Корхоналарда рискни бошқариш жараёнини қуйидаги расм ёрдамида ифодалаш мумкин.
Иқтисодиётни модернизациялаш шароитида корхоналар хўжалик фаолиятида юзага келадиган рискларни камайтиришнинг жаҳон тажрибасини кенг ўрганган ҳолда амалиётда қўллаш муҳим аҳамият касб этади. Аввал таъкидлаганимиздек, корхоналар фаолиятида асосий эътибор берилиши лозим бўлган масалалардан бири рискларни бошқаришдир. Бугунги кунда рискни бошқариш жараёни қуйидаги асосий босқичларни ўз ичига олади:
Корхонанинг стратегияси ва мақсадни белгилаш.
Рискни аниқлаш.
Рискни баҳолаш.
Рискни бошқаришни чоралари, усулларини танлаш ва жорий қилиш.
Амалга оширилган ишларни самарадорлигини назорат қилиш.
Корхоналарда рискни бошқаришни муҳим жиҳатларидан бири уларни камайтириш йўлларини тўғри танлаш ва амалиётга самарали тадбиқ этиш ҳисобланади. Рискларни камайтиришни хорижий давлатлар ва мамлакатимизда фойдаланиладиган қуйидаги усуллари мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири ўзига хос хусусиятларга эга:
Корхонанинг ички молиявий имкониятлардан фойдаланган ҳолда рискларни камайтириш. Бунда асосан, юзага келган рискни корхонанинг ички молиявий захиралари ва молиявий ресурслари ҳисобига камайтиришни кўзда тутади. Бу усул корхона учун рискни камайтиришни энг оптимал йўлларидан бири бўлиб, корхонада қўшимча мажбуриятлар пайдо бўлишини олдини олади. Албатта, бунинг учун корхоналар ихтиёрида қоладиган фойданинг бир қисмини кўзда тутилмаган ҳолатлар учун захиралар шаклллантиришни янада кенг йўлга қўйиш лозим. Ҳозирги кунда мамлакатимизда фаолият юритаётган аксарият корхоналарда бундай тартибга унчалик эътибор қаратилмай келмоқда. Кўпгина ҳоллларда корхоналар ўзларининг ихтиёрида қоладиган фойданинг деярли барча қисмини айланма маблағларни кўпайтиришга йўлантиради. Шунинг учун корхоналар фаолиятида бундай ҳолатларни бартараф этиш мақсадида, уларнинг ихтиёрида қоладиган соф фойданинг бир қисмини қўшимча молиявий захиралар яратишга йўналтиришни қонунчилик билан қатъий белгилаб қўйиш рискни камайтиришда ижобий самара беради.
Корхона капитали ва даромадини дисконтлаштириш. Дисконтлаштириш келажакда олиниши мумкин бўлган сумманинг ҳозирги пулли эквивалентини аниқлаш имконини беради. Бунинг учун келажакда
олиниши кутилаётган суммада мураккаб фоиз бўйича маълум муддатга жамланган даромадни айириш керак. Дисконтлаштириш инвестицияларнинг келгуси қийматини баҳолашда, қимматбаҳо қоғозларнинг қийматини аниқлашда, банк, суғурта, валюта амалиётида ва бошқа ҳолларда кенг қўлланилади. Даромадни дисконтлаштириш келажакда пул тушумларини (фойда, фоизлар, дивидендлар) баҳолаш учун қўлланилади. Инвестор келгусида режалаштирилган даромад даражасидан келиб чиққан ҳолда лойиҳага максимал миқдорда молиявий ресурсларни жалб қилиш имкониятини тўғри баҳолаши керак акс ҳолда кутилган мақсадларга эришиш имконияти бўлмайди.
Корхонада рискни камайтиришнинг яна бир усули рискни шерикларга ёки учинчи томонга ўтказиш (трансферт қилиш) ҳисобланади. Бунда юзага келиши мумкин бўлган рискни учинчи томонга ўтказиш қуйидаги операциялар орқали амалга оширилиши мумкин:
факторинг операциялари орқали;
кафиллик шартномлари тузиш орқали;
юзага келиши мумкин бўлган рискни ҳамкорлар ўртасида тақсимлаш ва бошқалар.
Факторинг - ҳисоб-китобларни ташкил этиш сохасидаги янги хизмат турларидан бўлиб, корхонанинг (мижознинг) айланма капиталини кредитлаш билан мувофиқлашади. Факторинг операциясининг асосий мақсади мижозларининг қарздорлигини ўз вақтида инкасса қилиш, тўловларини ўз муддатида олиб бориш, шубҳали қарздорликларини пайдо бўлишини олдини олиш, мижозларининг ликвидлигини ошириш ва молиявий рискларини пасайтиришдан иборатдир. Бундай операцияларни одатда махсус факторинг фирмалари амалга оширади. Улар банкларда ёки уларнинг ихтисослашган филиаллари ва компаниялари хисобланади.
Факторинг операцияларида банк ўз мижозларининг дебиторларга талабларини (даъволарини) сотиболади. Бунда банк талабнинг 60-70-90% ни (фоиздаражаси мижознингмолиявий ҳолати, ликвидлилик даражасивабошқа
молиявий кўрсаткичларни ҳисобгаолганҳолдатурли хил бўлиши мумкин) аванс тариқасида бирданига тўлаши қолган кисмини эса, (кредит учун фоизни ҳисобга олмаган ҳолда) белгиланган муддатда, дебитордан тўлов тушишидан қатъий назар тўлайди.
Факторинг мижозларга хизмат кўрсатишнинг универсал шакли ҳисобланади, чунки мижозлар ўз талаблари (даъволари) буйича бухгалтерия хисобини юритиш, уларнинг тўловлилигини текширишдан холи бўлишади. Банклар маҳсулот сотиб олувчиларнинг тўлов қобилияти тўғрисидаги ахборотни мижозларига етказишлари, хорижий давлатлардаги тўловлар кафолатини ўз бўйнига олишлари мумкин.
Кафиллик шартномаларини тузиш орқали корхоналар ўзларининг мажбуриятларини маълум маънода кафил томонга ўтказиб беришни ифодалайди. Корхоналар маҳсулот ва хизмат турларини сотиб олишда учинчи шахс кафиллигидан фойдаланишлари мумкин. Бизнинг амалиётда тижорат банклари ўзларининг ишончли ва молиявий барқарор мижозларига маҳсулот ва хизматлари сотиб олишда кафиллик шартномасини тузадилар. Ушбу тузилган шартномага асосан агар мижоз ўзининг тўлов мажбуриятларини бажара олмайдиган бўлса тижорат банки шартномада кўрсатилган суммани маҳсулот етказиб берувчига тўлаб бериш мажбуриятини олади. Корхоналар фаолиятида бундай операциялар рискларни камайтириш билан бирга ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш жараёнини узлуксизлигини таъминлайди.
Корхонанинг муайян бир фаолият турини суғурталаш ёки юзага келиши мумкин бўлган рискни суғурталаш. Рискни камайтиришнинг ушбу усули хорижий мамлакатлар компанияларида энг кўп фойдаланиладиган усуллардан бири бўлиб, бундай корхоналар маҳсулотларни харидорларга етказиб бериш, маҳсулотларни омборларда сақланиши, маҳсулотларни реализацияси қилиш каби жараёнларни суғурталаш асосида рискни камайтирадилар. Ҳозирги кунда бизнинг мамлакатимизда ҳам суғурта бозори ривожланиб, амалиётда суғурта турларининг сони кўпайиб бормоқда.
Ўйлаймизки, суғурта бозорида юқоридаги хизмат турини ҳам кенг жорий қилиниши корхоналар учун ижобий самара бериш билан бирга суғурта компаниялари учун ҳам қўшимча молиявий ресурсларни шакллантиришда манба бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Юқоридагилардан ташқари корхоналарда рискни камайтиришини бошқа усуллари ҳам мавжуд бўлиб, қуйида биз уларнинг асосийларини кўриб чиқамиз:
Рискни бирлаштириш - бу умумий муаммоларни ҳал қилишга ҳамкорлар сифатида бошқа корхоналар ёки юридик шахсларни жалб қилиш орқали ўз рискининг даражасини пасайтиришдир. Бунинг учун акционерлик жамиятлари, молия - саноат гуруҳлари ташкил этилишлари мумкин, корхоналар бир-бирларининг акцияларини сотиб олиши ёки алмашишлари мумкин, бундан ташқари ушбу корхоналар турли ассосация ва концернларга аъзо бўлишлари мумкин. Рискларни бирлаштириш деганда рискни иқтисодиётнинг бир нечта субъектлари ўртасида бўлиш орқали уни пасайтириш тушунилади.
Рискни хеджирлаш усули асосида камайтириш. Хеджирлаш нархларнинг салбий ўзгаришларни олдини олиш мақсадида олдиндан тузиладиган биржадаги битимлар ҳисобланади. Яъни корхона олдиндан битим тузган холда нархни белгилаб келгусида шу нарх бўйича савдо қилади. Нархлар кескин тушиб кетганда ҳам корхона битимда қатъий белгиланган нарх асосида савдони амалга оширади. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, хеджирлаш келгусида олиниши мумкин бўлган даромаддан воз кечтириш имкониятига ҳам эга. Чунки нарх доимий равишда тебраниб туради. Амалиётда хеджирдаш асосан қуйидаги усуллар орқали амалга оширилади:
фючерс шартномаларидан фойдаланиш орқали хеджирлаш;
«своп» операциясидан фойдаланиш орқали хеджирлаш.
Диверсификациялаш усули. Диверсификациянинг моҳияти шундан иборатки, инвестицион портфелнинг умумий рискини камайтириш мақсадида, бир нечта рискли ативларни харид қилишдан иборат. Яъни
иқтисодий фаолият қўламини кенгайтириш, ишлаб чиқаришнинг бошқа соҳаларига кириб бориш. Инвестор қўйилмани уч усул орқали диверсификация қилиши мумкин - бир нечта корхонага инвестиция қилиш, бир нечта маҳсулот турини ишлаб чиқарувчи корхонага инвестиция қилиш ва инвестиция киритиладиган соҳага мўлжалланган фондга инвестиция қилиш. Устун томони шундан иборатки, бирор-бир инвестицион портфел камомад билан чиқса уни бошқа портфеллар эвазига қоплашдир.
Шунингдек валюта заҳираларини диверсификация қилиш амалиётда кўп учрайди. Валюта курслари доимо тебраниб турадиган шароитда валюта заҳиралари диверсификацияси қилиш мақсадга мувофиқдир. Валюта курсини диверсификация қилиш деганда, захиралар таркибидаги нобарқарор валютани сотиш ва уларнинг ўрнига барқарор валюталарни сотиб олиш тушунилади.
Диверсификация рискнинг бир қисмини четлаб ўтиш имкониятини беради. Бунда капитал турли хил фаолият ўртасида тақсимланади. Лекин, деверсификация инвестицион рискни умуман йўқота олмайди. Чунки, тадбиркорлик ва инвестицион фаолиятига ташқи омиллар таъсири доимо инобатга олиниши лозим.
Корхона молиявий ҳолатининг диверсификацияси турли молиявий операциялардан даромад олиш муқобил (альтернатив) имкониятларидан фойдаланишни кўзда тутади. Қимматли қоғозлар портфелининг диверсификациясида инвестицион портфелнинг даромадлилик даражасини камайтирмасдан инвестицион рискларни пасайтириш имкониятини беради.
Корхона депозит қуйилмаларининг диверсификацияси бир нечта банклардан даромад олиш мақсадида вақтинча бўш турган пул маблағларини жойлашни кўзда тутади. Корхона валюта саватининг диверсификацияси ташқи иқтисодий операцияларни амалга ошириш жараёнида валютанинг бир нечта турини танлашни кўзда тутади (бу валюта рискини минималлаштириш имконини беради).
Тадбиркорлик фаолияти давомида рискни баҳолаб, уни камайтириш мақсадида диверсификациялаш усулидан фойдаланишда лойиҳанинг сезгирлик таҳлилини, "Зарарсизлик нуқтаси" ни аниқлаш, барқарорликни текшириш муҳим аҳамият касб этади.
Диверсификациялаш усулида сезгирлик таҳлили лойиҳанинг ўхшаш параметрларидан бири ўзгарганда, лойиҳа самарадорлиги қай даражада ўзгаришига микдорий баҳо беришда қўлланилади. Сезгирлик таҳлилини инвестиция лойиҳалари натижаларига сезиларли даражада таъсир этувчи омилларни аниқлаш ва уларни таққослаш тахлили учун ўтказиш тавсия этилади. Бу омиллар билан боғлиқ вазифаларни ечишда қуйидаги кетма- кетликка амал қилинади. Аввало, соф жорий қийматни ҳисоблашга ёрдам берадиган омиллар аниқланади. Кейин маълум оралиқларда омиллардан бири ўзгартирилиб, соф жорий қиймат ҳисоблаб чиқилади, ушбу йўл ҳар бир омил учун такрорланади. Шундан сўнг ҳамма ҳисоблар жадвалга жойлаштирилади, ҳар бир омил ўзгаришига нисбатан лойиҳанинг сезгирлик даражаси солиштирилади ва лойиҳанинг муваффақиятига энг кўп даражада таъсир этувчилари аниқланади. Сезгирлик таҳлили ёрдамида, ҳисоблар учун зарур бўлган турли хил ўзгарувчилар берилганда, накд фойда ёки инвестиция рентабеллигининг энг зарурий ўзгаришларини аниқлаш мумкин. Турли хил ўзгарувчиларга ишлаб чиқариш харажатлари, сотиш ҳажми, инвестиция даври давомийлиги, кредит фоизи, хом ашё ва ёқилги қиймати, солиқлар миқдори ва бошқалар мисол бўлади.
Зарарсизлик нуқтасини аниқлаш усули ёрдамида маҳсулот сотишдан келган тушум уни ишлаб чиқариш харажатларига тенг бўлган ҳолдаги сотиш ҳажми аниқланади. Агар сотиш ҳажми бу нуқтадан паст бўлса, корхона зарарларни қоплаши мумкин, агар пул кирими харажатларга тенг бўлса, корхона ишини зарарсиз олиб бораётган бўлади. "Зарарсизлик" таҳлили лойиҳа қуввати ёки ишлаб чиқариш ҳажми микдорини топиш мақсадида қўлланилади. Агар ишлаб чиқариш ҳажми паст бўлса, корхона зарарга ишлаётган бўлади. Бу таҳлил лойиҳани баҳолашда турли нарх ва қийматни
ҳисобга олишга бир қатор зарарсизлик нуқталарини ҳисоблашга имкон беради.
Иқтисодиётни модернизациялаш шароитида корхоналарда молиявий рискларни камайтириш истиқболлари молиявий стратегия ва усуллар йиғиндиси рискларни бошқариш механизмини, яъни риск менежментни ташкил этиш орқали амалга ошириш мақсадга мувофиқдир. Аваал таъкидлаганимиздек, риск менежменти молиявий менежментнинг бир қисмини ташкил этади.
Риск менежменти асосида риск даражасини пасайтириш бўйича мақсадли изланишлар ва ишларни ташкил этиш, яъни ҳар қандай хўжалик фаолиятини юритишда даромад олиш ва уни (даромадни, фойдани) ошириш қобилияти ётади. Риск менежментнинг асосий мақсади бўлиб, тадбиркорнинг мақсадли вазифалари ҳисобланади ва бунда тадбиркор учун фойда ва рискнинг оптимал ва фойдали муносабатлари натижасида юқори даромад олиш акс этади. Риск менежмент бу рискларни бошқариш ва бу бошқарув жараёнида келиб чиқадиган иқтисодий, аниқроғи молиявий муносабатлар тизимидир.
Риск менежмент бошқарувнинг стратегияси ва тактикасини ўз ичига олади. Бошқарув стратегияси - бу қўйилган мақсадга эришиш учун молиявий воситалардан фойдаланиш усуллари ва йўналишлари мажмуасидир. Молиявий усулларга қарор қабул қилиш учун умумий чегаралар ва қоидалар тўплами мос келади. Стратегия эса бошқа вариантлардан воз кечиб, қабул қилинган стратегияга тўғри келадиган қарор вариантларига мос фикрни жамлаш имконини беради. Қўйилган мақсадга эришгандан кейин стратегия унга эришиш йўналиши ва воситаси сифатида ўз кучини йўқотади. Янги мақсадлар эса ўз олдига янги стратегия ишлаб чиқариш ва уни самарали амалга ошириш масаласини қўяди. Тактика - бу аниқ шароитда қуйилган мақсадга эришиш учун аниқ усул ва услублар мажмуасидир. Бошқарув тактикаси масаласи мавжуд хўжалик фаолиятини юритишда ижобий ва оптимал қарорни танлашдир.
Риск менежментининг бошқарув тизими 2 та ички тизимлардан иборат: бошқариладиган (бошқарув объекти) ва бошқарувчи (бошқарув субъекти) ички тизим. Риск менежментда бошқарув объекти бу рискни, яъни капитални таваккал қўйилиши ва рискнинг реализацияси жараёнида хўжалик субъектлари ўртасидаги иқтисодий муносабатларни ўз ичига олади. Бу иқтисодий муносабатларга суғурталовчи ва суғурталанувчи, кредитор ва қарздор, тадбиркорлар (шериклар, рақобатчилар) ва ҳоказолар ўртасидаги муносабатлар мисол бўлади.
Риск менежмент бошқарув субъекти бўлиб эса турли бошқарув усул ва услублари орқали бошқарув объектларининг мақсадли ишлатилишига таъсир ўтказувчи шахсларнинг махсус гуруҳи ҳисобланади (Масалан, молиявий менежер, суғуртa мутахассиси, актуарий, андеррайтер ва шу кабилар). Субъектнинг бошқарув объектига таъсир қилиш жараёни, яъни бошқарув жараёнининг ўзи фақат бошқарувчи ва бошқарилувчи ички тизимлар ўртасида маълум маълумотлар айланиши шароитида амалга оширилиши мумкин. Бошқарув жараёни унинг аниқ таркибидан қатъий назар доим маълумотни олиш, ўтказиш, қайта ишлаш ва фойдаланишни назарда тутади. Риск менежментда мавжуд шароитларда аниқ ва етарли маълумотлар олиш катта аҳамиятга эга, чунки у таваккал қилиш (риск) шароитида аниқ қарор қабул қилиш имконини беради.
Риск менежментининг вазифаларини икки асосий гуруҳга бўлиб олиш мумкин: бошқарув объекти вазифаси ва бошқарув субьекти вазифаси.
Риск менежментининг бошқарув объекти вазифалари қуйидагиларни ташкил этишдан иборат: рискни бартараф этиш; капитални ёки молиявий ресурсларни рискни инобатга олган ҳолда мақсадли жойлаштириш ёки йўналтириш; рискнинг хавфлилик даражаларини камайтириш бўйича ишлар олиб бориш; рискни суғурталаш жараёни ва рисни камайтириш борасида қўшимча чора тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш.
Риск менежментининг бошқарув субъекти вазифалари эса қуйидагилардан иборатдир:
рискни башоратлаш (прогнозлаш);
рискни бошқариш бўйича ишларни ташкил этиш;
тартибга солиш ва мувофиқлаштириш;
рағбатлантириш ва назорат.
Юқоридаги вазифаларнинг барчаси корхоналарда юзага келиши мумкин бўлган рискларни олдиндан башорат қилиш ва уларни камайтириш борасида амалга ошириладиган ишлар дастурини ишлаб чиқиш ва амалиётга тадбиқ қилишгача бўлган барчадаврий жараёнларини ўз ичига олдаи.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, иқтисодиётни ривожланиш циклининг ҳар қандай босқичида ҳам корхоналарда рискни самарали бошқариш долзарб ҳисобланади. Шунинг учун ҳам корхоналар молиявий сиёсатини ишлаб чиқишда рискни бошқаришга алоҳида эътиборни қаратиш лозим. Корхонада рискни бошқарувчи менежерлар юксак маҳорат, назарий билимларнинг мукаммаллиги ва чуқур амалий кўникмаларга эга бўлиши лозим. Мамлакатимизда фаолият юритаётган корхоналар хорижий давлатларнинг бу борадаги илғор тажрибаларини ўрганган ҳолда амалиётга тадбиқ қилишлари истиқболда ижобий натажаларга олиб келади.