Меҳнат ташкил этишнинг моҳияти ва асослари
«Ташкил этиш» тушунчаси французча organisation, лотинча organizo «тартибга келтираман» сўзидан келиб чиққан. Унинг мазмуни яхлит бир бутунлик ичида ўзаро алоқаларнинг юэага келиши ҳамда такомиллашишига олиб келадиган жараён ёки харакатлар жамламасини англатади. Ташкил этиш деганда биргаликда амалга оширувчи муайян қоида ва тамойиллар асосида, бирор аниқ мақсад сари харакат қилувчи одамларнинг бирлашган фаолияти тушунилади. Шунга кўра функционал нуқтаи назардан, ташкил этиш – ички тартиблар ўрнатиш ва такомиллаштириш жараёнини билдиради.
Меҳнат фаолияти деганда инсоннинг бирор меҳнат тури билан банд бўлиши тушунилади. Бунга илмий ва педагогик фаолият, ишлаб чиқариш ва бошқарув фаолияти, тадбиркорлик ва тижорат фаолияти ва бошқалар мисол бўлиши мумкин. Кенг мазмундаги «фаолият» тушунчасини меҳнатга нисбатан татбиқ этилганда у ана шу меҳнат предметига таъсир кўрсатиш фаоллиги даражасини ва бунда сарфланадиган ақлий интеллектуал куч-ғайрат даражасини акс эттиради.
«Меҳнат фаолияти» тушунчасини бундай талқин қилиш илмий- техникавий, ишлаб чиқариш, иқтисодий ва ижтимоий вазифаларни ҳал қилишга ҳар тамонлама, фаол ёндашиш (аънанавий амалиётга нисбатан), ундан янада кенгроқ фойдаланиш имконини беради.
Меҳнат фаолияти инсоннинг ҳал қилинадиган вазифалар ва бажариладиган ишлари йиғиндисидан ташкил топади.
Меҳнат фаолиятининг моҳиятини умумлашган ҳамда конкрет шаклда олиб қараладиган бўлса, у бир-бирига боғлиқ икки муҳим вазифани ҳал қилишнинг объектив зарурати билан белгиланади. Бу вазифалардан бири – одамларнинг моддий меҳнат элементлари билан ўзаро ҳаракатга киришувини аниқлашдан иборат бўлса, иккинчиси – биргаликда ёки ўзаро боғланган фаолият қатнашчилари ўртасидаги муносабатлар шаклланишидан иборатдир. Худди мана шу нарса меҳнат фаолиятини ташкил этиш предмети ҳисобланади. Бунинг моҳияти меҳнат фаолиятини ташкил этиш вазифасига (кенг маънода олганда) меҳнат субъектини (айрим ходим ёки меҳнат жамоаси) аниқлаш, уни зарур меҳнат предметлари ва воситалари билан таъминлаш, қулай меҳнат шароитларини яратиб бериш, меҳнат (ишларини бажариш) жараёнларини ташкил этиш, меҳнатга ҳақ тўлаш каби масалаларни ўрганиш билан боғлиқдир.
Меҳнат фаолиятини ташкил этиш назарияси ва амалиётини ўрганиш масаласини юқорида қабул қилинган тарзда талқин қилиш ташкилот ва тизимнинг асосий категорияларини, шунингдек, улар билан боғланган меҳнат тақсимоти ва кооперацияси, ташкилий тузилмаларнинг қурилиши каби муаммоларини қараб чиқишни талаб этади.
Ишлаб чиқариш муносабатларида меҳнат фаолиятини ташкил этиш масаласи энг асосий кўрсаткичлардан биридир. Ишлаб чиқариш муносабатларида ишчи кучи ва меҳнат қуроллари, меҳнат предметлари орасида ўзаро боғлиқлик юзага келади. Ўзаро боғлиқлик ва таъсир – меҳнат фаолияти қай ҳолатда ташкил этилганлиги натижасидир. Меҳнат фаолиятини ташкил этиш, бир томондан, унинг асосларини (ҳуқуқий, маънавий-психологик, иқтисодий, ижтимоий) юзага келиши, иккинчи томондан, меҳнат фаолияти механизми шакллантирилишини тақазо этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |