Каръерани танлашда ҳисобга олинган омиллар
Вертикал ва горизонтал каръера ходимларнинг икки тоифасини фарқлайди:
1. “Мансабпараст шахс". Бу тоифа ходимлар ижтимоий ва хизмат даражаларида юқорироқ мавқега эга бўлишга интиладилар. Бу ходимлар фикрича, ўзларига етарлича ҳуқуқ, имконият, ваколат, мансаб берилмаганлиги уларнинг ўз салоҳиятларини тўлиқроқ намоён этишларига тўсқинлик қилади. Бу уларда ўз меҳнат фаолиятидан қониқмаслик ҳиссини уйғотади. Бундай ходимлар юқорироқ лавозимда имкониятлар катта, деб ўйлайдилар. Бироқ бу тоифа ходим хизмат вазифаси ва лавозимда ўсгани сари аниқ фаолиятдан тобора узоқлаша бошлайди ва расмиятчилик билан боғлиқ ҳолатга тушиб қолади.
Бунинг натижасида, кўп ҳолларда каръера бошида режаланган ғояларни амалга оширишнинг умуман имконияти бўлмайди. Ижодкорлик сифатларига эга ходимларни бу ўта оғир аҳволга солиб қўяди. Қуйидаги жадвалда раҳбар ходимлар лавозимда кўтарилган сари уларга талаблар даражаси ва мазмунининг ўзгариши яққол акс этган. Бевосита худди шундай мансабпараст шахслар вертикал каръерада кўпроқ муваффақият қозонадилар.
2. “Касбпараст шахс". Мазкур тоифа ходимлари одатда шахсий фаолиятдаги муваффақиятларига кўпроқ аҳамият қаратадилар. “Касбпараст шахс”ларда эҳтиёжлар, хабардорлик, онглилик даражаси анча юқори. У ўзида бутун ҳаёти давомида билим олиш қобилиятини ривожлантиради, муттасил равишда ўз билимлари даражасини оширишга, ижодий жиҳатдан ўсишга интилади.
„Касбпараст шахс” корхона фаолиятига даҳлдорликка эҳтиёж сезади, қарор қабул қилинаётганда унинг фикри ҳисобга олинишини хоҳлайди, унинг учун қизиқарли иш, ютуқларининг эътироф этилиши жуда муҳимдир.
Бундай тоифадаги ходимларга бошқарувнинг демократик усуллари маъқул. Чунки у белгилаб қўйилган тартиб-қоидаларга қараганда ижодий ғояларга риоя этишни афзал кўради. Шу жиҳатдан у ишга ўта сидқидиллик билан муносабатда бўладиган, ўзига ва ўзгаларга ғоят талабчан ходимлар тоифасига киради. Ана шу хусусиятлари сабабли “Касбпараст шахс” юқори лавозимни эгалласа, бундан ўзи ҳам, атрофдагилар ҳам қониқиш ҳосил қилмайди. Чунки у раҳбарликни самарали амалга оширишга қодир эмас. Унинг ижодий фаолият билан шуғулланиши учун эса эгаллаган лавозими имконият бермайди.
Ходимлар ўзларининг шахсий сифатлари кучли ва заиф томонларини каръераларининг бошланғич босқичида тўғри аниқлай олсалар, бу уларнинг касбларида ва лавозимларида ўсишлари учун энг мақбул йўлни танлай олиш имконини беради.
Каръерани бошқа хусусиятлар бўйича ҳам таснифлаш мумкин (11.3- расм).
Реал каръера — лавозимда амалга оширилган, эришилган ўсишдир. Бунда ходимнинг муайян давр ичида фаолиятнинг тегишли турида аниқ бир корхона ёки ташкилотдаги лавозимда ўсиши тушунилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |