Корхона стратегияси ва маркетинг таҳлили
Режа:
Маркетинг тизимининг асосий босқичлари.
Маркетингни таркибий элементлари ва стратегик масалалари.
Маркетинг мутахассислари тадбирлари .
Реклама стратегияси ва уни бозорда ҳаракат қилиш усули.
Рекламани уюштириш.
Маркетинг тизимининг асосий босқичлари.
Фирмани бошқаришда маркетинг иши етакчи ўрин эгаллайди.
Маркетинг фирма (корхона) ишини бозор шароитига мослаштиришга қаратилган махсус фаолиятдир.
Маркетинг (инглизча «маркет», яъни бозор сўзи асосида қурилган)фирма маҳсулотини ишлаб чиқариш ва сотиш жараёнида ўз рақобатчиларини, истеъмолчиларини, бозорнинг «чаққон» лигини ҳар томонлама ўрганиб ҳаракат қилишни тақозо этади.
Маркетингни асосий мақсади – бозорни ҳар томонлама ўрганиш, таҳлил қилиш ва конъюнктура ўзгаришини олдиндан билиш асосида юқори фойда олишдир.Маркетинг – жуда кўп сарф-харажат талаб қиладиган нарса. Кенг кўламда маркетинг тадқиқотларини фақат бақувват фирмалар олиб бориши мумкин. Аксарият кичик ва ўрта фирмалар мустақил равишда маркетинг билан кенг кўламда шуғулланмайдилар. Лекин бундай ҳолларда махсус консалтинг фирмалари, яъни консультациялар, маслаҳатлар беришга ихтисослашган фирмалар ёрдам бериши мумкин.
Маркетинг тизими қай тариқа вужудга келади? Бу саволга жавоб топиш учун аввало маркетинг тизимининг асосий босқичларини кўриб чиқамиз. Улар талабни аниқлаш, талабни қондириш ва талабни янгилаш босқичларидир.
Талабни аниқлаш учун нимага эътибор бериш керак? Баъзи товарлар барча харидорлар ичидва катта талабга эга. Масалан: нон, туз, гўшт ва ҳ.к. Бошқа товарлар айрим харидорлар ичида ўз талабини топади. Масалан: рассомлар орасида – мўйқалам ва акварель краскалари; мусиқа ихлосмандлари орасида – мусиқа асбоблари. Баъзи товарларга талаб йилнинг фаслларига қараб ўзгариб туради. Масалан, қишда иссиқ кийим-кечакка талаб кўпайса, ёзда чўмилганда кийиладиган уст-бошларга талаб ошади.
Қайси товардан қанча ишлаб чиқариш керак? Агар у янги товар бўлса, унинг керакли ҳажмини қандай аниқлаш мумкин? Агар илгаридан ишлаб чиқарилаётган бўлса, унга бўлган талаб қандай ўзгараяпти ва кейинроқ қандай ўзгаради ёки ўзгариши мумкин? Харидорларнинг у ёки бу товарга талаби уларнинг сотиб олиш имкониятига қараб чегараланган, буни ҳам фирма товар ишлаб чиқаришда инобатга олиши шарт. А. Хоскинг айтиши бўйича маркетинг – бу биз сотишимиз мумкин бўлган маҳкулотни сотиш эмас, балки сотиладиган маҳсулотни ишлаб чиқаришдир.
Товарнинг харидоргир бўлишига унинг нархидан ташқари бошқа омиллар – товарнинг чиройли, ихчам ўралганлиги, товарнинг ишлатишдаги қулайлиги ва бошқалар таъсир этади.
Ҳар бир товарга бўлган талабни аниқлаш, юқорида санаб ўтилган вазифаларни бажариш, бозорни ўрганиш билан маркетинг бўйича мутахассислар шуғулланадилар.
Фирма бозорни яхшилаб ўрганиб чиқди, бозордаги талаб даражасини аниқлаб олди. Энди товарнинг сотилишини қандай йўлга қўйиш керак? Товар харидорга тез ва арзон нархда етиб бориши учун нима қилиш керак? Нечта одам сотиш билан шуғулланиши керак ва бу одамлар қандай бўлиши керак? Қисқа қилиб айтганда фирма қай тариқа бу талабни қондириши лозим?
Фирманинг мақсади фақат товарни сотиб, харидорлар эҳтиёжини қондиришгина эмас, балки ўзи учун энг кўп фойда олишдан иборат. Маркетинг бўйича ҳамма ҳаракатлар худди шунга йўналтирилган.
Ишлаб чиқариш ва маркетинг – узлуксиз жараёндир. Ҳеч бир ишбилармон бир маротаба ишлаб чиқариб, сотишдан фойдасини олгандан сўнг ўз ишини ёпиб қўймайди. Ҳақиқий ишбилармон ўзининг товари турғун талабга эга бўлган тақдирда ҳам эришган фойдаси билан кифояланиб қолмайди, балки бозор доим ҳаракатда эканини эсда тутади. Одамлар (харидорлар) эътиборини бир марта жалб қилиш етарли эмас, балки уни доим шу даражада маҳкам ушлаб туриш керак. Одамларни ўзларининг олган нарсаларини янгилатишга жалб қилиш керак, уларнинг ўзгариб турувчи талабига мослашиш керак. Шу ҳаракатлар маркетинг тизимидаги талабни янгилаш босқичининг асосини ташкил қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |