2. Селнинг геологик иши ва пролювиал тоғ жинслари
Сел сўзи арабчадан олинган бўлиб «тез оқувчи сув» деган маънони билдиради. Тоғлик районларда музнинг, қорнинг эриши, ёмғир ва жалалар ёғиши натижасида ҳосил бўлган ўзанли, вақтинча катта тезликдаги сувлар оқими ўз йўлида тоғ жинси парчаларини суриб кетиб, пастга томон оқизиб кетади. Бу вақтинчалик катта кучга эга бўлган сув оқимини сел деб аталади. Сел ичидаги аралаш тоғ жинслари бўлганлиги учун унинг зичлиги 1,2 - 1,8 гсм3, тезлиги эса 10 - 15 кмсоат га етади.
Селлар қуйидаги шароитларда ҳосил бўлади:
Кучли жала ёғиши ёки қорнинг шиддат билан эриши;
Тоғ ён бағирликлари, водийлар ўзанларининг нишаблиги 35%дан кўп бўлишлиги;
Нурашдан майдаланган жинсларнинг тоғ ён бағирликларининг ҳавзаларида йиғилиб, катта миқдордаги бўш жинс уюмларини тўпланиши.
Сел массаси тахминан 50 - 60% ҳар - хил тош парчалари, қумлардан, гиллардан ва ўсимликлар таналаридан иборат бўлади. Шу билан боғлиқ ҳолда, селлар тез емирилувчи жинслар (гилли, сланецли) жойлашган тоғли қурғоқ ҳудудларга хосдир. Бундай ҳудудларда тоғ жинсларини нураши натижасида тўпланиб қолган бўш жинслар уюми тўпланган бўлади. Ҳосил бўлиш манбаига қараб сел регионал ёки маҳаллий хилларга бўлинади. Уларнинг биринчиси, жойнинг геологик ва геоморфологик шароити билан, чамбарчас боғлиқ ҳолда, ёғин кўп ва тез ёғишидан содир бўлади. Маҳаллий сел эса маҳаллий қатламлари бирдан эриши натижасида тоғликлардаги кўллардаги сув кўпайишидан, бу кўллар ҳавзаларининг айрим жойлари ўпирилишидан вужудга келади. Сел ходисаси содир бўладиган ҳавза 3 зонага бўлинади.
Таъминланиш зонаси - Бунга баланд тоғли районлардан тоғ олди районларини ҳам ўз ичига олган территориялар киради. Сув ўзининг дастлабки ҳаракатини, тоғ жинсларидан иборат сел массасининг асосий қисмини ҳам шу ерда йиғади.
Сел ҳаракати ёки транзит зонаси
Унга сел оқими ҳаракат киладиган дарё ўзани ва унинг ирмоқлари киради. Кичик жилғалар бир - бирига қўшилиб йўл - йўлакай ўзи билан парчаланган жинсларни оқизиб бориб, учраган тўсиқларни бузиб кетади.
Йиғилиш зонаси - бу зонага паст текисликлар кириб, сел тоғлардан оқизиб келган жинсларни шу ерда тўплайди.
Сел оқимининг миқдори ва йўналиши текисликларда регионнинг умумий геологик тузилишига қараб, ўзгариб боради. Сел ҳодисаси Ер шарининг ҳамма тоғлик районларига хос бўлиб, бизнинг мамлакатимизда эса Тошкент вилояти тоғ олди районларида, Чирчиқ, Охангарон дарёлари водийларида, Наманган, Андижон вилоятларинининг тоғ олди районларида рўй беради. Мамлакатимизда 1870 йилдан 1964 йилгача 2079 марта сел ҳодисаси бўлиб, П.М. Карпов уларни 4 типга бўлади.
Лойқа тошли - 909 та,
Сув тошли - 336 та;
Лойқа селли - 261 та;
Типи аниқланмаган сел - 570 та.
Ўрта Осиёдаги пролювиал лёсс жинслари сел ётқизиқлари бўлиб, сувнинг оҳакли тоғ жинсларини ва дала шпатининг каолинланиши натижасида лёсс жинслари карбонатлашади. Сел оқимлари халк хўжалигига катта зарар етказади, йўлдаги учраган нарсани вайрон килиб, экинзорларни кўмиб юборади.
Селларга қарши кўриладиган кураш сермашаққат ва сарф - харажатларни кўп талаб этади. Селларга қарши курашнинг энг самарали усуллариданбири; тоғ ён бағирликларида дарахтлар ўтқазишдир. Дарахт ўз илдизлари билан тоғ жинсларини маҳкам ушлайди, нурашдан, ювилиб кетишдан сақлайди. Лекин бу усул анча вақтни талаб этади. Керакли пайтларда - селнинг ҳаракатланиш зонасида, селнинг йўналишини ўзгартирувчи ҳар - хил иншоотлар қуриш, селнинг бир неча йўналишларини ўзгартирувчи мосламалар, шунингдек тиргак деворлар қуриш шулар жумласидандир.
Do'stlaringiz bilan baham: |