4. Мусулмон ҳуқуқи.
Чор Россиясининг Туркистондаги мустамлакачилик сиёсатининг ўзига хос томонларидан бири сиёсий мақсадларда, ўлка халқлари (ўтроқ яшайдиган туркий халқлари) учун ҳуқуқ манбаи сифатида шариатнинг амал қилганидир. Россия империясининг ҳукумати Шариат ҳуқуқининг консерватив, букулувчан, эскилик удумларини ўзида ўзгартирмай сақлай олиши хусусиятларини англаб у билан муроса қилишга ҳаракат қилдилар ва мусулмон ҳуқуқини ҳаракатдаги ҳуқуқ манбаи деб тан олиб унинг манбаларини ҳуқуқ манбаи сифати-да тан олиб қонуний мустақкамлади
Чор Россияси ҳам ўзининг бош вазифаси яъни, мустамлакаларни қўлга киритиш, ва ўзининг иқтисодий манфаатларини кўзлаб, Тур-кистон ўлкасида маҳаллий ҳуқуқ тизимидан фойдаланиб колониал солиқ сиёсатини амалга ошира бошлади.
«Сирдарё ва Еттисув вилоятларини бошқариш тўғрисидаги Низом» лойиҳасининг 296-моддасига биноан, «Еттисув вилояти, Козоли ва Перовский уездларидан ташқари Сирдарё вилоятида закот йиғими жорий этилади». Закот - мусулмон ҳуқуқида мулкдорлар ўз мулкининг қонунийлиги, ҳалоллигини таъминлаш учун маълум бир қисмини (1/40 ҳажмида) камбағал, фақирларга бериладиган зарурий хайр эҳсон тарзидаги солиқ ҳисобланар эди. Чор Маъмурлари томо-нидан «Карвон йиғими» деб ҳам аталган закот, ўз мақсадларига кўра эмас, балки маҳаллий халқнинг улар олиб бораётган солиқ сиёсати-дан норозичилигини кучайтирмасдан мустамалакачилик сиёсатининг молиявий эҳтиёжлари учун фискал (давлат хазинасини тўлдирувчи) функциясини бажарди.
«Хирож»нинг луғавий маъноси, «бир ернинг ҳосилидан ёки ишчи сифатида қуллар билан болаларнинг меҳнатидан қўлга кири-тилган нарса» деган мазмунни билдирсада, вақт ўтиши билан унинг мазмуни ўзгариб, ерга эгалик қилиш муносабатлари юзасидан шахс-лардан ундирилувчи ер солиғини англатарди. Шунингдек, «Хирож» деб ислом диёрида яшаётган ғайридинлар еридан олинадиган солиққа ҳам айтилган. Хирож икки кўринишда: а) хирожи- муқасима; б) хирожи-муваззаф шаклларида бўлар эди.
Хирожи муқасима ернинг ҳосилига ҳараб 1/10 ҳажмида унди-риладиган ер солиғи бўлиб, арабча «ушр», форсча «дахяк» деб ҳам юритилган. «Сирдарё ва Еттисув вилоятларини бошқариш тўғриси-даги Низом» лойиҳасининг 279- моддасида назарда тутилган хирож, айнан хирожи-муқасима эди. Мазкур солиқ Еттисув ва Сирдарё вилоятларидан ердан олинган ҳосилнинг 1/10 ҳажмида ундирилган бўлса, Зарафшон округи ва Фарғона вилоятларида ҳосилнинг 5/10 ҳажмида ундирилган. 1873 йил Хивага юриш вақтида Чор маъмур-лари сиёсий аҳволни ҳиисобга олиб, Зарафшон округи ҳам ушбу солиқ ҳажмини 1/10 миқдорида белгилайди.
Шунингдек, Зарафшон округининг маҳаллий аҳолисидан, Сир-дарё ва Еттисув вилоятларидан фарқли равишда Бухоро амирлигида мавжуд бўлган барча солиқлар Чор Россиясининг давлат хазинасига ундирилиши «Зарафшон округини бошқариш тўғрисидаги вақтли Қоида»нинг 63-моддаси билан тартибга солинган. Қўқон хонлигида мавжуд бўлган ва 1867 йилги «Сирдаё ва Еттисув вилоятларини бош-қариш тўғрисидаги Низом» лойиҳасини 282-моддасида белгиланган таноб солиғи, ҳосилга боғлиқ бўлмасдан ернинг миқдорига ҳараб ундириладиган ер солиғи «хирожи мувазаф» эди. Хирожи-мувазаф Хива хонлигида «солғут» деб аталарди. Шунинг учун 1873 йилда Хива хонлигининг босиб олинган ерлари ўрнида Амударё бўлими ташкил этилиши билан ушбу ҳудуд аҳолисига 1874-1876 йиллари, Хива хонлигида мавжуд бўлган солиқ тизими жорий қилинади.
Мустамлакачилар ўлкада ўз ҳукмронлигини мустаҳкамлаб ол-гандан сўнг шариат меъёрларига асосланувчи мавжуд солиқ тизими-ни ўзгартириб борди. Натижада 1875 йил 1 январдан закот йиғими ўрнига 121-моддадан иборат империя ҳуқуқи «Ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ ҳуқуқи учун божлар тўғрисдаги Низом» амалга киритилади. Хирож ва таноб солиқлари дастлаб оброк солиғи билан, 1886 йилги «Туркистон ўлкасини бошқариш тўғрисидаги Низом»га кўра ердан олинадиган ҳосилнинг ўртача ялпи ларомад солиғи билан алмаштирилади.
Россия империяси ҳам диний асосларга таянган давлат эди. «Россия Асосий Давлат қонунлари»нинг 40-41-моддаларига кўра, давлатда ҳукмрон дин православ христиан дин ҳамда император православ динидан бошқа динга сиғиниши мумкин эмаслиги тартибга солинган эди. Ушбу ҳолат Туркистон халқларининг диний жиҳатдан таҳқирланишига ҳам олиб келди. Туркистон генерал-губернатори барон Вревский 1892 йил 21 июлда Россия ҳарбий вазирига йўллаган хабарномасида «Туркистон халқлари кўпчилиги деҳқончилик билан шуғуллансада, асосан мусулмон бўлгани учун бизга душмандир», дейди. Тошкент ва Андижон қўзғолонлари туфайли мустамлакачи-лар маҳаллий халқнинг ибодатига аралашишни кучайтириб борди. Мана шу мақсадда дастлаб дин пешволарини репрессия қила бош-лайди. Масалан, 1898 йилги Андижон қўзғолонидан сўнг, Андижон уезди Султонобод жабҳаси Қорасой мадрасаси катта муларриси Минҳўжаиддин Шамсиддиновни Туркистон генерал-губернатори вазифасини вақтинча бажарувчи генерал Иванов, айби исботланмаса ҳам, беш йилга Сибирга маъмурий тартибда сургун қилади. Ушбу муддат тугагандан сўнг, унга нисбатан сургун яна уч йилга узай-тирилиб, жами саккиз йил Сибирда қолиб кетади. Шунингдек 1899 йилда чоп этилган «Мусулмончилик бўйича материаллар» тўплами-да ҳаж сафари ҳамда унинг Россия империясини Туркистондаги ҳукмронлигига зарар етказиши мумкинлиги чет эл тажрибасида ёри-тилгандан сўнг «ҳожилар» таъқиб остига олинди. Масалан, Туркис-тон генерал-губернаторининг 1904 йил 9 мартидаги топшириғи билан Маккадан, яъни ҳаж сафаридан қайтган маҳаллий халқ вакилларини кузатиш Ҳарбий губернатор раҳбарлигида амалга оширилади. Бундан ташқари Туркистон генерал-губернатори томонидан 1914 йил 24 декабрда, ўлка ҳарбий губернаторларига, мачитларда байрам кунлари Россия императори шарафига мажбурий дуолар ўқилиши ҳақида кўрсатма берилади.
Шариат бўйича «муомалат» деб аталувчи фуқаролик ҳуқуқи соҳаси мустамлакачилар томонидан эътироф этилиб, амалда бўлди. Фуқаролик ҳуқуқининг институтлари: мулк ҳуқуқи, мажбурият ҳуқу-қи ва бошқалари ислом ҳуқуқида атрофлича тартибга солинган эди. Шахслар масаласида мусулмон ҳуқуқи жисмоний ва юридик шахсларни билади. Ҳуқуқнинг асосий субъекти жисмоний шахслар бўлиб, уларнинг ҳуқуқий лаёқати уч ҳолатга: а) озодлик ҳолатига; б) диний эътиқодига; в) оилавий шароитига боғлиқ бўлган.
Ҳуқуқий лаёқат туғилиш билан вужудга келиб, шахснинг вафо-ти билан бекор бўлган. Муомала лаёқати эрлар учун 15 ёш, хотин-қизлар учун 9 ёш ҳисобланган. Юридик шахс сифатида вақфларнинг аҳамияти катта эди. Чор маъмурлари айниқса сиёсий мақсадларда вақф ерларини қонуний тартибга солиш билан биргаликда, уларнинг миқдорини босқичма-босқич қисҳартириш ҳамда имкони борича вақф ерларининг ларомадларини давлат фойдасига ўзлаштиришни амалга оширди. Бундан кўзланган мақсад:
а) мустамлакачиларга қаттиқ қаршилик кўрсатилаётган мусул-мон рухонийларининг моддий таъминот асослари илдизига болта уруш;
б) давлат ларомадларини кўпайтириш эди.
Масалан, Муҳаммад (С.А.В.) авлодларидан Шоҳ Абдулмалик бобо номидаги қабристонга тегишли вақф ерларидан 138 хонадон эгалари фойдаланганлиги учун 3050 рублни вақф жамғармасига эмас, балки давлат хазинасига ундирилади. Шунингдек Ҳўжа Ахрор мадрасаси вақфи ларомадлари ўз мақсадларида эмас, балки Тошкент шаҳар Думаси фойдасига ўтказилади. Андижон қўзғолонидан кейин Туркистон генерал-губернатори томонидан диний ишлар, мусулмон ўкув муассасалари ҳамда вақф бошқарувини мустамлакачи давлат органларига бўйсундириш ва тўлиқ назорат ўрнатишни белгиловчи, 14 моддадан иборат махсус «Вақтинчалик Қоида» лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Мулк ҳуқуқи деганда, ханифийлар ҳуқуқ мактаби: ашёлар, инсонга берилиши мумкин бўлган махсулотни тушунилган. Мулк ҳуқуқи абадий ва чекланмаган бўлиб, шариат уни барча чоралар би-лан кўриклаган. Шариатда мулклар менкул ва ғайри менкул мулк-ларига, яъни кўчар ва кўчмас мулкларга ҳам ажратилган. Мустамла-качилар кўчмас мулкларнинг тўлиқ мулкдори бўлиш учун айёрона қонунчилик сиёсатини олиб борди. Мустамлака Туркистонида улар, объекти ер ва сув бўлган фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни тартиб-га солишда ҳам шариат меъёрларидан кенг
фойдаланди. Солиқ ундирилишига ҳараб ерларни таноб, ҳирож ва вақф ерларига ажратишдан бошлаган Чор маъмурлари, ўлкада бошқарувни тўла қўлга олиш учун дастлаб катта ер эгаларига қарши кўраш олиб борди. Хонликлар даврида давлатга хизматлари учун хусусий мулк қилиб берилган «мулки-хурри-ҳолис ерлари» давлат фойдасига тортиб олина бошланди. Қисқача «мулк» деб аталувчи «мулки-хурри-ҳолис» ерларини бекор қилиш тўғрисидаги қоида К.П. фон-Кауфман томонидан ишлаб чиқилган 1873-йилги «Туркистон ўлкасини бошқариш тўғрисидаги низом» лойиҳасида ҳам тартибга солинган эди. Фақат 1886-йилда қонуний кучга кирган «Туркистон ўлкасини бошқариш тўғрисидаги Низом» билан мулк ерлари бекор қилиниб, ўрнига давлат ерлари ҳамда амлок ерлари жорий қилинди. Амлок ерлари ҳам назарий жиқатдан давлатники ҳисобланар эди. Ушбу ерлардан ким фойдаланишидан қатъий назар давлатга солиқ тўлашлари керак эди. Ушбу ҳолат мустамлакачиларга: биринчидан, Россия империясига қарши сиёсий куч ҳисобланган катта ер эгали-гини бартараф этиш; иккинчидан, амлок ерлари тариқасида, кўпчи-ликни ташкил қилувчи деҳқонларга берилиш натижасида, уларнинг ҳайрихоҳлигига эришиш ҳамда ўндириладиган солиқлар эвазига давлат хазинасини тўлдириш; учинчидан ўлкада рус элементларини кўпайтириш учун яроқли заҳараларини кўпайтириш имконини берди. Шунингдек мазкур низомнинг 210, 211ва 235 моддаларига биноан объекти кўчмас мулк бўлган фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларини шариат меъёрлари билан тартиб солиниши умуман бекор қилинади.
Мустамлакачилар шариатда белгиланган «ариқ ҳуқуки асосида ерга эгалик қилиш»дан фойдаланиш мақсадида суғорилмайдиган ерларни «бўш ер» тариқасида давлатники деб эълон қилади.
Улар чўлга сув чиқариш ва суғориладиган давлат заҳира ер-ларини кўпайтириш орқали: а) ушбу ерларга русларни кўчириб келтиришни; б) пахта экин майдонларини кенгайтиришни режалаш-тиради.
«Исканлар ариқ», «Бухоро ариғи», «Император Николай I ари-ғи» ва бошқалари мана шу мақсадда қазилади. Лекин Россия марка-зий губернияларида Туркистонга кўчиб келувчилар сонининг кескин ошиб кетиши мавжуд давлат захира ерларининг етишмовчилигини келтириб чиқаради. Натижада, мустамлакачилар бевосита маҳаллий халқ фойдаланишида бўлган ерларни тортиб ола бошлайдилар. 1887-йил бошларидан Сирдарё вилоятида вилоят бошқармаси йўриқнома-лари асосида землемерлар (ер ўлчовчилар), 1890 йилгача барча ер-ларни ўлчаб, режалаштириб чиқади. 1890 йилнинг охирида землемер-лар ва уезд бошлиқлари томомнидан агар ер эгалари «купчей кре-пость», яъни васиқага эга бўлмаса, қишлоқ жамоаси билан биргалик-да ер солиғи тўлашлиги, уларнинг ерлари жамоа ерлари эканлиги билдирилади. Суғориладиган лекин чорва моллари учун фойдалани-ладиган, хайдалмайдиган ерлар ҳам давлат ихтиёрига конфискация қилинади. Ер муносабатлари бўйича низолар қози судларида эмас, балки муроса судларида кўрила бошланди. Яъни, объекти ер бўлган фуқаролик ҳуқуқий муносабатлари шариат меъёрлари билан эмас, балки «Россия фуқаролик қонунлари тўплами» асосида тартибга солинади. Шунингдек, агар маҳаллий халқ вакили 20 десятина ерга эгалик қилиб келаётган бўлса, ҳамда ернинг фақат бир десятинасига экин эккан бўлса, қолган 19 десятина ер «бўш ер» ҳисобланиб давлат ҳисобига олиб кўйилган. Бундан ташқари уезд бошлиқлари масалан, маҳаллий халқ вакиллари бир десятина ерда деҳқончилик қилаётгани, ҳамда ушбу ердан атиги 100 кв. сажень ерга экин битмаса, мана шу 100 кв. сажень ерни девор билан ўратиб, «давлат ери» деб эълон қилган. Россия империясининг ички ва халҳаро майдонда аҳолининг ёмонлашуви ҳамда Туркистон халқларининг қўзғолонлари туфайли 1900-1906 йилларда 1886-йилги Низомнинг 255-моддасига кўшимча-лар киритилиб, «маҳаллий халқларга эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф қилиш учун суғориладиган, лалмикор, ишлов берилмаган ерлар ҳам тегишли бўлиши мумкинлиги» белгилаб қўйилади.
1867-йилги «Сирдарё ва Еттисув вилоятларини бошқариш тўғ-рисидаги Низом» лойиҳасининг 227-моддасига кўра қозилар маҳал-лий халқ вакиллари ўртасидаги 100 рублгача фуқаролик даволарини шариат меъёрлари асосида кўриб чиқиш белгиланган эди. 100 рубл-дан юқори фуқаролик даволари қози судлари съездлари томонидан кўриб чиқилиб ҳал қилинар эди. Ушбу ҳолат фуқаролик ҳуқуқи соҳа-сида шариат меъёрларини қозилар томонидан қўлланилишини маъ-лум даражада чеклашни ҳамда мураккаблаштиришни назарда тутар эди. 1886-йилги Низомнинг 210-211-моддаларига кўра ҳам фуқаролик ҳуқуқи соҳасидаги шариат меъёрлари халқ судлари (қози судлари) томонидан маҳаллий одатлар тариқасида қўлланилиши кўрсатилган эди. Башарти ушбу меъёрларнинг қўлланилиши учун, ишлар рус ҳо-кимияти иштирокида гувоҳлантирилмаган ёки тузилган ҳужжатларга асосланмаган бўлиши керак эди. Бундан кўзланган мақсад фуқаролик ҳуқуқи соҳасида шариат меъёрларини қўллашни бирмунча чеклашни кўзлар эди. Чунки мазкур Низомнинг 235-моддасига биноан ўлкадаги кўчмас мулк бўйича битимларни гувоҳлантириш, тузиш ваколати қозилардан олиниб, рус ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилиши белгиланган эди. Юқорида таъкидлаганимиздек маҳаллий халқнинг норозилиги кучайиши Чор маъмурларини 1906 йилда «Тур-кистон ўлкасини бошқариш тўғрисидаги Низом»нинг 235-моддасига ҳам ўзгартириш киритишга мажбур кушди. Яъни объекти кўчмас мулк бўлган фуқаролик муносабатларини ҳам тартибга солишда, ба-шарти рус ҳокимияти органлари иштирокида тузилган ёки гувоҳлан-тирилмаган бўлса, қози судлари томонидан шариат меъёрлари қўлла-нила бошланди. Фақат чоризмнинг Туркистон халқларининг кўчмас мулк сифатида ерларига нисбатан алохдца манфаатлари эътиборга олиниб, қиймати 300 рублдан кўп бўлган ер бўйича фуқаролик битимлари Россия умумимперия қонунлари билан тартибга солинади. Ернинг қиймати ўлканинг ҳарбий-маъмурий ҳукумати томонидан белгиланар эди.
Россия империяси ҳарбийлари Туркистонда мустамлакачилик-нинг дастлабки йилларидан асосий эътиборни мусулмон ҳуқуқининг жиноят ҳуқуқи (укубод) меъёрларини ўзгартиришга ҳаратади. Фикҳда укубод жазолар белгиланишига кўра қуйидаги категорияларга бўлинади: а) жиноят; б) қад; в) таъзир.
1865-йилда ташкил этилган Туркистон вилоятида мусулмон ҳуқуқининг жиноий-ҳуқуқий меъёрлари қисман сақланиб қолди. 1867-йилда эса амалга киритилган «Сирдарё ва Еттисув вилоятларини бошқариш тўғрисидаги Низом» лойиҳасининг 227, 232-моддаларига биноан шариатнинг жиноят ҳуқуқи соҳаси (укубод) бекор қилинади. Жиноий ишларни, башарти рус судларига таалуқли бўлмаса, қози судлари съездлари кўриб чиқиш ваколатига эга бўлди. Қози судлари белгилайдиган жиноий жазо тизими ўзгартирилиб, у қуйидагилардан иборат эди: а) қамоққа олиш (арест); б) жарима; в) мажбурий ишла-тишга бериш; г) Сибирга сургун қилиш.
Мавжуд зиндонлар йўққилиниб қамоқхоналар барпо этила бошланди.
1886 йилда кучга кирган «Туркистон ўлкасини бошқариш тўғри-сидаги Низом»нинг 219-моддасига кўра қози судларининг жиноят ҳуқу-қи соҳасидаги ваколатлари янада қисҳартирилиб, улар жиноятчиларга нисбатан 300 рублгача жарима солиш ёки 1.5 йилгача қамоқ жазоси бериши мумкин эди.
Умуман Чор маъмурларининг жиноят ҳуқуқи соҳасида олиб борган ислоҳотлари натижасида, бора-бора қозилар мусулмон ҳуқуқи манбалари асосида эмас, балки мустамлакачилик ҳуқуқи асосида иш юритганлар.
1867-йилда амалга киритилган «Сирдарё ва Еттисув вилоятларини бошқариш тўғрисидаги Низом» лойиҳасининг 234-моддасига кўра оила ҳуқуқи соҳасида шариат меъёрлари тўлиқ амалда бўлди.
Туркистон ўлкасида 1908-1909 йиллари сенатор тафтишини ўтказ-ган граф К.К. Пален Ҳиндистон ҳуқуқи кафедраси бўйича Кембридж университети профессори Роланд Уильс томонидан тузилган ҳамда Ҳиндистон мусулмонлари (Ҳанифийлик мазҳабидаги) учун амал қилган «Шариат меъёрлари тўпламини» асос қилиб олиб, маҳаллий Туркис-тонлик фақеҳлар ёрдамида, ўша вақтларда Туркистон генерал-губерна-торлигида ҳам амалда бўлган ислом ҳуқуқи меъёрларини ҳам кодифика-циялаштиришга ҳаракат қилади. Ушбу қонунлар тўплами 11-бобдан ташкил топган. 1-5 боблар оила ҳуқуқи меъёрларини тартибга солиб, унда никоҳ, маҳр, эр-хотин ҳуқуқ ва мажбуриятлари, тафиқ (суд орқали ажрашиш), ота-оналар ва болалар ҳақидаги, васийлик ҳақидаги ва бошқа шариат меъёрлари ўз ифодасини топган; 6-8 боблар ворислик ҳуқуқига бағишланган. 9-11 боблар фуқаролик-ҳуқуқий битимларидан ҳадя, шуфъа институти ҳамда мулк институти, шартнома институтлари тўғрисидадир.
Do'stlaringiz bilan baham: |