2.2. Халқаро тажриба
Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (OECD) давлатларининг бозор муваффақиятсизликларини бартараф этиш бўйича тажрибаларига назар соладиган бўлсак, мазкур мамлакатлар экспорт қилувчи компанияларини молиявий қўллаб-қувватлаш, хусусан экспорт олди кредитлари бериш, хорижий бозорларни топиш, транспорт логистикаси, сертификатлаш, стандартлаштириш ва сифат назорати масалаларида кўмаклашиш, халқаро товарлар кўргазмалари ҳамда савдо ярмаркаларини ташкиллаштиришга ёрдам кўрсатиш мақсадида экспорт-кредит агентликларини ташкил этишган.
Масалан, Канаданинг экспорт кредит агентлиги – Export Development Canada (EDC) 1944 йилдан бери канадалик экспортёрлар ва инвесторларга 200га яқин халқаро бозорларда бизнесларини кенгайтиришга ёрдам бериб келмоқда. EDCнинг маҳсулот ва хизматлари харидор давлатдаги тижорий ва сиёсий хавфларни суғурталаш, Канада компаниялари ва уларнинг мижозлари учун молиялаштириш хизматлари, облигация ечимлари ҳамда халқаро бозорлардаги имкониятлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади.
АҚШ расмий экспорт кредит агентлиги АҚШ Экспорт-импорт банки (Ex-Im Bank) 1934 йилда ташкил этилган. Ex-Im Bankнинг асосий вазифаси АҚШда ишлаб чиқарилган товар ва хизматларни халқаро харидорларга сотишни молиялаштириш орқали иш ўринларини яратиш ва сақлаб қолишдир.
АҚШ экспортини қабул қилувчи давлатлардаги сиёсий ёки тижорий рисклар сабабли хусусий тижорат институтлари экспорт қилувчи ташкилотларга кредит бера олмаган ёки кредит беришни истамаган шароитда, Ex-Im Bank экспорт операцияларини молиялаштириш ёки суғурта қилиш (кредит кафолатлари, суғурта қопламаси, тўғридан-тўғри молиялаштириш ёки айланма маблағларни кафолатлаш кўринишида) чораларини кўради. Бу алоҳида бир компания учун халқаро бозорларда савдо қилиш хавфини камайтиради ва бу билан АҚШ экспортини ривожлантиришга ёрдам беради.
Германияда 2008 йил 1 январдан бошлаб KfW IPEX-Bank Германия Федератив Республикаси ва KfW номидан ERP экспортни молиялаштириш дастурини (The ERP Export Financing Programme) бошқариб келади.
ERP экспортни молиялаштириш дастури ривожланаётган мамлакатларга Германия экспортини кредитлашни қўллаб-қувватлайди. Ушбу дастур доирасида Германиянинг ишончли банклари хорижий харидорларга ва харидор мамлакатдаги банкларга OECD томонидан белгиланган минимал фоиз ставкасида (CIRR — Commercial Interest Reference Rate) кредитлар бериши мумкин.
Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкор давлатларида (Хитой, Жанубий Корея, Туркия, Германия) экспорт кредит агентликлари ҳисобланган банклар ўз давлатларида ишлаб чиқарилган товар, асбоб-ускуна ва хизматларни Ўзбекистонга экспортини молиялаштириш учун кредитлар тақдим этиб келмоқда.
Масалан, Корея Эксимбанки мамлакатимизда фаолият олиб бораётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакилларига Кореяда ишлаб чиқарилган товар, техника-технология ва хизматларни сотиб олишни (шартнома қийматининг 85 фоизгача) молиялаштириш учун хорижий кредит линияларини таклиф этиб келмоқда. Шунингдек, Германиянинг Landesbank Baden Vurtemberg, Kommerzbank AG, AKA молия ташкилотлари, Туркия Эксимбанки, Хитойнинг Хитой давлат тараққиёт банки ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки мамлакатимизда худди шундай кредит турларини тақдим этмоқда.
Ўзбекистоннинг иккинчи энг йирик савдо ҳамкори Россия Федерациясида “Россия Экспорт Маркази” ОАЖ хомашё бўлмаган маҳсулотларни экспорт қилувчиларга кенг кўламли молиявий ва номолиявий қўллаб-қувватлаш хизматларини кўрсатувчи давлат институти ҳисобланади. Экспортга йўналтирилган компанияларга комплекс хизматларни тақдим этиш учун ресурсларни оптималлаштириш ва самарали бизнес жараёнларини яратиш мақсадида Россиянинг экспорт кредитлари ва инвестицияларни суғурталаш агентлиги ((“EXIAR” ОАЖ) ҳамда “РОСЭКСИМБАНК“ OAЖ “Россия Экспорт Маркази” гуруҳига бирлаштирилган.
2020 йилда Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини янада ошириш бўйича белгиланган муҳим чора-тадбирлар:
Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилди;
Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш бўйича ишлар жадаллаштирилди;
Ўзбекистон Республикасининг ташқи савдо ва интеграцион ҳамкорлик стратегияси ишлаб чиқилди;
Экспорт-кредит агентлигини фаолияти йўлга қўйилди;
Маҳаллий экспортёрларга автомобиль ва ҳаво транспорти харажатларининг бир қисмини давлат томонидан қоплаб бериш механизми жорий қилинди;
Жорий йилда 2 млрд. АҚШ долларилик, кейинги 5-7 йилда эса бундан 3-4 баробар кўп мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш учун маҳсулот етиштиришни кескин кўпайтириш чоралари белгиланди;
Республикадаги туманларни мева-сабзавот маҳсулотларини етиштиришга босқичма-босқич ихтисослаштириш ишлари амалга оширилди;
Чет эл карантин хизматлари билан “яшил йўллар” тизими ўрнатилиб, Европа Иттифоқи, Хитой, Корея, Япония каби давлатларга мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ҳажмини ошириш чоралари кўрилди;
Ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш концепцияси ишлаб чиқилди:
Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон билан чегара ҳудудларда махсус савдо зоналарини ташкил этиш;
Ҳиндистон, Хитой, Туркия, Япония ва бошқа давлатлар билан имтиёзли савдо тўғрисидаги битимлар имзолаш;
Корея, Мўғулистон, Туркманистон, Тожикистон ва бошқа давлатлар билан эркин савдо тўғрисидаги битимларни имзолаш бўйича музокаралар олиб борилди.
Тайёр маҳсулот экспорти ва хизматларни кенгайтириш узоқ муддатли даврда Ўзбекистон Республикаси иқтисодий ривожланишининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида экспорт ҳажми жадал суръатлар билан ўсиб бормоқда, бироқ шу қаторда, миллий экспортчилар учун бир қанча тўсиқлар ҳам пайдо бўлмоқда.
Миллий экспортчилар учун асосий тўсиқларидан бири, бу ташқи савдо операцияларини молиялаштириш ва кредитлаш, шунингдек, экспорт маҳсулотларини ишлаб чиқариш, экспортни кенгайтириш ва жаҳон бозорларида сотиш билан боғлиқ сиёсий ва бошқа хавф-хатарлардан суғурта қилишдир.
Ушбу йўналишда экспортни амалга ошириш ва кенгайтириш амалиёти бир қатор муаммолар билан чекланмоқда, жумладан, тайёр маҳсулотнинг рақобатбардошлиги, транзит салоҳиятидан тўла фойдаланмаслик, экспортни суғурталаш хизматларининг замонавий механизмлари мавжуд эмас, экспорт қилувчилар товарлар учун белгиланган ҳақни кечикишлар билан олишади, катта хавф-хатарлар, экспорт кредитлари бўйича кафолатларнинг йўқлиги, шунингдек, жаҳон амалиётида маълум бўлган экспортни молиялаштириш воситаларидан чекланган ҳолда фойдаланиш, яъни экспортни суғурталаш ва молиялаштириш кафолатларини бериш учун давлатлар ва экспортчилар ўртасида воситачи йўқ.
2020 йил 2 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев фармони билан 2020 йилги «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» давлат дастурини тасдиқлади. Давлат дастури 284 банддан иборат бўлиб, шундан 96 таси иқтисодий ривожланиш ва фаол инвестицияларни жалб этиш соҳасига бағишланган.
Ушбу муаммоларни ҳал этиш мақсадида Фармонда Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда экспортни олдиндан молиялаштиришга қаратилган Экспорт-кредит агентлигини ташкил этиш белгиланди. Ўзбекистон Президенти Парламентга мурожаатномасида қайд этганидек, Экспорт-кредит агентлигининг ташкил этилиши барқарор иқтисодий ўсишга, рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқаришни кўпайтиришга, янги халқаро бозорларни излашга, транзит салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишга, энг муҳими, экспорт ҳажмининг ошишига туртки беради.
Хорижий тажриба шуни кўрсатмоқдаки, экспортни молиялаштириш – миллий экспортчиларнинг экспорт маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уни жаҳон бозорларида сотиш билан боғлиқ барча молиявий муаммоларини имкон қадар тезроқ ҳал этиш имконини берадиган энг самарали восита ҳисобланади.
Шу билан бирга, ушбу восита хорижий харидор (импортер) учун ғоятда қулай, зеро у харидорга эркин молиявий маблағларни бозор қийматидан паст нархда тақдим этади. Бундай воситанинг мавжудлиги хорижий бозорларга киришга интилаётган, аммо етарли обрў-эътибор ва маблағга эга бўлмаган кичик бизнес корхоналари учун ғоятда муҳимдир.
Бу экспортни молиялаштириш воситалари ва механизмларини жорий этиш ва улардан фойдаланиш, масалан: кредит таъминоти, кафолатлар, факторинг ва суғурталаш, махсус ҳукумат ёки ярим давлат молия ташкилотлари орқали амалга оширилади.
Ана шундай муассасалар қаторига экспортни суғурталаш ва молиялаштириш кафолатларини бериш учун давлатлар ва экспортчилар ўртасида воситачилик вазифасини бажарувчи Экспорт-кредит агентликлари киради.
Шунингдек, Экспорт-кредит агентликлари ташқи савдо операцияларини кредитлаш, экспорт кредитлари бўйича давлат кафолатларини тақдим этиш, экспорт кредитлари ва битимларни сиёсий ва бошқа хавф-хатарлардан суғурталаш, шунингдек, ташкилий ва ахборот-таҳлилий қўллаб-қувватлашни ўз ичига олган кенг кўламли хизматларни тақдим этади.
Экспорт-кредит агентликлари хусусий ёки давлат компаниялари, шунингдек, аралаш мулк шаклида ташкил этилади. Дунёда бундай агентликлар 70 дан зиёддир. Ушбу агентликлар Бернга ва Халқаро кредит суғуртаси ассоциацияси каби халқаро уюшмаларга бирлаштирилган.
Энг машҳур давлат Экспорт-кредит агентликлари қаторига – Eximbank (АҚШ), NEXI (Япония), ECGD (Буюк Британия) кирса, хусусийлар – Euler Hermes (Германия), COFACE (Франция), Atradius (Голландия) саналади, аралаш мулк шаклида ташкил топганлар – SBCE (Бразилия), CESCE (Испания), SEK (Швеция) ва ECGE (Миср) иборатдир.
Айни пайтда Экспорт-кредит агентликлари хориждаги бизнес фаолияти учун қарийб 430 млрд. доллар атрофида молиялаштиради ёки кафолат беради. Шундан қарийб 55 млрд. АҚШ доллари ривожланаётган мамлакатлардаги лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилади. Улар, шунингдек янги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар учун 14 млрд. АҚШ доллари миқдорида суғурта билан таъминлайдилар.
Савдони молиялаштириш бозорини ривожлантириш иқтисодий ўсиш суръатларини жадаллаштириш, иш билан бандлик даражасини ошириш ва бизнесни ривожлантиришга инвестицияларни кўпайтириш учун шарт-шароитларни яратиш орқали мамлакатларнинг экспорт имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, иш ўринларининг ортиши ва янгиларини яратиш имконини беради.
Ўзбекистон экспортчиларининг ташқи молиялаштиришга бўлган эҳтиёжлари юқори даражада. Шу боис, илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва Ўзбекистон шароитига мослашиш имкониятларини кўриб чиққан ҳолда экспортни молиявий рағбатлантириш воситаларининг самарадорлигини ошириш масалалари долзарблигича қолмоқда.
Шу тариқа, Экспорт-кредит агентлигининг ташкил этилиши Ўзбекистоннинг рақобатбардошлигини ошириш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, янги халқаро бозорларни излаш, аҳоли бандлигини ошириш, янги иш ўринларини яратиш, транзит салоҳиятидан тўлақонли фойдаланиш, экспортни суғурталаш бўйича замонавий хизматларни жорий этиш орқали экспорт географиясини кенгайтиришга хизмат қилади, шунингдек экспортчилар харажатларининг бир қисмига кафиллик қилиш ҳамда компенсациялаш, хавфни камайтириш ва узоқ муддатга кредит олиш имконини беради.
Шу билан бир қаторда, Экспорт-кредит агентлиги экспорт-импорт операцияларини соддалаштиради, Ўзбекистоннинг экспорт фаолиятини кенгайтиради, бу эса, ўз навбатида, республика иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатади, шунингдек, хорижий бизнес ва инвесторларнинг миллий компанияларга бўлган ишончини оширишда муҳим рол ўйнайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |