисобот шакли ва ҳажми Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгилаб қўйилган. Тижорат банкларининг филиаллари ҳар куни ҳисобварақларнинг кун оҳиридаги қолдиқлари бўйича иккинчи тартиб ҳисобварақлари юзасидан баланс ҳисоботи тузиб, тижорат банкининг вилоят бўлимига тақдим этади. Тижорат банклари филиаллари бу маълумотларни алоҳида файл билан сўм ва тийинларда модем бўйича жўнатадилар.
Тижорат банкларининг вилоят бошқармалари олинган балансларни текшириб, ўз тизимлари юзасидан вилоят бўйича жамланма баланс тузадилар, уни Марказий банкни ҳудудий бош бошқармаларига тақдим этадилар. Марказий банк бош бошқармалари бутун вилоят бўйича баланснинг ҳамда Марказий банк бўйича жамланма балансни умумлаштирадилар ва уни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ишлаб чиққан махсус дастур ёрдамида модем орқали жўнатадилар.
Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисобот департаментида баланслар тижорат банклари бўйича алоҳида, Марказий банк бўйича жамлама баланс тузилади. Марказий банк баланси Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисобот департаментида таҳлил қилинади, тижорат банкларининг балансини эса тижорат банкларига лицензиялар бериш ва улар фаолиятини тартибга солиш департаменти таҳлил қилади. Таҳлил натижалари бўйича камчиликлар тегишли банкларга маълум қилинади.
Кунлик балансдан ташқари банкда бошқа ҳисоботлар ҳам тузиб борилади, ҳар бир ҳисоботнинг белгиланган шакллари, уларни топшириш муддатлари алоҳида белгиланади.
Ҳисоботларнинг мақсади, топшириш муддатлари ва шакллари «Ўзбекистон Республикаси банкларида статистика ҳисоботларини ташкил этиш қоидалари» номли 221-йўриқномада баён этилган. Бу ҳисобот шаклларига қўйидагилар илова қилинади:
19909 - «Товар моддий бойликлар ва кўрсатилган хизматлар учун тўланган суммалар» номли‚ 29802 - «Пули тўланадиган ҳисобварақлар» номли, 16505 - «Битказилмаган қурилиш» номли ҳисобварақлар бўйича қолдиқлар қайдномаси;
аниқлангунча ўзаро ҳисоб-китоблар бўйича ўтказилган суммалар қайдномаси, шунингдек қайдномага «Клиринг трансакциялари деган 17301, 23202, «Аниқланиш жараёнидаги трансакциялар 17305, 23206 ҳисобварақлар бўйича қолдиқда турган ҳар бир сумма ҳам киритилади. Юқорида айтилган ҳисобварақларда қолдиқ бўлмаса, бу ҳақда баланс ҳисоботига ёзиб қўйилади.
Ҳар бир ҳисобот шакли ва қайдномаларини банк раҳбари ҳамда бош бухгалтери муфассал кўриб чиқиши ва имзолаши керак. Касса операциялари бўйича ҳисоботларига улардан ташқари катта кассир ёки касса мудири ҳам имзо чекади. Банкларда худудий вилоят бошқармалари, шунингдек Қорақолпоғистон Республикаси бошқармаси тегишлича ўз банкларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига ҳисобот топширадилар.
Юқори банкларга келиб тушган бухгалтерия ҳисоботлари текширилади, таҳлил қилинади ва унинг асосида зарур бошқарув қарорлари қабул қилинади.
Ҳисобот маълумотларида номувофиқлик борлиги аниқланса, унинг сабаблари энг қисқа муддатда топилиши ва тартибга солиниши лозим. Банкларнинг вилоятлардаги (ҳар куни), республикалардаги (ҳар ойда) раҳбарлари балансларни кўриб чикишлари ҳамда бош бухгалтернинг уларга қарашли банкларда бухгалтерия иши, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи аҳволи, шунингдек, бу ишда аниқланган камчиликларни қандай бартараф этилаётгани тўғрисидаги ахборотни тинглаши керак.