Молия бозори ахлоқи
Халқаро амалиётда молия бозорлари кўп жиҳатдан ўзини-ўзи тартибга соладиган ҳисобланади, чунки уларга нисбатан ахлоқ ва ишбилармонлик нуфузи жиддий стандартлари амал қилади. Бу стандартларнинг бузилиши учун жазо ҳамжамият аъзолигидан чиқариш ҳисобланади – ҳеч ким улар билан битим тузмай қўяди, шу сабабли ишбилармонлик нуфузи молиячи «багаж»идаги асосий актив ҳисобланади. Унинг натижаси – ишончдир.
Одоб-ахлоқ меъёрлари ва қоидалари қаердадир кодлаштирилган (ҳужжат шаклида мавжуд), қаердадир эса ёзилмаган қонун ҳисобланади. Бироқ жаҳон молия бозори одоб-ахлоқ стандартларига риоя қилиш йўналишида ривожланмоқда. Масалан, CFA ассоциация, молиявий таҳлилчиларнинг энг нуфузли халқаро ташкилотларидан бири, унга аъзо бўлиб киришда бир қатор имтиҳонлар топширишни таклиф қилиб, ундаги саволларнинг 30% и одоб-ахлоқ билан боғлиқ бўлади.
Касбий одоб-ахлоқ кодексининг асосий мақсадлари:
–низолар тўқнашувини аниқлаш ва олдини олиш;
–мансабдор шахсларнинг чоп этилиши мумкин бўлмаган ахборотдан шахсий ва моддий манфаат олиш мақсадида фойдаланишининг олдини олиш;
–тижорат сирларининг ҳимоя қилинишини таъминлаш;
–бозорда манипуляция қилишнинг олдини олиш;
–касбий одоб-ахлоқ борасида бошқа талабларга риоя қилиш.
Бу мақсадлар билан бозордаги барча операциялар қуйидаги тамойилларга мос келиши лозим:
–ҳалоллик;
–қонунийлик;
–мижознинг манфаатлари устуворлиги;
–профессионаллик;
–мустақиллик;
–ахборот очиқлиги.
Ҳалол фаолият тушунчаси ва тамойиллари
Ҳалоллик – профессионал фаолиятни муносабатлар моҳияти ва уларнинг фаолият шартлари бўйича талаб қилинган эҳтиёткорлик ва ғамхўрлик даражаси билан, мижознинг манфаатлари ва профессионал қатнашчи манфаатларини асосий риск ва хатарга қўядиган хулқ-атвордан қочган ҳолда амалга оширишдир.
Ҳалол фаолият юритиш бўйича асосий мажбурият мижозлар билан ишлайдиган қатнашчилар – брокерлар ва бошқарувчиларда ётади.
Брокернинг асосий мажбурияти мижозларнинг буюртмаларини ҳалол бажаришдир. Брокер ўзи ҳам, ўз манфаатларида маблағлари ҳисобига битимлар тузиши мумкин, лекин барча ҳолатларда мижозларнинг топшириғи бўйича битимлар брокернинг ўз битимлари билан таққослаганда устувор бажарилиши лозим.
Брокер ва мижоз ўртасида манфаатлар тўқнашуви юзага келиши мумкин. Масалан, мижоз алоҳида қимматли қоғозларни энг қиммат нарх бўйича сотишга топшириқ беради, брокер эса худди шу қимматли қоғозларни, табиийки, энг
арзон нархда сотиб олишдан манфаатдор бўлади. Бундай вазиятда мижозни манфаатлар тўқнашуви ҳақида зудлик билан огоҳлантириш брокернинг мажбурияти ҳисобланади. Агарда брокер мижозни манфаатлар тўқнашуви ҳақида хабардор қилмаган ва мижознинг топшириғини мижоз учун зиён етказиш билан бирга бажарган бўлса, бунда брокер етказилган зиённи қонунчиликда кўзда тутилган тартибда қоплаши шарт.
Do'stlaringiz bilan baham: |