Саъдий Шерозий. Саъдий Шерозий (1203-1292) шерозлик давлат хизматчиси оиласида туғилган. Машҳур форс-тожик шоири, адиб ва мутафаккир. Бағдоддаги Низомия мадрасасида ўқиган. Ўз даврининг донгдор тасаввуф олими ва файласуфи Шаҳобиддин Суҳравардий қўлида таҳсил олади. Ўрта ва Яқин Шарқ мамлакатларида кўп бор саёҳатда бўлган. Саъдий ўз ижодини лирик шеърлар ёзиш билан бошлаган. Унинг бой ҳаётий тажриба асосида ёзилган “Гулистон” ва “Бўстон” асарлари Мусулмон Шарқ адабиётида дидактик йўналишни бошлаб берган ва шоирга оламшумул шуҳрат келтирган. Бу асарлар кейинчалик Туркистон мадрасаларида ўқув қўлланма сифатида хизмат қилган. Саъдий Шерозий форс-тожик бадиий насрининг ҳам асосчиларидан саналади.
“Бўстон” асари шеърий усулда бўлиб, 10 бобдан иборат, таълимий-тарбиявий руҳдаги ибратли ҳикоятлардан тузилган. “Гулистон” асари эса 8 бобдан иборат бўлиб, унда ҳам таълим-тарбиявий мазмундаги ҳикоялар ва шеърий услубда ёзилган ҳикматлар мавжуд.
Саъдий Шерозийнинг ғазалларидан тузилган 4 девони бор. Ундан кейин ўтган шоирлар, хусусан, Ҳофиз ва Жомий каби буюк сўз санъаткорлари ҳам Саъдий ижодига эргашганлар. Шоир асарлари қадимдан ўзбек халқи орасида машҳур бўлган. Мадрасаларда асосий дарсликлар сифатида ўқитилган. “Гулистон” 1310-1391 йилдаёқ Сайфи Саройи томонидан туркий тилга таржима қилинган. Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарини “Гулистон” таъсирида ёзган ва унинг 22 ғазалига татаббуъ битган.
Хусрав Деҳлавий. Хусрав Деҳлавий (1253-1325, Деҳли) туркийларнинг лочин уруғидан бўлган ҳиндистонлик форсийзабон шоир ва мутафаккир. Отаси Сийфиддин Маҳмуд асли Кеш (Шаҳрисабз) аъёнларидан бўлиб, Чингизхон босқини арафасида Ҳиндистонга бориб, Шамсиддин Элтутмиш саройига хизматга киради. (Эсланг, Румийнинг отаси Баҳовуддин Валад ҳам Чингизхон босқини арафасида шундай қилганди). Отасидан 8 ёшида етим қолган Деҳлавий бобоси ва онаси қўлида тарбия кўради. Ўз даврининг етук донишмандларидан таълим олган Деҳлавий форс, араб, ҳинд тилларида гўзал шеърлар ёза бошлайди. Ҳаёти давомида 9 ҳукмдор саройида масъул лавозимларда ишлайди. Чиштия тариқатининг баланд мартабаларига етишади.
Лирик меросини умр фаслларига мослаб (Эсланг, Навоий ҳам “Ҳазойин ул-маоний”га шундай тартиб берган. Демак, Деҳлавийдан олган) “Туҳфат ус- сиғар” (“Ёшлик туҳфаси”), “Васат ул-ҳаёт” (Умр ўртаси), “Дуррат ул-камол” (“Камолот ибтидоси”), “Бақияи нақия” (“Сараларнинг сараси”), “Ниҳоят ул -камол” (“Камолот ниҳояси”) номи билан жами беш достон тузиб, Шарқ адабиётида девончилик тузиш анъаналарини бойитди.
Do'stlaringiz bilan baham: |