Бу йўлда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 5та муҳим ташаббус тамойилинининг асосини ифода этувчи илм-маърифат ёрқин нур бўлиб, бизни нурли келажак сари чорлайди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси "Давлат тили ҳақида"ги +онунининг узлуксиз таълим тизимида жорий этилишини таъминлаш мақсадида ташкил этилган "Ўзбек тили таълимини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари" доимий илмий-методик анжумани 1989 йилдан буён фаолият кўрсатиб, унда фақатгина она тили таълимининг долзарб масалалари муҳокама қилиб келинарди. Албатта, бу йўналишда ўтган давр мобайнида салмоқли ишлар амалга оширилди. Ушбу чора-тадбирларнинг узвий давоми сифатида вилоят филология фанлари ўқитувчиларининг "Тил ва таълим: муаммолар, истиқболдаги вазифалар" мавзусидаги Форуми ташкил этилди.
Мазкур Форумда кўтарилган масалалар вилоятимиз узлуксиз таълим тизимида барча тил ва адабиёт фанларини ўқитишнинг сифат ва самарадорлигини таъминлаш, дарс жараёнида юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш каби вазифаларга бағишланганлиги билан муҳим аҳамиятга эга. Тараққиёт бор жойда янги билим ва янгича ёндашувларга эҳтиёж сезилиши табиий. Шу боис она тили ва хорижий тилларни, ўзбек ва жаҳон адабиётини ўқитишни замон талабига ҳамоҳанг ташкил этиш, мавжуд муаммоларни бартараф қилиш эртанги истиқболдаги ютуқларимиз кафолатидир.
Ёш авлодни комил ва етук шахс сифатида тарбиялашда барча турдаги таълим муассасаларида она тили таълими мазмуни Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштирилди.
Мамлакатимизда бағрикенглик тамойилларига қатъий амал қилинади. Вилоятимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатларнинг таълим олиш имкониятлари ҳуқуқий жиҳатдан таъминланган. Ҳозирда вилоятимизда таълим жараёни 682 та умумий ўрта таълим мактабларидан 680 тасида таълим ўзбек тилида, 2 тасида қирғиз тилида олиб борилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 декабрда қабул қилинган "Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 1875-сонли қарори асосида умумтаълим мактабларининг 1-синфидан бошлаб чет тилларини ўқитиш йўлга қўйилди.
Шу асосда Вазирлар Маҳкамаси томонидан узлуксиз таълим тизимининг Давлат таълим стандарти тасдиқланиб, унга мувофиқ чет (инглиз, немис ва француз) тили фанларидан ўқув дастурлари ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди. Ушбу Давлат таълим стандарти ва ўқув дастурларига умум эътироф этилган Европа Кенгашининг "Чет тилни эгаллашнинг умумевропа компетенциялари: ўрганиш, ўқитиш, баҳолаш" тўғрисидаги халқаро ҳужжати (CEFR) меъёрлари асос қилиб олинди.
Ҳозирда вилоятимизнинг ҳар бир ҳудудида иқтидорли ва тажрибали хорижий тил ўқитувчилар гуруҳи шакллантирилиб, уларни тренерликка тайёрлаш лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Бугун ўтказилаётган филология фанлари форуми ҳам рамзий маънода тиллараро ҳамжиҳатлик ва тил ўрганишдаги тўсиқларни бартараф этишга хизмат қилувчи самарали қадамлардан бири, десак, хато бўлмайди.
Маълумки, фан ва техника жадал суръатлар билан ривожланаётган бугунги кунда кўплаб илмий билимлар, тушунча ва тасаввурлар ҳажми кескин ортиб бормоқда. Бу, бир томондан, фан-техниканинг янги соҳа ва бўлимлари тараққий этиши туфайли унинг дифференциаллашувини таъминлаётган бўлса, иккинчи томондан, фанлар орасида интеграция жараёнини вужудга келтирмоқда. Бундай шароитда юқори малакали педагогларга бўлган талаб ортиб, баркамол авлодни асрлар давомида шаклланиб келган умуминсоний ва миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш лаёқатига эга, фаннинг фундаментал асослари, педагогика ва психология методларини мукаммал эгаллаган, касбий тайёргарлиги юксак даражада бўлган ҳамда замонавий педагогик ва ахборот технологияларини амалиётда қўллаш кўникма ва малакасига эга ижодкор педагогларни тайёрлаш талаб этилади.
Ҳозирги вақтда таълим-тарбия жараёнида педагогик инновацияларни кенг кўламда қўллаш жаҳон тараққиётининг глобал тенденцияси ҳисобланади. Педагогик инновациялар кўламининг ортиши, мамлакатда модернизация жараёнининг тез суръатларда ривожланаётганлиги сабабли айни даврда таълим соҳасига янгиликларни тизимли равишда киритишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аммо таълим жараёнларига ўқитишнинг янги мазмун, шакл, метод ва воситаларини татбиқ этиш бўйича педагогик тадқиқотларнинг жорий этиш даражасини ҳозирча етарли деб бўлмайди.
Дарҳақиқат, янгиланган таълим тизимини жорий этишда ҳар бир ўқитувчи ўз фани ва баркамол авлод таълим-тарбиясига оид янгиликларни мунтазам ўрганиб, уларни ўз меҳнат фаолиятида изчил қўллай билиш маҳоратига эга бўлиши муҳим.
Бугун фан ва техника соҳасидаги янгиликларни ўқув дастурлари мазмунига тез киритиш талаб этилади ва бу орқали замонавий билимларни шакллантиришга замин ҳозирланади. Бундан ташқари замонавий ўқитиш технологиялари, улар билан боғлиқ методик ёндашувлар бўлажак ўқитувчиларда зарурий билимлар, муҳим қонуниятлар, кўплаб фундаментал тушунчаларни нисбатан енгил, чуқур ва мустаҳкам шакллантириш учун қулай шароит яратади. Тил таълимининг сифат ва самарадорлигини оширишда филология фанларидан дарс бераётган ўқитувчилар билим ва касбий маҳоратларининг замон талабларига мослиги, уларнинг мавжуд ўқув-лаборатория ва техника жиҳозларидан дарс жараёнида оқилона фойдаланиши, ташкил этилаётган амалий лаборатория машғулотлари самарадорлиги, ўқувчи юқори даражада ўзлаштириши учун ҳар бир мавзунинг илғор педагогик технологияларни қўллаган ҳолда ўтилишини таъминлаш талаб этилади. Филология фанларини ўқитишда компетенциявий ёндашувга асосланган таълимни амалиётга жорий этиш, ўқувчиларда эгаллаган билимларини ҳаётда қўллай олиш, онгли равишда касб-ҳунар танлаш, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда мустақил таълим олиш кўникмаларини ривожлантириш кўзланган асосий устувор йўналишлардан биридир.
Зеро, таълим-тарбия жараёнида ўқувчиларда коммуникатив, ахборот билан ишлаш, ўзини ўзи ривожлантириш, ижтимоий фаол фуқаролик, миллий ва умуммаданий, математик саводхонлик, фан ва техника янгиликларидан хабардор бўлиш ҳамда фойдаланиш каби таянч компетенцияларни таркиб топтириш муҳим аҳамиятга эга.
Ўқувчи-ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш устувор вазифага айланган. Чунки тил ва адабиёт ўқитувчисининг энг асосий ва долзарб вазифаларидан бири ҳам шу. Бугунги кунда умумтаълим муассасалари кутубхоналари бадиий адабиётлар билан тўлиқ таъминланаётган бўлса-да, ўқувчиларнинг китоб ўқишга қизиқиши талаб даражасида эмас. Болага китоб ўқитиш учун ўқитувчининг ўзи ўрнак бўлиши керак. Мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 12 январдаги "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги Фармойиши асосида ўқувчилар ўртасида китоб ўқиш маданиятини янада юксалтириш борасида режали тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўқувчилар ўртасида ўзаро рақобат муҳитини яратиш ва уларни китоб мутолаасига рағбатлантириш мақсадида "Энг яхши китобхон ўқувчи" ва "Китобхон мактаб" танловлари жорий этилиши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |