Манба:ДавлатстатистикақўмитасимаълумотлариасосидаМарказийбанкҳисоб-китоблари. 2.1. Узбекистоннинг экспорт салохиятини оширишнинг молиявий имкониятлари. Ўзбекистонда экспортбоп товар ва хизматлар ишлаб чиқаришни молиялаштириш, хусусан, экспорт олди кредитлари бериш ҳамда экспорт фаолиятини суғурталаш мақсадида молия ва капитал бозорларини янада ривожлантириш кечиктириб бўлмайдиган вазифалардан ҳисобланади.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда экспорт қилувчи компанияларнинг экспорт фаолиятларини молиялаштиришнинг ягона манбаи банк кредитлари бўлиб қолмоқда. Тижорат банклари томонидан савдо кредитлари билан бир қаторда айланма маблағларини тўлдириш (хомашё ва материаллар, бутловчи қисмлар ва экспорт фаолияти билан боғлиқ шу каби харидларни молиялаштириш) учун қисқа ва узоқ муддатли кредитлар ва кредит линиялари таклиф этилмоқда.
Молиявий тўсиқларнинг мамлакатимиз экспорт салоҳиятига таъсирини юмшатиш мақсадида халқаро молия ташкилотларидан молиявий маблағлар жалб қилинмоқда. Хусусан, 2019 йилнинг сўнгги чорагида пахта хом ашёсини етиштириш харажатларини ва якуний ҳисоб-китобларни молиялаштириш учун Савдони молиялаштириш халқаро ислом корпорациясининг 100 млн. АҚШ долларигача миқдордаги кредитлари жалб қилинди.[1]
Шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Савдога кўмаклашиш дастури доирасида 20 млн. АҚШ доллари қийматидаги кредит линияси орқали Ўзбекистондаги экспортёр ва импортёрлар қўллаб-қувватланмоқда. Халқ банки томонидан Ўзбекистонда савдо ҳажмини кенгайтириш ҳамда молиялаштириш мақсадида Польшанинг “Gospodarstwa Krajowego банки”дан 20 миллион евро миқдорида ва Ўзбекистон-Россия қўшма банки “Aziya-Invest Bank” акциядорлик тижорат банкидан 4 млн. АҚШ доллари миқдорида кредит олинди.
Шундай бўлсада, тижорат банкларида савдо кредитлари бўйича фоиз ставкалари ва гаров таъминоти миқдорининг юқорилиги ҳамда кредит шартларининг мураккаблиги сабабли кўплаб экспорт қилувчи корхона ва ташкилотлар учун экспорт фаолиятларини молиялаштиришда қийинчиликлар сақланиб қолмоқда.
Мазкур омилларни ҳисобга олиб жорий йилда мамлакатимизда экспортёрларга кафиллик берадиган ва экспорт фаолияти билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплайдиган – Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда экспортни олдиндан молиялаштириш вазифаларини бажарувчи – Экспорт-кредит агентлиги ташкил этилади. Яъни, мамлакатимизда экспортёрлар учун банк кредитларидан ташқари экспортни молиялаштиришнинг янги имкониятлари пайдо бўлади. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, 2020 йил бошида экспортни суғурта билан қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс хизматлар кўрсатиш мақсадида “Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компаниясининг фаолияти янада такомиллаштирилди. 2019 йилда тижорат банкларининг кредитлари, шу жумладан экспорт олди кредитлари бўйича давлат томонидан кафиллик бериш амалиёти йўлга қўйилди.
Янги ташкил этиладиган Экспорт-кредит агентлиги томонидан амалга ошириладиган молиялаштириш турларидан бири – экспорт қилинадиган товар ва хизматлар ишлаб чиқаришни тўғридан-тўғри молиялаштириш (экспортёрларга экспорт олди кредитлар бериш) бўлади. Мазкур агентлик томонидан экспортни олдиндан молиялаштириш жараёни қуйидагича амалга оширилади:
Экспортёр халқаро бозорда бизнес режаларини амалга ошириш, шу жумладан ишлаб чиқариш техника-технологиялари ва асбоб-ускуналарини сотиб олиш, айланма маблағларини тўлдириш, чет элларда филиаллар очиш ёки уларни кенгайтириш учун экспорт олди кредитлари олиш бўйича шартнома тузади; экспортёрга “Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компанияси ва (ёки) Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан кафиллик берилади;
Экспорт-кредит агентлиги тўғридан-тўғри кредитлаш экспорт қилувчи ташкилот учун тўғри танлов эканлигига ишонч ҳосил қилгандан сўнг экспорт олди кредитлари ажратади;
олинган кредитлар экспортёрга кўпроқ экспорт шартномаларини қабул қилиш ва ишлаб чиқариш харажатларини қоплаш имконини беради ва ушбу босқичда, товар ва хизматлар харидорларга етказиб берилади;
Экспорт-кредит агентлиги тақдим этилган қарз ва улар бўйича фоиз тўловларини йиғиб олгандан сўнг, қолган маблағларни экспортёр компанияга ўтказади.
Шунингдек, Экспорт-кредит агентлиги Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотиб олишни хоҳловчи халқаро компанияларга кредитлар бериш орқали экспортёрларни билвосита қўллаб-қувватлайди. Бундай вазиятда,
Экспорт-кредит агентлиги хорижий банклар ва бошқа молия ташкилотлари билан ҳамкорликда иш олиб боради. Дастлабки босқичда экспортёр экспорт шартномасини ва хорижий мижоз тўғрисида кредит маълумотларини тақдим этади ва Экспорт-кредит агентлиги маълумотларни кўриб чиқади ва тасдиқлайди;
Экспортёрга тўлов одатда Экспорт-кредит агентлиги харидор томонидан тасдиқланган ҳисоб-фактурани олгандан сўнг амалга оширилади ва агентлик харидордан тўловларни йиғиш ва қарзни бошқариш учун жавобгар бўлади.
Бундан ташқари, экспорт қилувчи компаниялар тижорат банкларидан экспорт олди кредитлар олишлари мумкин. Бунда, мазкур кредитлар ва экспорт жараёнлари “Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компанияси ёки Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан суғурталанади. Шунингдек, Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси экспортни молиялаштириш, шу жумладан ташиш харажатларининг маълум бир қисми қоплаши мумкин.
Жаҳон савдо ташкилотининг (ЖСТ) сўровига кўра, экспорт молиялаштиришнинг етишмаслиги савдони ривожлантиришдаги энг катта тўсиқлардан бири сифатида қайд этилди (WTO (2019)). Айниқса, кичик ва ўрта бизнес вакиллари молиявий маблағларни олишда кўплаб қийинчиликларга дуч келишлари ўз исботини топди. Савдони молиялаштириш бўйича рад этилган аризаларнинг 75 фоизи мазкур корхоналарга тегишлидир.
Савдони молиялаштириш механизмлари яхши ишлайдиган давлатларда ишлаб чиқарувчи корхоналар тобора кенгайиб бораётган глобал қиймат занжирига (Global Value Chain (GVC)) қўшилиш имконига эга бўлади ҳамда бандлик ва меҳнат унумдорлигини оширишга ҳисса қўшади.
Аксинча, экспортни олдиндан молиялаштириш, айланма маблағларни тўлдириш имкониятларининг мавжуд эмаслиги сабабли экспортёрлар ишлаб чиқариш учун энг юқори мавсумда ёки кутилмаганда буюртма келиб тушганда ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун етарли пул оқими йўқлигидан хавотирланади.
Савдо кредитлари олишдаги қийинчиликлар туфайли нарх ва сифат жиҳатидан рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариб экспорт қила оладиган кичик фирмалар фақат ички бозорда савдо қилишга мажбур бўлади ва рақобатдош импортга нисбатан “ҳимоясиз” бўлиб қолади.
Одатда экспорт қилувчиларнинг экспорт фаолиятларини молиялаштиришда қийинчиликларга учраши молия ва капитал бозорининг етарлича ривожланмаганлиги, ушбу бозорларда рақобатнинг номукаммаллиги ва маълумотларнинг тенг тақсимланмаганлиги боис бозор муваффақиятсизлиги (market failure) билан изоҳланади. Бундай бозор муваффақиятсизликлари давлат томонидан молия ва капитал бозорига оқилоналик билан аралашувга асос бўлади.
Шунинг учун экспортга асосланган иқтисодий ривожланиш йўлидан борган мамлакатлар экспорт қилувчи корхона ва ташкилотларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида экспорт кредит ва суғурта агентликларини ташкил этишган. Ушбу мамлакатларда давлат аралашуви ишлаб чиқариш омиллари нархларини ўзгартириб, ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтирган ҳамда иқтисодиётнинг оптимал ишлаб чиқариш даражасигача кўтарилишига хизмат қилган.