2-мавзу. ИҚТИСОДИЙ ХАВФСИЗЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ МЕХАНИЗМИ
Режа
1.Иқтисодий хавфсизликни таъминлаш мақсади ва унинг институционал шароитларининг яратилиши
2.Иқтисодий хавфсизликни таъминлашда давлатнинг тартибга солувчилик вазифалари
3. Ўзбекистонда иқтисодий хавфсизликни таъминлашнинг устувор йўналишлари
Хавфсизликни, шу жумладан, иқтисодий хавфсизликни таъминлаш давлат сиёсатининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Бунинг учун, авваламбор, унинг сиёсий ташкилий ва ҳуқуқий асослари яратилади. Ушбу мақсадда концепция ишлаб чиқилади. Уни ишлаб чиқиш эса иқтисодиёт ҳолатини объектив баҳолаш ҳамда унинг ривожланиш тамойили ва тенденцияларини прогноз қилишга асосланади. Бунинг учун иқтисодий хавфсизликни белгиловчи вазият ва холатлардаги сабаб-оқибатлари аниқланади. Шунингдек, иқтисодий хавфсизликни сақлаш ва мустаҳкамлашга масъул, жавобгар давлат органлари, ташкилот ва муассасалар белгиланади.
Иқтисодий хавфсизлик концепцияси ўз ичига қуйидагиларни олади:
хавфсизликни таъминлашнинг мақсад ва вазифалари;
уларни амалга ошириш йўллари ва усуллари;
олий ҳокимият ва маҳаллий ҳокимият органлари, иқтисодиёт тармоқлари бошқарув тизимлари, ҳуқуқ-тартибот, миллий хавфсизлик органларининг умумдавлат, худудий даражадаги иқтисодий хавфсизликни таъминлаш бўйича вазифалари;
мавжуд ва потенциал хавфсизликка таҳдидларни таҳлил қилиш;
давлатнинг хавфсизликни таъминлашдаги имкониятлари, иқтисодий ресурслар, восита ва кучлардан рационал фойдаланиши назарда тутилади;
иқтисодий таҳдидларни бартараф этиш, уларнинг олдини олиш ва салбий таъсирини юмшатиш йўллари, восита ва усуллари.
Иқтисодий адабиётларда давлат иқтисодий стратегиясининг уч жиҳати ва таркибий қисмлари ажратиб кўрсатилган:
Иқтисодий хавфсизлик ва мамлакат ҳаёт фаолияти муҳим соҳаларининг ҳимоясини таъминлайдиган миллий, давлат манфаатларини аниқлаш.
Шахс, жамият ва давлатнинг муҳим ҳаётий манфаатларига зиён келтирадиган иқтисодий хавфсизликка таҳдидлар ва хавф-хатарларни тавсифлаш. Бунда қисқа, ўрта ва узоқ муддатли даврларда давлат ва ижтимоий-иқтисодий тизим барқарорлигига зарарли, салбий таъсир кўрсатувчи омиллар ва шароитлар аниқланади.
Иқтисодий хавфсизликнинг турли таҳдидлар, хавф-хатарлардан барқарор ҳимояланишини таъминлашга қаратилган иқтисодий сиёсатни шакллантириш, институционал ўзгаришларни амалга ошириш бўйича таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқиш.1 Ушбу стратегияда иқтисодий хавфсизлик талабларига жавоб берадиган иқтисодиётнинг мезон ва параметрлари ҳам аниқланади1. Иқтисодий манфаатлар ва хавфсизликка бўлган таҳдидларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш ҳамда юмшатишнинг устувор мақсадларига қуйидагилар киради:
аҳолининг барча ижтимоий гуруҳлари ва табақалари турмуш даражасини ошириш орқали жамият барча аъзоларининг бирдамлигига эришиш;
миллий иқтисодиётга хусусий инвестицияларни киритишни рағбатлантириш, инвестицион жараёнларни фаоллаштириш;
қатъий солиқ, пул-кредит сиёсатини юритиш, миллий валюта қадрини ошириш ва мустаҳкамлаш;
ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш ва самарали божхона назорат тизимини шакллантириш;
мамлакат фани ва интеллектуал салоҳияти ривожланишини қўллаб-қувватлаш;
мамлакат ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, улар ўртасидаги ўзаро алоқадорликни кучайтириш орқали ички иқтисодий маконни мустаҳкамлаш;
хўжалик субъектларининг халқаро бозорларга чиқишдаги мустақиллиги ва эркинлигини таъминлаш.
Do'stlaringiz bilan baham: |