Маҳалла – (арабча “маҳалла” – ўрин, жой, макон) – Ўзбекистоннинг муайян тарихий шароитида, асрлар давомида шаклланиб фаолият кўрсатаётган аҳоли яшаётган маъмурий-ҳудудий бирлик, уюшма.
Маҳаллалар 1917 йилгача бўлган даврда жуда кенг иш олиб бориб, маҳаллий аҳолини бирлаштирувчи, уюштирувчи ташкилий тузилма бўлган. Маҳалла ўзбек халқининг кундалик ижтимоий ҳаётини ва турмушини ташкил қилишда излаб топган ва шакллари билан шарқона фикрлаш, иш кўриш тарзи каби халқимизнинг ўзига хос фазилатларини акс эттиради. Маҳаллалар аҳолини аҳл-тотув яшашга, ситқидилдан меҳнат қилишга, касб ўрганишга, шулар орқали ҳаёт кечиришни енгиллаштиришга чақиради.
Мустақиллик шарофати ўлароқ, маҳалла ўзининг реал ҳуқуқий мақомини олди. Эндилиқда миллий давлатчилигимиз тарихида биринчи маротаба маҳалла конституциявий институт мақомига эга бўлди. Бу мақом Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 105-моддасида мустаҳкамлаб қўйилди.
Конституцияда белгилаб берилган ушбу қоидалар асосида 1993 йил 2- сентярбда “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди. Мазкур Қонун билан фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини ташкил этиш тартиблари, ваколат доираси ҳамда фаолияти соҳасидаги муносабатлар тартибга солинди.
Бу жараёнда бевосита фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари зиммасига ҳам кўплаб ваколатлар ўтказиб борилди. Бу эса амалдаги Қонунни янада такомиллаштириш, фуқаролар йиғинларига берилган ваколатларни амалга ошириш механизмларини қонун билан тартибга солиш заруратини келтириб чиқарди. Шу боис “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонун 1999 йил 14-апрелда янги таҳрирда қабул қилинди.
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)ни сайлаш жараёни ҳам фуқаролар йиғини фаолиятини самарали ташкил этишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланиб, ушбу жараённи янада тартибли ўтказиш, унинг аниқ меъёрларини жорий қилиш мақсадида 2004 йил 29-апрелда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Мазкур Қонун билан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловининг асосий принциплари, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиб қоидалари ҳамда номзодларга қўйиладиган талаблар кўрсатиб ўтилди.
Хусусан, Концепциянинг 5-йўналишида фуқaрoлaрнинг ўзини ўзи бoшқaриш органлари фаолиятининг тaшкилий aсoслaрини янaдa тaкoмиллaштириш, унинг вaзифaлaри кўлaмини кeнгaйтириш, дaвлaт ҳoкимияти вa бoшқaрув oргaнлaри билaн ўзaрo яқин мунoсaбaтлaрини тaъминлaш aлoҳидa дoлзaрб aҳaмият кaсб этаётганлиги қайд этилиб, бу вaзифaни ҳaл қилишдa учта асосий масала кўрсатиб берилди. Булар:
Аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлашни амалга оширишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ролини ошириш.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг жамоатчилик назорати соҳасидаги функцияларини янада кенгайтириш.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини хусусий тадбиркорлик, шу жумладан, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш марказига айлантириш кабиларни ўз ичига олади.
Концепция ижроси юзасидан 2013 йил 22-апрелда “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Қонунлар янги таҳрирда қабул қилинди.
Янги таҳрирдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунда фуқаролар йиғинларига тегишли ҳудуддаги тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфатларига риоя этилиши ҳамда коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари томонидан коммунал хизматлар кўрсатиш сифати устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича қўшимча ваколатлар бериш назарда тутилди.
Шунингдек, янги таҳрирдаги Қонунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг аҳолини ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги вазифалари янада чуқурлаштирилиб, бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари билан биргаликда ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож кам таъминланган оилалар, ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларни аниқлаш, фуқароларнинг бандлигига кўмаклашиши ҳақидаги нормалар киритилди.
Мазкур Қонуннинг 18-моддасида фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича 8 та комиссиялар тузилиши белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари, тегишли ҳудуддаги муаммоларнинг долзарблигига қараб, фуқаролар йиғини томонидан фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича бошқа комиссиялар ҳам тузилиши мумкин.
Ушбу комиссиялар фаолиятини самарали ташкил этиш ва такомиллаштириш орқали маҳалланниг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини янада ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 7- октябрдаги 274-сонли қарори билан юқоридаги комиссияларнинг намунавий Низомлари тасдиқлаб берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти 2020 йил 12 февраль куни маҳалла тизимини такомиллаштириш тўғрисида ўтказган йиғилишда Маҳалла ва оила масалалари вазирлигини ташкил этиш таклифини билдириб, - “Оила – муқаддас” деган азалий ва эзгу ғоя қадрсизланиб, минг йиллик миллий қадриятларимиз завол топар экан, бу каби оғриқли ҳолатларни камайтириб бўлмайди. Бунинг учун маҳалла катта ижтимоий куч сифатида майдонга чиқиши керак. Чунки фаоллар, кўпни кўрган оқсоқоллар, тажрибали нуронийларимиз, агар истаса, жамоатчилик билан биргаликда ҳар қандай муаммони ҳал қилишга, хато қилган ёшларни тўғри йўлга солишга қодир, – деган фикрни билдириб ўтди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, бугунги кунда қадимий ва ноёб бошқарув шакли бўлган маҳалла институтини ҳар томонлама ривожлантиришга, унинг ваколатларини янада кенгайтиришга ҳамда қонунчилик тизимида белгилаб берилган ваколатлардан янада самарали фойдаланишга кўмаклашиш борасида олиб борилаётган амалий тадбирлар натижасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг жамиятдаги ўрни янада мустаҳкамланиб бормоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |